Линклар

Ўзбекистонда 13 январь куни кучга кирган икки қарорнинг биринчисига биноан илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари илмий ходимлари ва раҳбарларининг маошлари оширилди.

Иккинчи қарор ҳам иш ҳақига оиддир. Унга биноан олий ўқув юртлари, коллежлар, лицейлар, илмий-тадқиқот муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари, ўқув курслари ҳамда умумтаълим мактабларининг педагогик кадрларига тўланадиган соатбай ҳақ миқдори 5% га оширилди.


Фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг илмий-техник дастурларини ҳамда инновацион илмий ишларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширишда иштирок этадиган илмий тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимлари маошлари (окладлари) база ҳажми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 13 январь куни кучга кирган қўшма қарори билан ўзгартирилди.

Бу ҳақда хабар қилган Норма.уз сайтига кўра, тилга олинган қарор мамлакат Президентининг 2013 йил, 2 декабрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипентиялар ва ижтимоий нафақалар ҳажмини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси 2009 йил, 18 августда қабул қилган “Илмий ходимлар меҳнатини рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорни бажариш асносида қабул қилинган.

Илмий тадқиқот муассасалари ва таълим муассасаларига илмий ва раҳбар ходимлар иш ҳақларини 2013 йилнинг 15 декабридан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилиш топширилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги институт директорининг бир ойлик маоши(оклади), агар у профессор бўлса, 1 414 838 сўм ($508) дан 1 485 580 ($534) сўмга етказилади. (Долларга бозор курси бўйича ўгирдик)
Кичик илмий ходими (фан номзоди) нинг маоши 997 341 сўмдан 1 047 208 сўмга, стажер тадқиқотчининг маоши 787 260 сўмдан 826 623 сўмга етказилади.


Яна бир янгилик ўқитувчиларга тўланадиган соатбай ҳаққа оид.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг қарори билан ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг янги миқдорлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Президентининг 2013 йил, 2 декабрдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорларини ошириш тўғрисида»ги фармонига биноан олий ўқув юртлари, коллежлар, лицейлар, илмий-тадқиқот муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари, ўқув курслари ҳамда умумтаълим мактабларининг педагогик кадрларига тўланадиган соатбай ҳақ миқдори 5% га оширилди.

Ҳужжат 2014 йил 13 январдан кучга киради.

Масалан, умумтаълим мактабида соатбай ишлайдиган олий тоифали ўқитувчига 13 январгача соатига 7554 сўм 40 тийин тўланган эди. 13 январдан бошлаб 7932 сўм 10 тийин тўланади.

Шунингдек, Фанлар Академияси академиклари учун соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари 15% оширилди.

Гап нима ҳақда кетаётганини тушунишга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмий сайтида шу мавзуга оид ўтган йили эълон қилинган хабардаги мана бу жумла ёрдам беради: “таълим муассаларида соатбай ҳақ тўлаш фақатгина штатда бўлмаган ўқитувчилар таркиби томонидан ўқув машғулотлари ва предметларини ўтаганлик учун кўзда тутилади”.

Мавзуга оид олдинги хабарларни ўрганар эканмиз, ўқитувчиларга соатбай ҳақ тўлаш 2012 йили 15 фоизга, 2013 йили 10 фоизга оширилганига гувоҳ бўлдик.

Бу йил эса 5 фоизгагина оширилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG