Линклар

Петербургда қамчи кўтарган казак таксичилари пайдо бўлади


Russia -- Moscow yellow taxi, 11Oct2012

Russia -- Moscow yellow taxi, 11Oct2012

Яқин кунларда Санкт-Петербургда илк “Православ казаклар таксиси” ишга тушади. Питер казаклари атаманлари шу тариқа шаҳарда кўпайиб кетган осиёлик ноқонуний таксичилар билан курашмоқчи. Мутахассислар ва Петербургда киракашлик қилиб юрган муҳожирлар бундай усуллар билан ноқонуний таксичиликни йўқотишнинг иложи йўқ, демоқда.


Санкт-Петербург казаклари ноқонуний таксичилик билан кун кечираётган муҳожирларга қарши курашнинг янги усулини кашф этганини айтмоқда.

Ғоя ташаббусчиси - “Ирбис” Православ казаклар иттифоқи шаҳарда солиқ тўламасдан ноқонуний киракашлик билан шуғулланаётган марказий осиёлик, айниқса ўзбекистонлик, муҳожирлардан иш ўринларини тортиб олиш учун ўзларининг “казак таксиси”ни ташкил этди.

Аввалига Петербург казаклари шаҳарнинг яшаш учун мўлжалланган мавзеларида, кейинчалик бутун шаҳарга ёйишни режалаштирмоқда.

Санкт-Петербург шаҳар атамани, жамият раҳбари Андрей Поляков Озодлик билан суҳбатда “Ирбис”нинг 700 аъзосидан 200 нафари ҳарбий нафақахўр экани, улар ёш бўлиши ва ҳозирча ҳарбийликдан бошқа ҳунари йўқлигини гапирди.

Иш билан таъминлаш ва мигрантларни такси бозоридан сиқиб чиқаришдан ташқари, казаклар атамани Андрей Поляков сифатли, хавфсиз ва арзон хизматни йўлга қўйишни мақсад қилганини айтди:

- Метро атрофидаги нолегаллар кир машиналари, рус бўлмаган тилда сўзлашишларию рус маданиятига хос бўлмаган номақбул юриш-туришлари билан фуқароларимизни жиғига тегяпти. Қолаверса, тадбиримиздан яна бир фойда – одамлар иш билан таъминланади, шаҳар бюджети эса қўшимча даромад олади. Ҳозирча машиналаримиз атиги 25 дона – бу кам. Лекин биз ҳар бир метро олдида махсус жойга эга бўламиз, кейинчалик диспетчерлик марказини очамиз, деди Петербург атамани Андрей Поляков.

Шу билан бирга, казаклар атамани бу такси фақат насронийлар учун эмаслиги, агарда бирор мусулмон улар таксисини кира қилса, уни истаган жойига елтиб қўйишади ва раҳмат ҳам айтишади, деди.

- Ахир биз ғайридинларга қарши эмасмиз, биз шунчаки руслар тарафидамиз. Нима учун диндор мусулмонни элтиб қўймас эканмиз?! Биз халқлар дўстлиги учун! Казаклар асрлар давомида Кавказ халқлари билан дўстлик-биродарлик руҳида тинч-тотув яшаб келган, деди Санкт-Петербург шаҳар атамани, эндиликда православ казак таксичилари раҳбари Андрей Поляков.

Рус черкови вакили руҳоний Владимир Коваль-Зайцев бундай такси хизматига қарши эмаслигини билдирган бўлсада, бу ташаббусга шубҳа билан қарашини айтди.

“Православ такси” иборасида нима учун “православ” сўзи ишлатилаётганини аввалига англаб олиш зарур, деб ҳисобламоқда руҳоний.

- Бу таксини художўй насроний бошқараётган бўлса – Худога шукур! У яхши, босиқ, ўз ғоя-фикрларини бошқаларга зўрлаб ўтказиш ниятида бўлмаган ва ишини яхши бажарадиган одам бўлса – нур устига нур! Лекин, шахсан мен бундай қилмаган бўлардим: хайрли иш қилиш учун шов-шув кўтаришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, бу ташаббус юридик зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин. Яъни ҳайдовчиликка диний ва миллий мансублиги асосида танлов боради, бу эса қонунга зид, дея ўз муносабатини билдирди Православ черкови руҳонийси.

Петербургда казакларининг православ таксиси тузилишига қатъий норозилигини Санкт-Петербург Қонун чиқарувчи мажлис аъзоси Борис Вишневский ҳам билдирди. У киракашликда одамларнинг қайси динга мансублиги энг охирги масала бўлиб қолиши керак, деган фикрда.

- Агарда бу таксилар бошқаларга нисбатан сифатлироқ ишласа, демак улардан фойдаланишади, сифатсиз бўлса – демак йўқ! Бозор ўзи белгилаб олсин! Шаҳарда бу соҳада таклиф жуда катта, рақобат кучли – биргина номи билан бозорни эгаллаш ниятида бўлса қаттиқ адашяпти, деди депутат Вишневский.

Петербургда таксичилик қилиб юрган Дилшодбек эса казакларнинг бу ташаббуси такси бозоридаги вазиятни мутлақо ўзгартира олмаслиги айтади.

У Озодликка мавжуд шароитларда Россиянинг йирик шаҳарларида ноқонуний таксичиларни йўқотишнинг иложи йўқлигини бундай тушунтиради:

- Бу ерда шунақа ажиотаж қилиняптики, мигрантлар бизларни жойимизни олиб қўйишяпти, деб. Бизнинг боллар ҳақиқатан кўпи регистрация қилинмаган, лицензияси йўқ. Шуларни йўқотишга ҳаракат қилмоқчи. Ахир бу чанг-ғуборсиз, осон, ҳар куни нақд пул тушиб турадиган иш. Бу ташаббус билан улар мигрантларни сиқиб чиқара олмайди, чунки местний эркаклар жуда эркатой. Бошлиқлар ҳам кўпроқ бизнинг болларга ставка қилади, чунки ишни йўқотишдан қўрқади, тарбияси бор, оиласи бор, деди таксичи Дилшодбек.

У билан қурилган суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG