Линклар

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда Озодбек Назарбековнинг шу йил баҳорда беражак концерти хусусида ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook тармоғида қизиб бораётган баҳслардан илҳомланган блоггердан бири Озодликка битикларини йўллади.


Озодбек Назарбеков баҳорда концерт бераркан, деган хабар тарқалди-ю, ижтимоий тармоқлар, хусусан, “Facebook” қирққулоқли қозондек биқирлаб қайнаб кетди! Мухлисларнинг кўнгли тўлиб турган экан. Баҳсу мунозара авжига чиқди денг!

Сал тушунтириброқ гапиринг, даҳанаки тортишувга нима сабаб бўлди ўзи, дейсизми? Э, ўлманг!

Гап шундаки, хонанда 6-23 апрел кунлари Тошкентдаги муҳташам “Истиқлол” санъат саройида ўтадиган концертида бармоқ билан санарли қўшиқларнигина жонли айтаркан. Дастурнинг асосий қисми эса паққос фонограммадан иборат экан.

Асл шинавандаларни норози қилган жиҳат шу. Ўзбекистон халқ артисти деган унвонга эга донгдор санъаткор нега жонли концерт бермайди, дея жиғибийрон бўлмоқда аксар мухлислар. Ғилдираги ёғланмаган ароба шовқинидан фарқсиз бадҳазм нағмалардан зада бўлган санъатсеварлар кўзбўямачиликни бас қилишни талаб этмоқда.

Алҳосил, санъатсеварлар икки гуруҳга бўлиниб қолган. Бир тоифа Озодбек Назарбеков бошқа отарчилардек фонограммага ёпишиб олганидан, пул топишга берилиб кетганидан хуноб. Иккинчи тоифа эса Озодбек жонли айтадими, фонограммадами, ишқилиб, мухлисларни хушнуд этаётганидан мамнун.

Гапираманг десак, гап кўп. Келинг, яхшиси, эътиборингизга ўша мунозаралардан бир парча ҳавола этайлик. Ижтимоий тармоқлардаги битиклар мактаб ўқувчисининг диктантидан фарқ қилади ва уларда имловий-услубий хатолар бўлиши табиий. Биз эса изоҳу муносабатлардаги ана шундай қусурларни андак “андаваладик”.

Назарбековни танқид қилганларни шартли равишда “мухолиф”, унинг ёнини олганларни эса “мухлис” деб атадик.

Мухолиф: Озодбек Назарбековга қойил! Халқ артисти бўла туриб концерт афишасига фонограммада ижро этилади, деб ёзишга уялмаганини қаранг!

Мухлис: Ҳаммаси фонограмма эмас, орасида жонлиси ҳам бор. 18 кун тўлалигича жонли айтиш имконсиз. Шундоқ ҳам 8 та қўшиқ жонли айтилади.

Мухолиф: Нега имконсиз бўларкан?! Ана, Юлдуз Усмонова йигирма кунлаб фақат жонли ижрода концерт берарди. Ўлмаган Юлдузнинг жони экан-да! Халқ артистини “8 та қўшиқни жонли ижро этади-ку” деб оқлаш кулгили эмасми?!

Мухлис: Озодбек Самарқандда берган жонли концертни кўришни маслаҳат бераман сизга.

Мухолиф: Ўша жонли концертни бевосита кўрган бўлсам-чи! Мусиқани яхши тушунганингизда, бу концертни кўришни маслаҳат бермаган бўлардингиз.

Мухлис: Озодбек Назарбеков барибир Самарқанднинг Регистонида тўлиқ жонли ижрода концерт бера олишини исботлаб қўйди. Қолаверса, “Истиқлол” санъат саройида аппаратуралар бошқача, имкониятга ҳам қараш керак. Жонли ижродаги концертларда микрофон ўчиб қолиши, аппаратура ишламаслиги одатий ҳолга айланган.

Мухолиф: Фонограммани аппаратуралар ишламаслиги билан хаспўшлаш тўғримикан?! Бу гап негадир менга арпа уни ҳақидаги машҳур нақлни ёдга солди. Катта ҳофизлар микрофонсиз, аппаратураларсиз ҳам жонли ижро этган-ку! Узоққа бормайлик, ўтган йили Жаҳонгир Отажонов ўша сиз айтган “аппаратуралари ишламайдиган” “Истиқлол” саройида тўлалигича жонли концерт берди¬-ку!

Мухлис: Ўзбекистонни билмадим-у, лекин Тожикистонда Озодбекнинг авторитети бор. Фонограммада айтсаям, ҳартугул, овози ўзиники-ку.

Мухолиф: Худо бу хонандага “ёрворадиган” талант бермаган. Консерваторияни 3 марталаб ўқиб тугатсаям, жонли айтолмайди. Лекин тан олиш керак, ҳофизнинг одамгарчилиги жойида.

Мухлис: Ҳақиқий санъаткор эканлигини исботлаб қўйган. Шунча кун концерт берсаям чипта топа олмаганлар қанча?! Ҳатто фалон пулга бўлсаям, чиптани қўлдан олиб кирадиган мухлислар сонмингта! Ҳозирги кунда Ўзбекистонни биринчи рақамли санъаткори шу хонанда!

Мухолиф: Озодбек Назарбеков менинг дўстим, лекин ҳақиқат ундан устун. Жонли овозда юраги бақувват ҳофизларгина куйлай олади. Фонограммада “куйловчи” юлдузларимизнинг ўз қўшиқларининг матнини ёддан билишига ҳам ишонгим келмайди. Демак, бу кўришга арзимайдиган томоша. Ҳар ким кучи етган ишга уннасин, кучи етмаганига чиранмоқ чикора?!

Мухлис: Аллоҳ азиз қилганни бандаси хор қилолмайди. Бу гапда ҳикмат кўп.

Мухолиф: Оғабек Собиров ҳам 2 йил кетма-кет 10 кундан 100 % жонли концерт берди. Ҳатто “Истиқлол” санъат саройида бир-икки жуфт ашулани микрофонсиз тор ва доира жўрлигида ижро этди, залнинг энг орқа ўриндиғидагилар ҳам жуда яхши эшитди унинг овозини. Озодбек Назарбеков, майли, 20 кунмас, атиги 5 кун жонли куйласин!

Мухлис: Энг камида 400 хўжаликни боқишнинг ўзи бўладими? Назарбековнинг ёнидагиларнинг аксарияти шу инсон орқали ризқ топишади.

Мухолиф: Озодбек Назарбеков Эверест чўққисига чиққан эди... Энди бўлса, қулаяпти, афсуски, буни у учиш деб ҳисоблаяпти. Халқ артистига қаердаги бир шеърбузарларнинг матнларидан фойдаланиш ярашмаяпти... Кузатамиз: 18 кунлик концерт давомида Юраклилар – Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи ижодидан бир қаторгина бўлса-да, куйлашига умид қилиб қоламиз...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG