Линклар

logo-print

Россия ТАВ: Сэттер Россияга киритилмаётган 500 минг чет элликдан биридир


Америкалик журналист, ёзувчи Дэвид Сэттер.

Америкалик журналист, ёзувчи Дэвид Сэттер.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги америкалик журналист ва ёзувчи Дэвид Сэттер мамлакатга кириш тартибини "қўпол равишда бузган"и ҳақида баёнот тарқатди.

Бу баёнотни шарҳлаган Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич Сэттер мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум 500 минг муҳожирдан бири эканини айтди.

- Россия Федерациясига кириш ва чиқиш тартиби тўғрисида Россия Федерал қонунининг 27-моддаси, 2-бандига мувофиқ Миграция хизмати Дэвид Сэттерни чиқариб юборилган кунидан бошлаб, мамлакатга кириш ҳуқуқидан 5 йилга маҳрум қилди. Бу биринчи ва ягона ҳолат эмас – ҳозир Россия Федерал миграция хизмати 500 минг чет элликни Россияга кириш ҳуқуқидан 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга маҳрум қилган, - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Шу тариқа, 2013 йилнинг сентябрь ойидан буён Москвада яшаб, ишлаб келаётган Озод Европа/Озодлик радиоси шарҳловчиси, журналист ва ёзувчи Дэвид Сэттерга Россияга қайтиш учун виза берилмади.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Сэттер Россия ҳудудида рухсат берилганидан ортиқ муддат ноқонуний яшаган.

Бироқ, ёзувчига декабр ойида берилган расмий маълумотномада унга яна виза берилиши маълум қилинган ва Ташқи ишлар вазирлигидан йўлланган билдиришнома рақами ҳам тақдим қилинган эди.

Сал кейинроқ журналист Россиянинг Киевдаги элчихонаси расмийлари унинг Россияда бўлишини "хоҳлашмаётгани"га ишорат беришганини айтган эди.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Кевин Клоуз душанба куни тарқатган баёнотида бу вазиятдан АҚШ нинг Москвадаги элчихонаси хабардор қилингани ва расмий дипломатик норозилик билдирилгани айтилди.
XS
SM
MD
LG