Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:40

Ўш мэрлигига сайлана олмаган Мелис Мирзақматов курашни давом эттирмоқчи


Мэлис Мирзақматов сайловдан кейин Ўш марказий майдонида ўз тарафдорлари томонидан ўтказилган митингда сўзламоқда.
Мэлис Мирзақматов сайловдан кейин Ўш марказий майдонида ўз тарафдорлари томонидан ўтказилган митингда сўзламоқда.

Ўш шаҳар кенгашида соат 12 ларда эълон қилинган натижаларга кўра, яширин овоз бериш жараёнида 19 депутат Мелис Мирзақматов, 25 депутат Айтмамат Қадирбаевни қўллаган. 1 бюллетен эса яроқсиз, деб топилган. Шундай қилиб, Ўш шаҳар кенгаши депутатлари кўпчилик овоз билан Айтмамат Қадирбаевни мэрликка сайладилар.


15 январь куни Ўш шаҳар марказий майдонида мэрликка номзод Мелис Мирзақматовнинг бир неча минг тарафдори митинг ўтказди, митингчилар орасида 80 га яқин отлиқ ҳам бор эди.

Мирзақматов ҳокимликка сайланмай қолганидан кейин митингда сўзга чиққанлар Ўш шаҳар кенгашида ўтказилган мэр сайлови адолатсиз ўтганини иддао қилишди.

Мирзақматовни қўллаб ўтказилган митингда Қирғизистон собиқ омбудсмени Турсунбек Ақун нутқ сўзламоқда.
Мирзақматовни қўллаб ўтказилган митингда Қирғизистон собиқ омбудсмени Турсунбек Ақун нутқ сўзламоқда.


Митинг айрим иштирокчилари ҳокимият биноси ичида бўлиб ўтган воқеалардан ҳам хабардор эканларини айтишди:

- Шаҳар кенгаши депутатлари, халқ сизларни кутиб турибди. “СДПК партияси депутатлари қора кўйлак кийиб, ёқасига махсус камера ўрнатиб олган, галочка қўйганимиз кўринсин, деб”, деган маълумотлар келаяпти. Ҳурматли ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари, комиссия раиси Ирисбек ака, агар сайлов бундай ноқонуний йўллар билан бузилса, сизлар жавобгар бўласизлар, деди митинг иштирокчиларидан бири.

Митинг чоғида бир неча бор Ўш шаҳар ҳокимияти биносини босиб олиш даъвати янгради, бинога қарата тошлар отилди. Бу пайтда ҳокимият биносини милиция ва хавфсизлик кучлари қўриқлаб турарди.

Митингчилар тошбўрон қилган пайтда мэрия эшиги олдидаги милиция ходимлари қалқонларини бошларига соябон қилиб, ўзларини ҳимоя қилдилар.
Митингчилар тошбўрон қилган пайтда мэрия эшиги олдидаги милиция ходимлари қалқонларини бошларига соябон қилиб, ўзларини ҳимоя қилдилар.


Бу орада митингчилар олдида сўзга чиққан Мэлис Мирзақматов ўз тарафдорларини сабрли бўлишга чақирди.

- Кураш энди бошланаяпти. Бугун оддий халқнинг ҳуқуқи поймол қилинаяпти, қирғизнинг ҳуқуқи поймол қилинаяпти, Қирғизистонда яшаган барча миллатлар ҳуқуқи бузилаяпти. Биз фақат мэрияни босиб оламиз, деб йиғилмадик. Биз ҳақиқат учун, Қирғизистонда ҳақиқат ўрнатиш учун йиғилдик. Ташиевга ўхшаб мени провокацияга мажбур қилманглар, Келдибековга ўхшаб қолмай. Кимда-ким мени ҳурмат қилса, анави милиция, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам бизнинг туғишганларимиз, уларга тош отманглар. Уларни сўкманглар, улар ҳарбий, улар ўз вазифасини бажараяпти. Балиқ бошидан сасиган. “Ичкарига кирамиз” дейсизлар, депутатларнинг бари орқа эшикдан қочиб кетишди. У ерда ҳеч ким йуқ, киришдан фойда чиқмайди, деди Мелис Мирзақматов.

Мирзақматов тарафдорлари митинги чоғида норозилардан бири Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг суратини намойишкорона ёқиб юборди.
Мирзақматов тарафдорлари митинги чоғида норозилардан бири Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг суратини намойишкорона ёқиб юборди.


Бу нутқдан кўп ўтмай митинг иштирокчилари тарқала бошлади. Маҳаллий вақт билан соат 3 ларга бориб эса Ўш марказий майдони қарийб бўшаб қолди.

15 январь куни ҳокимликка сайланмай қолган Мелис Мирзақматов 2010 йилги Ўш қирғини пайтида ҳам шаҳар мэри лавозимида ишлаган. Қирғизистон ҳукумати уч йил давомида уни лавозимидан бўшатишга бир неча маротаба уринган, лекин бу уринишлар натижа бермаган эди.

Ўтган йилнинг 5 декабрида Мелис Мирзақматов Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинган.

Ўш шаҳар мэрини 45 депутатдан иборат Ўш шаҳар кенгаши сайлади. Мэрликка сайланиш учун номзодлар камида 23 депутат овозини олиши шарт эди. Ўш шаҳар мэрлиги учун Мелис Мирзақматов ва Айтмамат Қадирбаев номзоди кўрсатилган.

Мэрликка сайланган Қадирбаев 25 нафар депутат, шу жумладан Мэлис Мирзақматов бошчилигидаги “Улуттар биримдиги” партиясидан бўлган бир неча депутатнинг ҳам қўлловига эга бўлди.

Ўшда мэр сайлови муносабати билан маҳаллий милиция кучайтирилган тартибда ишлашга ўтган. Сайлов олдидан Ўш милицияси вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган эҳтимолий уринишларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга тайёр эканини билдирганди.
XS
SM
MD
LG