Линклар

logo-print

Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский партия аъзоларининг жинсий ҳаётига дахлдор меъёрлар жорий этилишини маълум қилди. Жириновский партиядошларидан жинсий алоқа билан бир чоракда бир мартадан ортиқ шуғулланмасликни талаб қилмоқда. Аммо ўзбекистонлик сиёсатчилар бундай фикрга қўшилмайди.


Ўзбекистонда расман қайддан ўтган партиялар вакиллари Озодлик мухбири билан норасмий суҳбатда Жириновскийнинг фикрига қўшилмасликлари ва фаол жинсий алоқа тарафдори эканлигини билдиришди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Намангандаги фаолларидан бири исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка гапирган чоғида партия аъзоларининг жинсий ҳаётига дахлдор белгиланган меъёрлар жорий этилишини "кулгили", деб атади.

ЎзССР Коммунистик партиясининг вориси бўлган Халқ демократик партияси аъзосининг айтишича, ўзбек жамиятида сиëсий активликдан кўра сексуал фаоллик қадрият ўлароқ кўрилади. Айни суҳбатдош жинсий алоқанинг оила ичида бўлиши лозимлигини таъкидлаб, ўз партияси аъзоларининг “чапани” ишларини маъқулламаслигини ҳам писанда қилди.

Ўзбекистон Миллий тикланиш партиясининг ўзини Баҳодир деб таништирган фаоли ҳар бир ўзбек ўзидан кўпайиши лозимлигини урғулади. Миллий тикланиш фаолининг айтишича, ўзбекнинг ўзидан кўпайиши кундалик жинсий алоқани тақозо қилади:

- Бу биологик жараëн. Ҳар ким қувватига қараб, аҳли аëли билан иложи бўлса, ҳар куни қўшилса, савоб олади. Бу нарса ҳадисларда ҳам бор. Ҳадисларда ўз шаръий аëли билан қўшилиш эҳсонга тенглаштирилган. Энди эҳсон қанча кўп қилинса, савоби ҳам шунча кўп бўлади, бола-чақа кўпаяди. Эсимда, қайсидир мажлисда президентимиз бир вазирни койиб ташлади. Бу вазир: "Оилани режалаштирамиз" деган таклиф билан чиққан эди. Бизга оилани режалаштириш керак эмас. "Ўнта бўлса, ўрни бошқа" деган гапимиз бор, - дейди Ўзбекистон Миллий тикланиш партиясининг ўзини Баҳодир деб таништирган фаоли.

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий кенгаши вакили Озодликка бу борада расман изоҳ бермади.

- Бу нозик масала. Боз устига, халқаро масала экан. Жириновскийнинг фикрига муносабат олиш учун матбуот вакилимиз билан учрашинг ëки газетамизни варақланг. Газетамизда Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг барча масалалардаги қарашлари акс этган, - деди Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий кенгаши вакили.

Биз бу партиянинг органи бўлган газетадан Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский баëнотларига оид муносабатни топа олмадик.

Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг ўзини Шоназар деб таништирган Хоразмдаги фаолларидан бири биз билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлди.

Шоназар ҳам Жириновскийнинг бир чоракда бир мартадан ортиқ жинсий алоқа билан шуғулланмасликни талабини маъқулламаслигини билдирди:

- Жириновскийни порнография, порно-кассета ва турли шундай енгилтак фильмларни кўрмаслик керак, деган талабида жон бор. Ароқ ичиш ва сигарет чекиш зарар, дегани ҳам тўғри. Лекин "йилда фақат 4 маротаба жинсий алоқа қилинглар, гўшт еманглар" деган гапи нотўғри. Мен Жириновскийнинг бу гапини қўллаб-қуватламайман, - деди хоразмлик либерал-демократ.

Ўзбекистондаги “Адолат” социал-демократик партияси вакили саволимизни диққат билан тинглади ва ким биландир маслаҳатлашганидан кейин Озодлик мухбири бу саволни бериш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан изн олиши кераклигини тушунтирди.

- Биз телефонда бундай нозик масалаларга дарров муносабат билдира олмаймиз, - деди фирқа вакили.

Ўзбекистонда 1991 йили расман рўйхатга олинган илк мухолифат фирқаси бўлмиш “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповдан ҳам айни саволни сўрадик:

- Жириновский ўз партиядошларининг жинсий ҳаётини белгилайдиган норма жорий қилишга ҳақли эмас. Бу умуман нотўғри талаб. Бировнинг шахсий ҳаëтига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу талабнинг тагида ëтган мафкура ҳам зарарли, - дейди Отаназар Орипов.

Жириновскийдан фарқли ўлароқ, Отаназар Орипов ўз партиядошларининг сиëсий ва жинсий жабҳада бирдай фаол бўлиши тарафадори.

- Бу борада ҳадислар бизга йўл кўрсаткич. Мусулмон одам энг камида ҳафтада бир марта аҳли аëли билан қўшилиши лозим. Жинсий фаоллик ҳам соғломлик белгиси. "Соғлом танда соғ ақл", - деди “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Россия либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский ўз баëнотида: “Порнография, порно-кассета ва турли шундай енгилтак фильмлар таъсири остида ёшларда: қанча кўп бўлса, шунча яхши, деган норма шаклланиб қолаяпти. Қанча кам бўлса, шунча яхши! Яна, қачонки ўзаро хоҳиш-истак бўлсагина. Стандарт: бир чоракда бир марта – йилига 3-4 марта етарли”, деган.



Жириновскийнинг фикрича, керагидан ортиқ жинсий алоқадан ўзни тийиш ҳам соғлом турмуш тарзининг бир қисмидир. Бундан ташқари, сиёсатчининг сўзларига кўра, саломатликни меъёрида сақлаб туриш учун алкоголь ичимликлар ичиш, тамаки чекиш ва гўшт истеъмол қилишдан воз кечиш керак.

Durex компанияси томонидан 2008 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига мувофиқ, Россия аҳолиси энг кўп жинсий алоқа билан шуғулланадиган мамлакатлар орасида биринчи учликка кирган. Қайд этишларича, россияликда бу йилига ўртача 143 марта содир бўлади. Россияликларнинг тахминан 80 фоизи эса ҳафтасига камида бир марта жинсий алоқа билан шуғулланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG