Линклар

Москванинг “Садовод” бозори ёпилиши мумкин


"Садовод" бозори кўпдан ноқонуний муҳожирлар овланадиган жойга айланиб қолган.

"Садовод" бозори кўпдан ноқонуний муҳожирлар овланадиган жойга айланиб қолган.

“Янги Черкизон” ҳозирча ишини давом эттираяпти

14 январь куни Россия оммавий ахборот воситаларида Москванинг энг йирик бозори – “Садовод” Роспотребнадзор текширувидан кейин ёпилгани тўғрисида хабар тарқалди.

Роспотребнадзор расмий сайтида пайдо бўлган хабарда “Садовод” бозорида санитария қоидалари ва меъёрлари қўпол бузилгани сабабли бир қатор маъмурий протокол тузилгани айтилган.

Бундай хабарларга қарамай ушбу бозорда ишлаётган ўзбек муҳожирларидан бири Озодлик билан суҳбатда 15 январь куни “Садовод” ҳеч қандай чекловларсиз ўз ишини давом эттираётганини билдирди:

- Кеча ёпиб қўйган экан, бугун очибди яна. Тўлиқ ёпгани йўқ, просто мана шу санитария қоидалари бузилгани учун вақтинча ёпиб қўйган экан. Ёпмайди, чунки одамлар 3 ойга олдин аренда тўлаган, ишлаяпмиз, дейди буюм бозорида савдо қиладиган Жамила исмли ўзбекистонлик аёл.

Жамиланинг бу сўзларини Озодликка савдо маркази матбуот хизмати раҳбари Наталья Спиридонова ҳам тасдиқлаб, “Садовод” да фақат мўйна-тери павильони муҳрланиб кетилганини маълум қилди:

- Роспотребнадзор текширувидан кейин пўстин ва мўйна махсулотлари сотиладиган 5- павильон ёпилди. Мана шундан кейин ахборот воситаларида нотўғри хабар тарқаб кетди. Ҳозирда “Садовод” режа асосида ўз ишини давом этмоқда. Яқин кунларда аниқланган камчиликлар бартараф қилинади, деди бозор расмийси Наталья Спиридонова.

14 январь куни Роспотребнадзор олиб борган текширув материаллари ва протоколлар Москва шаҳар судига топширилди: “Садовод” савдо маркази тақдирининг яқин кунларда ҳал этилиши кутилмоқда.

“Садовод” ёпиладими?

2009 йилда Москва мэрияси талаби билан ёпилган “Черкизово” бозори ўрнини эгаллаган “Садовод” Москва айлана автомобил йўлининг (МКАД) 14-километрида жойлашган.

“Садовод” бозори бугунги кунда Черкизово бозори собиқ эгалари, Россиянинг энг бадавлат бизнесменлари юзлигига кирувчи Зарах Илиев ва Год Нисановларга қарашли.

Буюм, қурилиш материаллари, қушлар бозори, ўнлаб ошхона ва кафеларни ўз ичига сиғдирган улкан бу бозор минглаб марказий осиёлик савдогар, фаррош, ошпаз ва аравакашлар учун даромад топиш жойига айланган.

Аммо сўннги ойларда Россия ҳукумати ва хусусан Москва мэри Сергей Собянин бошлаган “пойтахтни мигрантлардан тозалаш” амалиётлари давомида ўндан зиёд бозор ва савдо маркази ёпилди, миграция соҳасида қонунчилик кескинлашди.

"Садовод"да анча йиллардан буён ишлаб келаётган ўзбек тадбиркорларидан бири, овозини ёзиб олмаслик шарти билан, бозорда юзага келган вазиятни тушунтиришга уриниб кўрди:

- Санитария текшируви баҳонасида бозорни беркитиб қўйишди. Ҳозирча столовой-кафелар иши ҳам чекланган, опечатать қилган. Тўғриси, у ерда ишлаётган мигрантларнинг аксари ҳужжатсиз ёки қалбаки ҳужжат билан, ҳеч ким солиқ тўламаяпти. Охирги пайтларда бу павильон, кейин нариги павильон – қанча нарсалар ёниб кетди! Бу ерни яхши биладиган жиддий одамлар “Катта юкинг бўлса олиб чиқиб қўявер: ҳеч гап эмас эрта-индин бозорнинг ёпилиб кетиши!” деяпти. Янги бозор қурилади, деган гап юрибди. Шунга эгалари ўзгаради, ўхшайди, деди аноним қолишни истаган ўзбек тадбиркори.

Бир неча ой олдин Москва ҳокими Сергей Собянин “Садовод” ўрнида янги савдо маркази қурилишини шахсан ўзи овоза қилган эди. “Птичий рынок” номи остида янги савдо маркази қурилиши лойиҳаси Москва шаҳар қурилиши комиссияси томонидан аллақачон тасдиқлангани маълум бўлди.

Озодлик Москва шаҳар полицияси Матвеевское бозори ва Ғарбий Бирюлёво мавзесидаги тартибсизликлардан кейин бошлаб юборган “бозорлар декриминализацияси” амалиётлари ва турли назорат идоралари текширувлари оқибатида шаҳарда энг даромадли савдо марказлари янги эгаларига ўтаётгани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, Роспотребнадзор талаби билан Бирюлёводаги “Покровский” бозори фаолиятига Чертаново суди қўйган тақиқ муддати 14 январь куни ниҳоясига етди ва “Покровское” бозори эски фаолиятини давом эттирмаслиги хабар қилинди.

Федерал қидирувга берилган ва Россияга қайтиб келишдан хавфсираётган Бирюлёводаги сабзавот-мева бозори эгалари Игорь Исаев ва Алиасхаб Гаджиевлар Дубайдан туриб Москва мэрияси билан бозор активларини сотиш бўйича хуфёна музокаралар олиб бораётгани тўғрисидаги маълумот ахборот воситаларига сиздирилди.

Шаҳар ҳокимияти Бирюлёво бозорини “меъёрга сиғадиган пулга” сотиб олишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG