Линклар

logo-print

Skype Москвага террорчиликда гумонланганларга оид маълумотни тақдим этиши мумкин


Skype интернет-телефония хизматининг эгаси бўлган Microsoft корпорацияси айрим россиялик фойдаланувчиларнинг сўзлашуви, ёзишуви ва ахборот алмашувига оид маълумотларни олти ой мобайнида сақлаб, бу маълумотларни Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этиши мумкин.


ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги сўровига Microsoft корпорацияси матбуот хизмати томонидан берилган жавобдан ана шундай хулоса чиқариш мумкин.

"Microsoft ўзи бизнес юритадиган барча мамлакатларда қилингани каби, Россия қонунчилигига ҳам тўла мувофиқ равишда ишлашга содиқлигини тасдиқлайди. Қандай қонун қабул қилинмасин, биз ўша қонун талабларига мувофиқ равишда ҳаракат қиламиз”, дейилади Microsoft матбуот хизматининг ИТАР-ТАССга берган жавобида.

Ирина Яровая бошчилигидаги депутатлар гуруҳи чоршанба куни Россия Давлат думасига аксилтеррорчиликка оид тузатишлар пакетини киритганди. Бу тузатишларда Россияда кўплаб соҳалар, жумладан, алоқа соҳасида ҳам қўшимча назорат ўрнатилиши кўзда тутилган.

Мазкур тузатишларда Интернет тармоғида ўзаро алоқани таъминловчи жисмоний ёки ҳуқуқий шахслар фойдаланувчилар томонидан ахборот тарқатиш ва (ёки) маълумот алмашишда амалга оширилган овозли маълумот, матн, тасвир, товушларни қабул қилиш, узатиш, етказиш ва қайта ишлаш ёки бошқа исталган ҳаракатлар билан боғлиқ маълумотларни олти ой мобайнида сақлаш ва сўралган маълумотларни давлатнинг ваколатли идораларига тақдим қилишга мажбур экани қайд этилади.

Агар бу қонун қабул қилинса, айнан қандай маълумотлар сақланиши ва тақдим этилиши лозимлигини ҳукумат белгилаб беради.

Тузатишларга мувофиқ, россиялик фойдаланувчи билан Skype орқали сўзлашув Россияда туриб алоқа хизмати кўрсатиш бўлиб ҳисобланади.

Россия Давлат думаси депутатлари ихтиëрига кеча тақдим этилган лойиҳаларда махсус хизматларга янада кўпроқ ваколат бериш, жумладан, Интернет орқали қилинадиган молиявий тўловлар ҳажмини камайтириш ҳам кўзда тутилган.

Янги қоидаларда 100 минг рублдан ошган электрон пул ўтказмаси устидан мажбурий назорат ўрнатилиши айтилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бундай ташаббус оқибатларидан огоҳлантириб, пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши хайрия жамғармалари ва ташкилотларга тушаётган ёрдам маблағларининг кескин камайишига олиб келишини таъкидламоқдалар.

Бу ўринда Россияда ишлаётган ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳам ўз яқинлари ёки дўстлари билан Skype орқали мулоқот қилиши, улар томонидан ўтказилган пуллар кодлари ва бошқа маълумотлар ҳам шу хизмат воситасида етказилишини урғулаш муҳим.

Агар депутатлар аксилтеррорчиликка қарши кураш баҳонасида киритилаётган қонунчиликка тузатишларни қабул қиладиган бўлсалар, бу Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг Россияда юрган исталган фуқаро, шу жумладан, ўзбекистонликларнинг Skype орқали амалга оширган ҳар қандай ҳаракатини назорат қилиш имкониятига эга бўладилар.
XS
SM
MD
LG