Линклар

Ҳаагада Ливан собиқ бош вазири ўлимига доир суд бошланди


Ҳаага суди Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйни ўлдирганликда айбланаётган тўрт шахс ишини сиртдан кўриб чиқа бошлади. БМТ қошидаги халқаро трибуналда пайшанба куни бошланган маҳкамага тортилган ва Ҳизбуллоҳ гуруҳига алоқадор экани айтиладиган тўрт шахс ҳозиргача қўлга олингани йўқ.

Уларга нисбатан террор ҳуружини амалга ошириш фитнаси, қотиллик ва қотилликка уриниш каби айбловлар илгари сурилган. Ҳаага суди ўз тарихида илк бор террорчиликка оид ишни кўриб чиқмоқда.

2005 йилда Байрутда машинага ўрнатилган бомбанинг портлатилиши оқибатида собиқ бош вазир Ҳаририй билан яна 22 киши ҳалок бўлган эди. Бу ҳодиса Ливандаги сунний араблар ва шиалар ўртасида қарама-қаршиликни келтириб чиқарган эди.

Сурия режими қўллаб-қувватлайдиган Ҳизбуллоҳ мазкур ҳуружга алоқаси бўлганини инкор қилиб келади. БМТ мазкур ҳодисани тергов қилиш учун 2007 йилда Ливан бўйича махсус трибунални ташкил қилган эди.
XS
SM
MD
LG