Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:36

Марказий Осиëни исломий асосда бирлаштириш мумкинми?



1991 йил Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин бот–бот кўтарилган Марказий Осиëни бирлаштириш ташаббусларидан яна бири ўртага чиқди.

Россиядаги “Тожикистон меҳнат муҳожирлари” ташкилоти раиси Каромат Шарипов “Марказий Осиëни бир диний платформада ягона сиëсий тузумга” бирлаштириш таклифини Марказий Осиëнинг президентга жўнатди.

Каромат Шариповнинг Озодликка айтишича¸ бу мактуб нусхаларини Марказий Осиë республикаларининг Москвадаги элчиларига ҳам берган.

Россиядаги “Тожикистон меҳнат муҳожирлари” ташкилоти раиси Каромат Шарипов¸ Марказий Осиëдаги халқларни ислом динининг сунний мазҳаби асосида бирлаштириш зарурлигини урғулайди.

“Марказий Осиë халқлари этник зиддиятлар гулханида ëниб кул бўлмаслиги учун 20-аср бошидаги миллиятчиларнинг минтақани бирлаштириш ғоясини ҳаëтга жорий этишни вазият талаб қилмоқда”¸ дейилади Россиядаги “Тожикистон меҳнат муҳожирлари” ташкилоти раиси Каромат Шариповнинг Ўзбекистон¸ Тожикистон¸ Қозоғистон¸ Туркманистон ва Қирғизистон президентларига йўллаган мактубида.

Каромат Шариповнинг бу баëноти "Марказий Осиë беқарорликка юз тутмоқда" деган турли иддаолар фонида ўртага чиқди.

Бу баëнот арафасида Тожикистон билан Қирғизистон ўртасида чегара жанжали юзага чиқди.

Марказий Осиëни бирлаштириш ғояси 1991 йил Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин илк бора минтақанинг беш раҳбари қатнашган Ашхобод саммитида муҳокама қилинган¸ аммо ечим топилмаган эди.

Ана шундан кейин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1995 йилда “Туркистон- умумий уйимиз” деган шиорни ўртага ташлаган эди.

Аммо сал ўтиб¸ бу ғоя унутилди.

Минтақани бирлаштириш ғоясини Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Евроосиë” иттифоқи тарзида тақдим қилганида¸ расмий Тошкент тарафидан қабул қилинмади.

Ўтган асрнинг 90- йилларида ижодкор зиëлиларнинг орзуси бўлган “Туркистон бирлиги” ғояси ҳам замон ўтиши билан урфдан қолган каби кўринди.

Совет мафкурасидан холи тарзда мактаб ўқиган янги авлод вакиллари “умматчилик”¸”исломий халифалик” каби ғоялар оҳанграбосига тортилди.

Бунинг баробарида Марказий Осиë давлатлари орасида бир-бирига яқинлашиш эмас¸ балки бир-бирига ëвлашиш аломатлари кучайиб боргани кузатилди.

Шундай вазиятда Тожикистон мардикорлари етакчисининг минтақани бирлаштириш ғояси утопия ¸ яъни хаëлий орзу ўлароқ кўрилди.

Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида Тожикистон мардикорлари етакчисининг минтақани бирлаштириш ташаббусини муҳокама қилдик.

Мулоқотда “Тожикистон меҳнат муҳожирлари” ташкилоти раиси Каромат Шарипов¸ минтақа муаммолари ҳақида Интернетдаги мақолалар муаллифи 50 яшар ўзбек блоггери Қанот Одил ва Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбири Салим Аюбзод иштирок қилди.

Ўзбекистонлик блоггер Қанот Одил Тожикистон мардикорлари етакчисининг минтақани диний асосда бирлаштириш ғоясини утопия ва авантюра деб атади.
Қанот Одилнинг айтишича¸ Марказий Осиëдаги бешта давлатнинг миллий ўзликни парваришлашга асосланган расмий мафкураси бу ғояни рўëбга чиқариш учун тўғаноқ бўлади.

Шу билан бирга Қанот Одил Тожикистон мардикорлари етакчисининг минтақани ислом байроғи остида бирлаштириш ғоясини хатарли деб билишини таъкидлади.

Қанот Одилга кўра¸ Марказий Осиë халқлари демократия ва маърифат ғоялари остида бирлашмоғи керак.

Бунга жавобан Каромат Шарипов¸ гап халифалик эмас¸ балки сунний мазҳаби қадриятларига асосланган дунëвий тузум ҳақида кетаëтганини таъкидлади.

Шариповга кўра¸ Европа Иттифоқи учун насроний қадриятлари қандай муҳим бўлса¸ Марказий Осиë учун ҳам исломнинг сунний мазҳаби шунчалик муҳим қадриятдир.

Мунозарада иштирок этган Салим Аюбзод Марказий Осиë халқларини бирлаштирувчи замин маърифат ва маданиятдир¸ деган фикрни билдирди.

- Мана яқинда Ўзбекистонлик қўшиқчи Олмахон Ҳайитова оламдан ўтганда тожикистонликлардан нечтаси таъзия билдириб¸ бизга мактуб юборди. Олмахон Ҳайитова ўз ижоди билан сиëсатчилар қила олмаган ишни қила олди¸ дея гапирди тожик журналисти Салим Аюбзод .

"Қурултой"нинг тўлиқ аудио вариантини мана бу ерда тинглаш мумкин.

XS
SM
MD
LG