Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:31

Наманганда катта миқдорда доллар ўзлаштирган банк бошқарувчиси ушланди


Молия вазирлиги расмийси қандай ҳолатда пенсия қирқилмаслигини маълум қилди. Бухорода проректор пора билан қўлга тушди. Ёзувчи Тоҳир Малик масжид безашга берилмай, мактабларга саховат кўрсатишга чақирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқелар ҳақида ёзди.

“Либерал-демократик партия ўз-ўзини танқид қилди”

Ўзбекистон либерал-демократик партияси сусткашликка йўл қўяётган ўз депутатларини танқид қилди (“XXI аср”, 16 январь).

Айтилишича, қонунлар ва давлат дастурлари ижроси юзасидан ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, ижро этувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини тинглаш ва муҳокама қилишда айрим депутатлар сусткашликка йўл қўймоқда. Масъул мансабдорларнинг ҳисоботларни эшитиш умумий, танишув ҳолатига эга бўлиб, кўрилаётган масала бўйича депутатларнинг аниқ фикр ва позицияси йўқлиги кўзга ташланмоқда.

“Масалан, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгашида ЎзЛиДеП аъзолари кўпчиликни ташкил этса-да, йил давомида доимий комиссиялар йиғилишига электорат манфаатига тааллуқли бирон бир таклиф ва тавсия киритмаган. Хўш, бундан ЎзЛиДеП Тошкент вилоят ва Чирчиқ шаҳар кенгаши мутасаддилари қандай хулоса чиқардилар?” дея ўз-ўзини танқид қилади сиёсий партия.

“Молия вазирлиги расмийси қайси ҳолатда пенсия қирқилмаслигини маълум қилди”

2014 йилнинг 1 январидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлайдиган пенсионерлар, агар уларнинг даромадлари (гонорар, мукофот ва бошқалар) ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан паст бўлган тақдирда, пенсиясини тўлиқ олади (“Оила даврасида”, 16 январь).

Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Зариф Хўжаев маълум қилади. Масалан, ёшга доир пенсия олувчи, доимий ишламайдиган пенсионер муайян ишни бажариш учун 10 февралдан 1 мартга қадар давр учун 150 минг сўм ҳақ эвазига шартнома тузди. Ушбу фуқаронинг даромади ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан (2013 йил 15 декабрдан ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 187 минг 970 сўм) паст бўлгани сабабли пенсиясини тўлиқ олади.

Бордию, ўртача ойлик даромад ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошса, пенсиянинг эллик фоизи ушлаб қолинади.

“Ўзбекистон темир йўллари” Россиядаги тақиқ юзасидан муносабат билдирди”

Россия томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Болтиқбўйи мамлакатларига тегишли поезд юк вагонларига нисбатан жорий этилган тақиқ “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси фаолиятига таъсир кўрсатмайди (“Новий век”, 16 январь).

Темир йўл ширкатидаги манбага кўра, ушбу тақиқ вақтинча бўлгани сабабли у қадар катта зарар келтирмайди. “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига вакилининг айтишича, юкка оид тақиқ ёз ва куз ойларида – пахта ва мева-cабзавот ташиш пайтидагина сезиларли таъсир кўрсатади.

Жорий ҳафта “Коммерсант” газетаси Россия темир йўл ширкати МДҲ ва Болтиқбўйи давлатларига қарашли юк поездларига нисбатан вақтинчалик тақиқ жорий этгани ҳақида хабар берганди. Газета Россия темир йўл ширкатининг ушбу қарорига янги йил арафасида юк ҳажми тушиб кетгани сабаб бўлганини ёзганди.

“Наманганда доллар ўзлаштирган банк бошқарувчиси ушланди”

Миллий банкнинг Наманган вилояти Уйчи туман филиали раҳбари Иброҳим Раҳмонов банк ихтиёридаги катта миқдордаги долларни ҳужжат сохталаштириш орқали ўзлаштиргани фош этилди (“Диёнат”, 16 январь).

Хабарга кўра, банк раҳбари ва унинг тўрт нафар ходими фуқароларнинг паспортини олиб, улар доллар сотиб олгани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаган ва хорижий валютани ўзлаштирган.

Маълум бўлишича, ушбу схема асосида банкирлар бир муддат давр сурган, нафснинг турфа нағмаларига ўйнаган. Банкирлар ўзлаштирган доллар миқдори аниқ ёзилмаган. Аммо, айтилишича, дастлабки операциядан кейин бошқарувчи И.Раҳмоновнинг ўзи 31 минг долларга эга бўлган.

“Бухорода проректор пора учун қамалди”

Бухоро вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти проректори ва институтнинг илмий ишлар бўлим бошлиғи пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 16 январь).

Исми ошкор этилмаган таълим мутасаддилари институтда малака оширмаган ўқитувчидан диплом эвазига 600 доллар талаб қилган. Ушбу пул проректор ва бўлим бошлиғи ўртасида тақсимланган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар, хусусан, проректор ва бўлим бошлиғи қай тариқа фош этилгани ошкор қилинмаган. Бухоро вилоят прокуратураси катта терговчиси Ҳамро Саидов таълим мансабдорлари суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилган.

“Йўловчи жомадони тутқичига соф тилла танга яширгани аниқланди”

Тошкент-Боку йўналишида парвоз қилаётган фуқаро М.Ибрагимованинг жомадони тутқичига тарихий тилла тангалар яширилгани аниқланди (“Тошкент оқшоми”, 15 январь).

Йўловчининг қўл юки назорат-рентген мониторидан ўтказилганида шубҳали тасвирлар пайдо бўлгани ва божхона нозирлари жомадонни синчковлик билан текшириб, яширилган қимматбаҳо бойликни топган.

XIX асрда соф олтиндан зарб этилган 64 дона танганинг қиймати дастлабки маълумотларга кўра 50 миллион сўм деб баҳоланган. Мамлакат қонунчилигига кўра, эллик йил муқаддам ва ундан олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас. Маданий бойликларни мамлакат ҳудудидан вақтинча ёки доимий олиб чиқиш тегишли экспертларнинг хулоса ва рухсати билан амалга оширилади.

“Хотин эрининг айбини очишга мажбурми?”

4 ой муқаддам эри билан ажрашган наманганлик Моҳинур Ҳасановадан ҳуқуқ идоралари томонидан собиқ эри иши бўйича кўрсатма бериш, акс ҳолда, жавобгарликка тортилиши талаб қилинди (“Адолат кўзгуси”, 16 январь).

Ҳуқуқшунос И.Қурбоновга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари, жумладан, қонуний эри (хотини) кўрсатма беришдан бўйин товласа, у жавобгарликка тортилмайди. Аммо никоҳи бекор бўлган эр-хотин қонунчиликка кўра кўрсатма беришга мажбур. Акс ҳолда жавобгарликка тортилади.

“Балки пайти келиб, собиқ эр-хотинлар ҳам бир-бирига нисбатан гувоҳлик кўрсатмаси бериш мажбуриятидан озод этилар. Лекин ҳозирча...” деб ёзади газета.

“Ёзувчи Тоҳир Малик масжидни безашга берилмай, мактабларга саховат кўрсатишга чақирди”

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик масжидларни безашга ҳаддан зиёд берилиш бидъат экани, Аллоҳ масжиднинг безагига эмас, бу ерга қадам босиб келаётганларнинг қалбига қарашини таъкидлади (“Пойтахт транспорти”, 17 январь).

“Бир масжидда имом саховатли биродарларимиз гилам берганликлари учун дуо қилдилар. Албатта, бу иш таҳсинга лойиқ. Лекин шу масжид гиламга муҳтож эмас. Гилам ва кўрпалар шу қадар кўпки, икки қават солинса ҳам ортиб қолади. Шу биродарларимиз саховатларини боғчагами, мактаб ёки шифохонагами қилсалар, нақадар гўзал бўлар эди! Фақат масжид қуриш ёки безаш билан инсоният иршод бўлмайди. Ўзини илмга бағишлаганларга ёрдамлашиш, илм аҳлининг халққа нафи тегадиган асарларини нашр этишга кўмаклашиш ҳам ғоят савобдир” дейди таниқли ёзувчи Тоҳир Малик.
XS
SM
MD
LG