Линклар

Москвада Қуръон нусхасини ёқиб юборган шахс қўлга олинди


 5 январь куни Youtubeда ЦСКА фанатлари Қуръонни ёққани ҳақида видео пайдо бўлган эди.

5 январь куни Youtubeда ЦСКА фанатлари Қуръонни ёққани ҳақида видео пайдо бўлган эди.

Москва полицияси шаҳар метрополитенида Қуръони Карим китобини ёқиб юборганини видеотасвирга тушириб, Интернетга чиқарган рус миллатчиларини ҳибсга олди. “Безорилик” моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган тверлик Александр Соколов 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Москванинг Черемушки туман суди Қуръон китобини Москва метросида ёқиб юборганликда айбланаётган 23 ёшли Твер вилояти фуқароси Александр Соколовни 2014 йилнинг 9 мартигача ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

“ЦСКА фанатлари Қуръонни ёқиб юборди” номи остида 5 январь куни Youtube да пайдо бўлган видеороликда юзини камерадан яшираётган номаълум шахслар сўкиниб ва ҳақоратли сўзларни гапириб, аввалига устига “КОРАН”, деб ёзилган китобни ёқиб юборади. Кейин худди шу шахслар Москва метросида кетаётган кўринишидан марказий осиёлик бўлган муҳожирни калтаклаб, Оллоҳдан юз ўгиришга мажбурлашади.

Таъкидлаш жойизки, видеода миллатчи ёшлар ёқаётган китоб ўтган йилнинг 17 сентябрь куни Новороссийск шаҳри Октябрский туман суди Россияда танилган исломшунос олим, таржимон Элмир Кулиевнинг экстремистик адабиёт, деб топган ва тақиқлаган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" эканини кўриш мумкин.

Кейинроқ, 2013 йилнинг декабрида Краснодар ўлка суди Элмир Кулиевга оид Қуръони Карим таржимасини экстремистик, деб топган қуйи суди қарорини бекор қилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

9 январь куни провокацион видеотасвир Москва шаҳар Ички ишлар вазирлиги бошқармаси ходимлари қизиқишини ўзига тортди. Пойтахт полициясида мазкур ҳодиса тафтишини олиб бориш учун махсус оператив гуруҳ тузилди.

- Жиноий ишни тафтиш этиш жараёнида “Безорилик” моддаси асосида жиноий иш очилди, гумонланувчилар шахси аниқланди ва сўроқ қилинди. Шунингдек, уларнинг яшаш жойларида тинтув ўтказилди, - дея маълум қилишди Озодлик сўровига Москва шаҳар полиция бошқармаси матбуот марказида.

Полиция томонидан ҳибсга Александр Соколов муқаддам бир неча бор судланган, ўғирлик ва талон-тарож учун икки йилдан ортиқ қамоқда ўтириб чиққан.

- Мен қилмишимдан пушаймон еяпман, шунчаки безори компания билан боғланиб қолдим. У ерда иштирокчилар кўп эди, мени ушлашди, қолганлар сайр қилиб юрибди. Икки киши гувоҳ сифатида кетаяпти, ваҳоланки бу ишда мендан кўпроқ иштирок этган эди,- деди қолган шериклари жавобгарликка тортилмаганидан афсусланган Александр Соколов суд маҳкамаси раиси саволига.

Полициядан олинган маълумотга кўра, айби исботланса, Соколов 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Қизиғи, Александр Соколов айбланаётган Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213 моддаси 2 қисми асосида суд Pussy Riot панк-мусиқа гуруҳи қизларининг ўтган йилнинг бошларида Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасидаги катта шов-шув кўтарган акцияси учун 2 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.

ВКонтакте ижтимоий тармоғида Қуръон китобларини ёқишга бағишланган бутун бошли гуруҳ тузилгани маълум. Бу гуруҳда “ҳар йили 1 май куни соат 12:00да Қуръон ёқиш флешмоби бўлиб” ўтиши белгиланган.

Айни пайтда...

17 январга ўтар кечаси соат 23:00 ларда Соколов ва унинг шериклари “Қуръонни ёқиш акцияси”ни ўтказган Тушино туманидаги Сходненский берк кўчаси 16 уй атрофида 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси жасади топилди. Ўзбек муҳожири қаттиқ калтаклангани, танасида 24та пичоқ изи аниқлангани айтилмоқда.



1985 йилда туғилган ва исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик қотиллик содир бўлган жой яқинида жойлашган кафеда ёрдамчи ишчи бўлиб ишлаб келгани маълум.

Ҳуқуқ тартибор органларининг асосий тахминига кўра, қотиллик миллатчилар томонидан содир этилган бўлиши мумкин. 105 модда - қотиллик юзасидан қўзғатилган жиноий иш доирасида тергов-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG