Линклар

Кобулдаги ресторанга ҳужумда камида 21 киши нобуд бўлди


Афғонистон хавфсизлик кучлари Кобулдаги ресторанган ҳужум қилган жангариларни отиб ўлдирди.

Афғонистон хавфсизлик кучлари Кобулдаги ресторанган ҳужум қилган жангариларни отиб ўлдирди.

Афғонистон пойтахти Кобулдаги ресторанда жума куни амалга оширилган ҳужумда нобуд бўлганлар сони 21 кишига етди. Қурбонлар орасида Халқаро валюта жамғармаси расмийси, БМТ ходимлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бор. Ҳужум учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олди.

Кобул полицияси матбуот котиби Ҳашматуллоҳ Станкизай 18 январь куни Озодликка пойтахтдаги машхур ресторанда амалга оширилган ҳужумда нобуд бўлганлар сони 21 кишига етгани айтди.

- Ҳужумда ҳаммаси бўлиб 21 одам нобуд бўлди. Улардан 13 нафари хорижлик, саккиз нафари афғонистонлик. Ҳалок бўлган беш аёлнинг тўрттаси хорижлик, бир нафари Афғонистон фуқароси. Ҳужумда яраланган икки киши касалхонага ётқизилди,- деди Ҳашматуллоҳ Станкизай.

Афғонистон полицияси маълумотига кўра, қуролли ҳужумда Халқаро валюта жамғармасининг Афғонистондаги юқори лавозимли вакили ва БМТнинг тўрт ходими ҳам нобуд бўлган.

БМТнинг Афғонистондаги идораси матбуот котиби Ари Гейтани ҳужумда ташкилот вакиллари ўлганини тасдиқлади.

- Бу воқеа бизни жумбушга, ларзага солди. Афғонистондаги БМТ ходимлари чуқур қайғуда. Ҳужумда ташкилотимизнинг тўрт ходимидан жудо бўлдик, - деди Ари Гейтани.

Хабарларга кўра, ҳужум оқибатида қурбон бўлганлар орасида икки нафар Британия, икки нафар Канада ва ресторан соҳиби бўлган ливанлик тадбиркор ҳам бор.

Бундан ташқари ҳужумда Ливан фуқароси бўлган Халқаро валюта жамғармаси расмийси, шунингдек, Афғонистондаги Европа полицияси миссиясининг даниялик вакили ҳалок бўлган.

Ресторанга ҳужум бошланганидан кейин воқеа жойига етиб келган Афғонистон хавфсизлик кучлари жанггариларни отиб ўлдирди.

Ҳужумни кескин қоралаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун “тинч аҳолига қарши ҳужумлар мутлақ қабул қилиб бўлмас ҳол экани ва бу халқаро қонунларга зид экани”ни таъкидлади.

Хорижликлар орасида машхур бўлган Кобулнинг Вазир Акбархон туманидаги “Таверна” ресторанига уюштирилган ҳужум масъулиятини Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Афғонистон полициясига кўра, худкуш шахс ресторан олдида ўзини портлатганидан кейин икки нафар жанггари ресторанга кириб овқатланиб ўтирган одамларга қарата ўт очган.

Толиблар матбуот котиби Твиитер орқали ресторандаги ҳужум шу ҳафта Парвон вилоятида ҳаводан амалга оширилган ҳужумда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганига жавобан уюштирилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG