Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:52

Лондонда асарлари тақиқланган ўзбек адибларининг китоблари чиқарилди


Эмин Усмон 2001 йил февралида ҳибсхонада вафот этган эди.
Эмин Усмон 2001 йил февралида ҳибсхонада вафот этган эди.

Буюк Британияда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган ва ўтаётган ижодкорларнинг китоблари ўзбек ҳамда инглиз тилларида нашр этилгани ҳақида Би-Би-Си радиоси хабар берди. Мазкур китобларда Мамадали Маҳмудов, Эмин Усмон, Дилмурод Саййид ва Хайрулло Хамидовларнинг асарлари жамланган.

Маълумотда айтилишича, “Бу тоғлар –улуғ тоғлар” деб номланган биринчи китобга Мамадали Маҳмудовнинг совет даврида қисман эълон қилингшан ва кейинчалик тақиқланган “Ўлмас қоялар” романи, “Туманли кунлар” қиссаси, Эмин Усмоннинг “Томир” қиссаси киритилган.

“Маҳкумлар қўшиғи” деб аталган иккинчи китоб эса Дилмурод Саййид ва Хайрулло Хамидовларнинг шеърларидан иборатдир.

Эврил Турон таҳаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов ўтган йилнинг 12 декабрида ўзининг 74 йиллигини нишонлади. У 14 йил қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг, 2013 йилнинг 19 апрелида озодликка чиқарилган эди.

Озодлик радиоси таниқли адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилгунига қадар ҳам икки марта қамоққа ташлангани ҳақида ўз вақтида ёзган эди..

Унинг “Ўлмас қоялар” романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган. 1981 йилда ёзилган ва тақиқланган бу роман француз тилига ҳам таржима қилинган эди.

Таниқли ўзбек адиби Эмин Усмон эса 2001 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўлсаида вафот этган. Ўзбек, уйғур ва рус тилларида ёзган 20 дан ортиқ китоблари билан халқ орасида обрў-эътибор топган ёзувчи 2001 йилнинг 11 февралида Ўзбекистон жиноят кодексининг 244 - моддаси 1-қисми (жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид қилувчи материалларни тарқатиш) билан айбланиб қўлга олинганди. Шу йилнинг28 февралида эса унинг жасади қариндошларига топширилган.

2009 йилда порахўрлик ва таъмагирликда айбланиб 12,5 йилга қамалган 52 ёшли Дилмурод Саййид ўзининг танқидий мақолалари, фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи лавҳалари билан танилган. У Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси бўлган.

Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Дилмурод Саййид соҳта айбловлар билан қамалгани ҳақида айтиб келадилар.

37 яшар Хайрулла Ҳамидов “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Қамалгунга қадар у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттиришидаги ваъзлари билан, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.
2010 йил 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келмоқда.
XS
SM
MD
LG