Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:48

И.Каримов: Бугунги кунда 140 дан ортиқ корхона зарар кўриб ишламоқда



Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 17 январь кунги мажлисида 2013 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастур ҳақидаги маърузасида иқтисодий ютуқлар қўлга киритилганини мақтади. Айни пайтда, президент бугунги кунда 140 дан ортиқ корхона зарар ҳисобига ишлаётганини тилга олди. Бироқ мустақил иқтисодчилар Ўзбекистонда зарарга ишлаётган корхоналар ундан ҳам кўп деган ишончда.


Ўзбекистон президентининг Вазирлар Маҳкамасидаги нутқи 2013 йилда эришилган ютуқлар ҳақидаги маълумотлар билан бошлаган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, ўтган йил мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсган, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,8 фоизга ошган. Инфляция даражаси таҳмин қилинганидан кам, яъни, 6,8 фоизни ташкил этган.

Йил якунларига кўра, давлатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 17 фоизни, экспорт ҳажмига нисбатан қарийб 60 фоизни ташкил қилган.

Айни пайтда, президент Каримов мамлакатининг иқтисодий ривожланиш йўлида ғов бўлиб турган муаммоларни ҳам тилга олган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, 500 дан ортиқ реал сектор корхонасида ўтказилган техник аудит натижалари уларда ишлатилаётган 160 мингта ускуналарнинг 30 фоиздан ортиғи эскириб кетганини кўрсатган.

Электр техника саноатида ускуналарнинг 44 фоизи, машинасозлик тармоғида техниканинг 37 фоизи, кимё саноатида 21 фоизи, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда 20 фоизи, озиқ-овқат саноатида 19 фоизи, енгил саноатда 8 фоиз техника эскирган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон корхоналарида ишлатилаётган ускуналар эскириб замон талабларига жавоб бера олмай қолгани сабабини шундай изоҳлади.

- Буни асосида иқтисодий механизмнинг тўғри йўлга қўйилмагани ётади. Биринчидан, корхоналарда бошқарув услубининг нотўғрилиги, иккинчидан, ишлаб чиқариш механизмининг нотўғрилиги, учинчидан, солиққа тортиш ва ҳар-хил пул муносабатларининг нотўғрилиги. Шу аснода бундай вазият юзага келган, дейди тошкентлик иқтисодчи.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, ҳозир мамлакатда 140 дан ортиқ корхона зарар кўриб ишламоқда.

Уларнинг 67 таси йирик корхоналар бўлиб, 10 таси саноат соҳасига, жумладан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё, электр техника ва фармацевтика саноати тармоқларига тегишлидир.

Зарар кўриб ишлаётган корхоналар орасида Тошкент трактор заводи, “Агрегат заводи”, “Чирчиққишлоқмаш”, “Ўзпахтамаш” очиқ акциядорлик жамиятлари ҳам бор.

“Самарқанд кимё заводи”, “Жиззах пластмасса” очиқ акциядорлик жамиятлари каби йирик кимё саноати корхоналари, шунингдек, Тошкентдаги ёритиш воситалари ишлаб чиқарадиган “Оникс” очиқ акциядорлик жамиятида ҳам шундай корхоналар сирасига киради.

Иқтисодчи Ғолиббек Холназаров мамлакатдаги зарар ҳисобига фаолият юритаётган корхоналарни даромад келтирадиган замонавий корхонага айлантириш ва янги иш ўринларини яратиш учун уларни имкон қадар чет эл инвесторларига сотиш керак, деган фикр билдирди.

- Корхона зарар кўряптими, демак, нимадир нотўғри. Ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот сотилмайди ёки топилган пулни кимдир ўзлаштириб юборади. Шунинг учун зарарга ишлаётган корхоналарни имкон қадар хорижлик сармоядорларга сотиш керак. Чунки чет эллик инвестор келса, албатта янги технология, янгича бошқарув тизимини олиб келади, дейди Ғолиббек Холназаров.

Ўзбекистондаги қолоқ корхоналар фаолиятини изга солиш учун мамлакат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига тегишли вазирликлар ва манфаатдор тузилмаларни жалб этган ҳолда 3 ойлик муддатда корхоналарни молиявий инқироздан ва банкротликдан чиқариш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифасини топширган.
XS
SM
MD
LG