Линклар

logo-print

Бугун Россиянинг Москва, Петербург ва бошқа ўнлаб шаҳрида, шунингдек, Европанинг бир неча мамлакатида аксилфашистлар юриши бўлиб ўтмоқда.


Бу тадбирлар, энг аввало, бундан беш муқаддам Москва марказида ўлдирилган адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурова хотирасига ўтказилаяпти, бироқ фуқаролик жамияти фаоллари бугун Россияда жамият эътиборини фашизм ва неонацизм хавфига қаратиш учун ҳам йиғилмоқдалар.

Москвада бундай юришлар ҳар йили ўтказиб келинади ва уларда бир неча юздан бир неча минггача одам қатнашади.

Маҳаллий расмийлар, одатда, бундай акциялар ўтказилишига рухсат берадилар, бироқ тадбир ташкилотчилари бундай изнни олишлари унчалик осон кечмайди.

19 январь қўмитаси навбатдаги акцияни ўтказиш учун Москва мэриясига ўн кун аввал билдиришнома йўллаган. Тадбир ташкилотчилари бу йил Новопушкинский хиёбонидан 2009 йилда қотиллик содир этилган Кропоткинская метросигача хиёбонлар оралаб юриш ўтказишни режалаганлар. Бироқ расмийлар уларга қисқароқ йўлни таклиф қилганлар, бу эса 19 январь қўмитасига маъқул келмаган. Жума куни томонлар ўзаро келишганлар – акция уюштирувчилар талабномасида кўрсатилган йўналиш бўйича ўтказиладиган бўлган.

Ўзини Эрнест деб таништирган аксилфашистик ҳаракат фаолига кўра, расмийларда мамлакат фуқароларининг ҳеч қайсисига тинч акция ўтказишни ман қилишга асос йўқ.

- Расмийларга уч хиёбонда туриш малол келди шекилли, шунинг учун йўлни қисқартириб, юриш фақат Гоголь хиёбони орқали ўтишига ҳаракат қилиб кўрдилар. Биз: “Акцияни тарихан ўзини оқлаган йўналиш талаб қилган жойда ўтказиш бизнинг, фуқароларнинг ҳаққи”, деб туриб олдик. Акция 19 январь куни Стас ва Настя ўлдирилган жойда гул қўйиш билан ниҳоясига етади, - дейди Эрнест.

Аксилфашистик тадбирларга, 2011-2012 йиллари Москвада бўлиб ўтган митинг ва юришлардан фарқли равишда, нисбатан озроқ иштирокчи йиғилади. Фуқаролик жамияти фаоли Юлия Башинова буни Россия жамиятида ҳали миллатчилик ғояларининг хатари охиригача англаб етилмагани билан изоҳлайди.

- Кўп минг кишилик акцияларга одам кўп йиғилишининг сабаби - у ерда конкретроқ ғоя – ҳалол сайловлар учун кураш ғояси бўлган. Муҳожирлар калтакланаётгани, аксилфашистлар, журналистлар ўлдирилаётгани эса кўпчилик учун анча олис бўлган муаммодай кўриниши мумкин, - дейди Юлия Башинова миллатчилик хатаридан келажакда бирор киши бенасиб қолмаслиги мумкинлигини таъкидларкан. – Кўпчилик буни ҳис қилолмаяпти, афтидан, улар Россияда фашизм йўқ, унинг устидан 1945 йилда ғалаба қозонилган, деб ҳисоблаяптилар шекилли. Аммо бизнинг юришда 100 минг киши иштирок этмаса, бу бизни хавотирга солган нарса ҳақида гапирмаслигимиз кераклигини англатмайди. Эсингизда борми, 1968 йили Чехословакияга бостириб кирилишига қарши норозилик ўлароқ Қизил майдонга бир неча кишигина чиққанди, аммо уларнинг бу иши бесамар бўлмаганди. Чиқиш керак ва қандай мамлакатда яшаётганимиз ҳақида хулосалар қилиш керак.

Башинова хоним ўтган йиллар давомида 19 январь куни ўтказилган барча акцияларда иштирок этган.

– Энг аввало, бу фикр-мулоҳазалари менга яқин бўлган одамлар хотирасига ўтказилаётган тадбирдир. Настяни мен шахсан билмасдим, аммо Стас билан таниш эдик, биз у билан гаплашиб турардик ва бу юриш мен учун анча хос тадбир. Бироқ бу ерда бошқа нарса ҳам муҳим: фашизм муаммоси Россия каби кўп миллатли ва мураккаб бир мамлакатда долзарблигини йўқотмай келаяпти, - дейди Юлия Башинова.

Бу фикрга аксилфашистик ҳаракат фаоли Эрнест ҳам қўшилади.

- Россияда кўчада ҳам, ҳокимият доираларида ҳам неонацистик зўравонлик хавфи катта, шунинг учун эзгу ниятли кишилар, партиявий мансубияти ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, норозилик билдириш учун чиқаяптилар. Аммо биринчи навбатда бу акция бундан беш йил муқаддам шу куни Москва марказида миллатчи қотиллар дастидан нобуд бўлган Стас Маркелов ва Настя Бабурова хотирасига ўтказиладиган тадбир ўлароқ шаклланган, - дейди Эрнест.

Адвокат Станислав Маркелов ва “Новая газета” журналисти Анастасия Бабурова 2009 йилнинг 19 январь куни ўлдириб кетилганди. Бу иш бўйича Никита Тихонов ва унинг фуқаролик никоҳидаги хотини Евгения Хасис айбдор деб топилган. Тихонов умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, Хасис эса 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG