Линклар

Президент Янукович Украина мухолифати билан музокара қилишга тайёрлигини билдирди


Украина Президенти Виктор Янукович якшанба куни аксилҳукумат намойишчилари билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув рўй бериши ортидан мухолифат вакиллари билан учрашувга рози бўлди. Ички ишлар вазирлигига кўра, зўравонликлар оқибатида 70дан ортиқ милиция ходими жароҳатланган, ўнга яқин норози ҳибсга олинган.

Украина Президенти Виктор Янукович якшанба куни аксилҳукумат намойишчилари билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув рўй бериши ортидан мухолифат вакиллари билан учрашувга рози бўлди. Ички ишлар вазирлигига кўра, зўравонликлар оқибатида 70дан ортиқ милиция ходими жароҳатланган, ўнга яқин норози ҳибсга олинган.



Янукович душанба куни мухолифат вакиллари билан учрашиб, бўҳронни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида махсус комиссия тайинланганини маълум қилди.

Якшанба куни аксилҳукумат норозилик намойиши иштирокчилари билан милиция ўртасида чиққан тўқнашув икки ой аввал Янукович ҳукуматига қарши норозиликлар бошланганидан бери энг кескин зўравонлик, дея баҳоланмоқда.



Душанба куни ҳам ҳар жой-ҳар жойда тўқнашувлар даовм этди. Ички ишлар вазирлигига кўра, зўравонликлар оқибатида 70дан ортиқ милиция ходими жароҳатланган, ўнга яқин норози ҳибсга олинган.

Кеча Киевнинг Мустақиллик майдонига ўн минглаб одам чиқиб, Украина парламенти ўтган ҳафта қабул қилган аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қонунга норозилик билдирди. Ҳукуматга қарши чиқишлар ўтган йилнинг ноябрида Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиққан эди.


Якшанба куни Украина милицияси пойтахт Киевнинг “Динамо” стадиони яқинидаги майдонда митинг ўтказаётган одамларни тарқатиб юбориш учун уларга қарши сув сепадиган қурол, шовқин чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Қарама-қаршилик пайтида намойишчилар милициянинг бўш автобусини ёқиб юборди.



Хабарларга кўра, тўқнашув пайтида икки томондан бир неча одам жароҳат олган.

Озодлик мухбири намойишчилар “Беркута” махсус бўлинмаси ходимини гаровга олганини хабар қилди.

Украина парламентидаги мухолифат депутати Владимир Яворивский одамларни провокацияга берилмай, Мустақиллик майдонига қайтишга чақирганидан кейин намойишчиларнинг бир қисми стадион олдидаги майдонни тарк этди.

Якшанба кунги намойиш қатнашчилари милиция ходимларига таёқлар билан ҳужум қилиб парламент биносига бостириб киришга уринди.

Тўқнашувлар рўй беришидан олдин мухолифат лидерларидан бири Виталий Кличко Мустақиллик майдонига йиғилган намойишчилир олдида қилган чиқишида президент имзо чеккан намойиш ўтказишга оид янги қабул қилинган қонунни ғайриқонуний ва “конституцияга зид”, деб атади.

- Бугун биз жуда муҳим қарор қабул қилишимиз керак. Биринчидан, биз 16 январь куни ҳукмрон Регионлар партияси аъзолари парламентда қабул қилган қонунни ғайриқонуний ва “конституцияга зид” деб эълон қиламиз.

Иккинчидан, биз муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказишга чақирамиз ва бу масалада овоз беришимиз керак.

Учинчидан, бу сайлов эркин ва адолатли бўлиши учун Марказий сайлов комиссияси аъзолари ўзгартирилиши керак, дея баён қилди Виталий Кличко.

Украина мухолифати президент Януковични мамлакатда ”диктаторлик режими ўрнатишга уринаётганлик"да айблади.

Пайшанба куни парламент томонидан зудлик билан қабул қилинган янги қонун одамларнинг намойишда маска ва шлемларда иштирок этишини тақиқлайди.

Бундан ташқари намойиш қатнашчиларининг палаткалар ҳамда саҳналар ўрнатиши ман этилган.

Янги қонунга риоя қилмаганлар 640 АҚШ долларигача жаримага тортилиши ёки 15 суткагача ҳисбга олиниши мумкин.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинанинг янги қонунини “демократияга қарши” дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG