Линклар

11 январь куни қирғиз-тожик чегарасида содир бўлиб, ҳар икки томондан 8 киши ўқдан яраланганидан сўнг ёпилган чегара ҳанузгача очилмади.

Айни пайтда қирғиз-ўзбек чегарасида ўтган йилнинг августида жорий этилган чекловлар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолиси бундан 1 йил муқаддам Сўх чегарасида содир бўлган инцидентдан бери ўз мамлакатининг асосий ҳудуди билан боғланишга қийналмоқда.


Қирғизистон Чегара хизмати расмий вакили Сажира Чоколоева Озодлик радиоси қирғиз хизматига Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ёпиқ эканлигини ўтган ҳафта охирида маълум қилди.

- Қирғиз-тожик чегарасида 5 та назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Уларнинг 3 таси халқаро, 2 таси икки томонлама назрат пунктларидир. Ҳозир уларнинг ҳаммаси ҳар иккала мамлакат фуқаролари ва транспорт воситалари учун ёпиқ. Сўнгги жанжалдан кейин фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун шундай чора кўрилган, деди Қирғиғизистон Чегара хизмати расмий вакили.

11 январь куни тушдан кейин Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух эксклави чегарасида қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида отишма содир бўлган, бунинг оқибатида Қирғизистоннинг беш нафар, Тожикистоннинг уч нафар чегарачиси ярадор бўлган эди.

Воқеада ҳар икки томон бир-бирини айблаган эди. Отшима тожик чегарачилари Қирғизистон томони “Кўктош-Оқсой-Тамдиқ” автойўлини ноқонуний тарзда баҳсли ҳудудда қураётганини иддао қилиши ортидан бошланиб кетган.

Қирғизистон томони эса йўл қурилаётган ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини айтиб келмоқда.

Икки давлат ўртасида жанжалга сабаб бўлган йўл қурилишини Қирғизистон давом эттирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов 19 январь куни хабар қилди. Йўл қурилишида 10 яқин қурилиш техникаси ишламоқда ва ишчилар хавфсизлигини куч ишлатар идораларнинг маҳаллий бошқармалари таъминламоқда.

Айни пайтда қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларида ҳам чекловлар сақланиб қолмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаеванинг Озодликка 20 январь куни билдиришича, "Ўзбекистон томони чегаранинг баъзи пунктларида ўтган йилнинг августида жорий этган чекловлар ҳанузгача амал қилмоқда. Икки давлат ўртасидаги назорат-ўтказиш пунктларидан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари таъзияга ёки тўйга таклифномалари ёки авиачипталари мавжуд бўлган тақдирдагина ўтказилиши мумкин".

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат чегара қўмитаси расмийларидан бу ҳақда аниқ маълумот олиш имкони бўлмади.

Августдан буён давом этаётган чекловларни бекор қилиш юзасидан томонлар ўртасида сўзлашувлар бўлгани-йўқми, деган саволга Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби мазкур масала “ҳукуматлар ваколатлари доирасида” эканлигини эслатиш билан чекланди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган, 60 минг киши яшайдиган Сўх эксклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси ўтган йилнинг 5 – 7 январь кунлари қирғиз чегарачилари томонидан уларнинг назарида ноқонуний равишда ўрнатилаётган симёғочлар олиб ташланишини талаб қилиб чиққан эди. Натижада мунозара ҳар икки тарафдан одамлар гаровга олинган ва асосан қирғизистонликлар зиён тортган катта жанжалга айланиб кетганди.

Ўша воқеадан сўнг Сўхга олиб ўтувчи йўлдаги энг яқин, ҳамда Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудуди билан ўралган, 1000 нафарга яқин киши яшовчи Барак эксклавига олиб ўтувчи йўлдаги энг яқин назрат ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилган эди.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаеванинг Озодликка 20 январь куни билдиришича, ҳар иккала чегарада ҳам вазият ўзгарган эмас.

Сўхликларни Ўзбекистон билан боғлайдиган энг яқин йўл Сўх – Риштон йўлидир.
Фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев айтган мана бу маълумот бир йилдан бери айтилиб келади:

- Риштондан Сўхга бориш учун аввал Фарғонага келиш керак. Фарғонадан Водилга борилади, Водилдан Қирғизистоннинг Хайдарконига ўтилади ва ундан сўнггина Сўхга етиш мумкин. Қўшимча 100 километр атрофида масофани босиб ўтиш керак.

Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолиси ҳам бир йилдан бери қисқа йўл қолиб, узун йўлдан қатнаб келмоқда.

Сўхликларнинг ҳам, баракликларнинг ҳам муаммосидан Тошкент ҳам, Бишкек ҳам хабардор. Лекин мана бир йилдирки, масала ечилмай келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG