Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:33

Тошкентда киракашлар ови бўлаяпти


Шу кунларда пойтахт солиқчилари ва милиция ходимлари ҳамкорлигида Тошкентдаги киракашлар фаолияти бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Рейд давомида ушланган лицензиясиз таксичилар 7 миллион сўмгача жаримага тортилмоқда.



Тошкент шаҳар солиқ инспекциялари ва ИИБ йўл патрул хизматлари ходимлари бир ҳафтадан буён ўтказаётган рейд давомида деярли ҳар бир туманда лицензиясиз такси ҳайдовчилари ушланган.

Бу ҳақда Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда гапирган Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ушбу рейд “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг амалдаги ижросини текшириш мақсадида ўтказилмоқда.

Солиқчи тадбир ҳали ниҳоясига етмагани учун рейдга оид рақамлар матбуотга берилмаслигини билдирди.

Мирзо Улуғбек ИИБдан олинган маълумотга кўра, рейд давомида туман бўйича икки нафар таксичи ушланган. Ўзини таништирмаган милиция ходими ушбу ҳайдовчилар илк бор ушлангани учун уларга жарима солинганини айтди. Лекин жарима миқдорини аниқлаштирмади.

Ўзбекистон Давлат автомобил назорати Республика бўлимининг навбатчи ходимига кўра, лицензиясиз такси ҳайдовчилари 2 миллиондан 7 миллион сўмгача жаримага тортилмоқда.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий қилинган таксичилик фаолиятига доир янги тартибга кўра, фуқароларнинг махсус лицензияга эга бўлмасдан киракашлик қилиши тақиқланади.

Тошкентлик такси ҳайдовчиси Анвар аканинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, лицензияси йўқлиги боис рейд бошланганидан буён уйида ўтиришни маъқул кўрган.

“Лизенция олишга қурбим етмайди. Бунинг учун Нексиямни бўятиб, счетчик ўрнатишим керак. Яна анча-мунча ҳаражатлари бор. Бир танишим бунга 3 миллион сўмга яқин сарфлади. Бунча ортиқча пулим йўқ. Кейин машинани краска қилдирсангиз, сотмоқчи бўлганингизда нархи анча арзон бўлади. Шунақа рейд бўлган пайтлари кўчага чиқмайман, шу билан ҳар сафар амаллаб қутилиб қолаяпман”, дейди тошкентлик Анвар ака.

Ўзбекистонда киракашлик аҳоли ишсиз қатламларининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган.

Амалдаги тартибга мувофиқ таксилар бутун Ўзбекистон бўйлаб сариқ рангга, Тошкентда эса қаймоқ рангига бўялиши лозим. Уларнинг томига зарғалдоқ рангда TAXI ёзуви туширилган фонар ўрнатилиши, олдинги эшикда эса шашка ва Т ҳарфи акс этиши лозим.

Бундан ташқари, таксининг бўшлигини англатувчи яшил чироқ, ҳисоблагич, радио алоқа, назорат-касса машинаси ҳамда пластик карта тўлов терминали ўрнатилиши лозим.

Икки йил аввал жорий қилинган тартибни илк бор бузган такси ҳайдовчиларига маъмурий жазо, иккинчи бор бузган жисмоний шахсга жиноий жазо қўлланилади.

Лицензиясиз таксичилик қилган шахс иккинчи бор ушланганида Жиноят кодексининг 190-моддасига кўра, уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади ёки энг кам иш ҳақининг 25 баробари (2402625 сўм)дан 75 баробари (7207875 сўм)гача бўлган миқдорда жаримага тортилади. (Ҳозирда энг кам ойлик иш ҳақи- 96105 сўм)

Янги тартибни бузган юридик шахсларга белгиланган маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 150 баробарига қадар қилиб белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йил давомида 10 мингдан зиёд рейд ўтказилиб, минглаб ҳайдовчи жарима, ўнлаб таксичи жиноий жавобгарликка тортилган.

Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида андижонлик таксичи З. Олимжонов лицензиясиз фаолияти учун жазоланиб, икки йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.

Gazeta.uz нашри берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида бўлган 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Норасмий маълумотларга кўра, янги тартиб йўлга қўйилмасидан аввал Ўзбекистон пойтахтида 35 минг атрофида лицензиясиз "киракаш" бўлган.
XS
SM
MD
LG