Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

Москвада ўзбеклар жамияти тузилди


Россия пойтахтида “Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономияси” жамоатчилик ташкилоти тузилди. 17 январ куни Москва Миллатлар Уйида ташкилот очилиши маросимида ўтказилган давра суҳбати миграция масалаларини ҳал этишда жамоатчилик ташкилотларининг роли ва вазифаларига бағишланди. Ўзбеклар жамияти аъзолари миграция масалалари ечимини топишда Россия ҳукумати расмий идоралари билан ҳамкорлик қилишини билдирмоқда.



17 январ куни Россия пойтахтида Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

2013 йил декабрида Москва шаҳар Адлия бошқармаси томонидан рўйхатига олинган бу ташкилот Москвага вақтинча меҳнат қилгани келаётган ва доимий яшаётган ўзбекистонликлар диаспораси шаҳар ҳукуматини “музокара бошлаш”га чақиргани ва “ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш”ни таклиф этганини айтади Озодликка тузилма раҳбари этиб сайланган Тимур Мухамедов.

Миллий-маданий ташкилот фаоллари “Жамоатчилик ташкилотларининг меҳнат муҳожирлиги масалаларини замонавий шароитларда ҳал этишдаги роли”, деб номланган давра суҳбатига ҳукумат томонидан Давлат Думаси депутатлари, Москва шаҳар ҳукумати, Ўзбекистон элчихонаси, Россия ҳуқуқ-тартибот ва Миграция хизмати идоралари ходимлари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ва Москвадаги ўзбек жамоатчилиги вакиллари таклиф этилди.



Йиғилишда сўзга чиққан Россия Федерал миграция хизматининг интергацияга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Борис Воробьёв меҳнат муҳожирлиги билан боғлиқ муаммолар жамоатчилик ташкилотлари ёрдамидагина бартараф этилиши мумкинлига йиғилганлар эътиборини қаратди.

- Биз бу соҳада қандай муаммолар мавжудлиги тўғрисида яхши тасаввурга эгамиз. Мен ўзбек диаспораси ёрдамида қандайдир умумий ечим топамиз ва бу соҳада зарурий бўлган ҳужжатларни имзолаймиз, деган умиддаман. Биз ҳам бу ерга келиб меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ўзларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоянланганини ҳис этиши ва уларга яшаш учун зарурий шароитлар яратилиши учун ҳаракат қиляпмиз, дейди ҳозирча муҳожирлар сони кўплиги ва уларнинг асосий қисми ноқонуний қолаётгани сабабли бу муаммоларни ҳал этишнинг иложи йўқлигини гапирган ФМС вакили Борис Воробьёв.

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчиси маслаҳатчиси Равшанбек Алимов Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек миграциясига доир нуқтаи назарини очиқлаб, бундай деди:

- Тўғриси, биз ўзимиз Ўзбекистон фуқаролари бирор жойга чиқиб кетишларига қаршимиз. Мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий сиёсати шундай олиб борилаяптики, ўзимиздв ишчи кучи етишмаслиги кузатилмоқда. Чиқиб келаётганнинг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар умуман тайёргарликсиз, тилни билмасдан, мутахассисликка эга бўлмасдан Россияга келмоқда, деди Ўзбекистон элчихонасининг маслаҳатчиси Равшанбек Алимов.

Москва шаҳар ўзбеклар автономияси очилиши маросимида Москва ва Россияда фаолият юритаётган 70га яқин жамоатчилик ва ҳуқуқ фаоллари, таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.

Жумладан, сўзга чиққанлар орасида ўзбеклар ташкилоти раҳбари муовини Ҳабиб Абдуллаев, Россия Президенти ҳузуридаги Миллий масалалар бўйича Кенгаш аъзоси профессор Владимир Зорин, биринчи ўзбек космонавти, Россия қахрамони Солижон Шарипов, Татаристон Ўзбеклар миллий маданий автономияси раҳбари Абдуманно Абдусатторов ва бошқалар сўзга чиқди.

Бугунги кунда Москвада 35 мингдан зиёд ўзбек миллатига мансуб россияликлар истиқомат қилади. Россиянинг ҳар бир минтақасида мавжуд ўзбек миллий-маданий бирлашмалари сонига оид рақамлар номаълумлигича қолмоқда.

Янги тузилган Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономияси расмий сайтида ташкилот Россиянинг турли ўлкаларида 17 яқин ўзбеклар жамиятларини бирлаштиргани кўрсатилган.

Россия Федерал миграция хизмати ўтган йили Россияда ишлаган ва яшаган муҳожирлар сони 11 миллион кишидан ошганини хабар қилди. Расмий статистика маълумотларида бу давлатдаги ўзбекистонликлар сони 2 миллион 750 минг нафарга яқин, деб келтирилган.
XS
SM
MD
LG