Линклар

Украина ҳукумати ва мухолифати музокара қилишга тараддуд кўрмоқда, Киевда таранглик сақланиб қолмоқда


Украина Президенти Виктор Янукович якшанба куни аксилҳукумат намойишчилари билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув рўй бериши ортидан мухолифат вакиллари билан учрашувга рози бўлди. Янукович душанба куни мухолифат вакиллари билан учрашиб, бўҳронни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида махсус комиссия тайинланганини маълум қилди. Киев кўчаларида норозилар билан хавфсизлик кучлари орасида тўқнашувлар душанба куни ҳам кузатилди.




Киев марказида мухолифат тарафдорларидан иборат ўнлаб намойишчи душанба куни ҳам қолди. Якшанба кунги норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетиши оқибатида 200дан ортиқ одам жароҳатланди. Уларнинг тахминан ярми норозилар, ярми милиция ходимлари экани айтилмоқда.

Киев шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, намойишчилардан 103 нафари тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, улардан 42 нафарини касалхонага ётқизишга тўғри келган. Айни пайтда ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, тўқнашувар пайтида юзга яқин милиция ходими жароҳатланган, улардан 61 нафари касалхонага ётқизилган.

Душанба куни Украина Президенти Виктор Янукович мухолифат вакиллари билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Янукович мухолифат вакиллари билан учрашиб, бўҳронни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида махсус комиссия тайинланганини маълум қилди. Ҳукумат комиссиясига Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Андрий Клюев раис этиб тайинланди.

Якшанба куни аксил ҳукумат намойиши иштиркочилари билан хавфсизлик кучлари ўртасида юзага келган тўқнаувш икки ой аввал Янукович ҳукуматига қарши норозиликлар бошланганидан бери энг кескин зўравонлик, дея баҳоланмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, якшанба кунги тартибсизликлар пайтида 20дан ортиқ одам ҳибсга олинган.



Озодликнинг укнраин хизмати ҳибсга олинганлар орасида икки мухбири борлигини маълум қилди. Якшанба куни Киевнинг Мустақиллик майдонига ўн минглаб одам чиқиб, Украина парламенти ўтган ҳафта қабул қилган аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қонунга норозилик билдирди.

Ҳукуматга қарши чиқишлар ўтган йилнинг ноябрида Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиққан эди.

Евроинтеграция тарафдорлари бўлган намойишчилар икки ойдан бери Мустақиллик Майдонини эгаллаб олиб, президент Янукович истеъфосини талаб қилмоқда.

Мухолифат вакиллари Янукович тарафидан музокаралар ўтказиш таклифи бўлганини тасдиқлади. Бу хабардан аввал мухолифат етакчиси Виталий Кличко Янукович билан Киев шаҳри яқинидаги президент қароргоҳида учрашди.

Мухолифат етакчиси Арсений Яценюк намойишчилар олдида қилган чиқишида музокаралар чоғидан ҳукуматга қўйиладиган талаблар ҳақида гапирди.

- Бир неча дақиқа олдин президент Виктор Янукович менга телефон қилди. Улар музокаралар жараёнини бошлаш истагини билдирмоқда. Бу музокаралар учун ҳукуматдан Милий хавфсизлик кенгаши раиси Андрий Клюев масъул этиб тайинланган. Сизга бунга оид ўз қарашларимни айтишим мумкин – биринчи, музкоаралар ваколати фақатгина Майдон, яъни норозилик иштирокчилари тарафидан берилади, иккинчи, музокаралар очиқ ўтказилиши керак, учинчи музокараларимиз талабларимизнинг бажарилишидир, деди Яценюк.

Украина матбуоти душанба куни, бир кун аввал милиция ходимлари билан юз берган тўқнашув ортида радикал қарашлардаги ёшлар ҳаракати турганини ёзди. Якшанба кунги тўқнашувлар юзлаб намойишчи парламент биноси олдидаги милиция кордонини ёриб ўтишга ҳаракат қилишидан бошланди. Ҳодиса пайтида милицияга қарашли бир нечта автобус ва автомобилга ўт қўйилди. Милиция кучлари бунга жавобан кўз ёшини оқизувчи газ билан сув пургачиларни ишга солди.

Қўшма Штатлар томонларни зўравонликларга чек қўйишга чақирди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот вакили Кейтлин Ҳайден якшанба куни қилган чиқишида Украина ҳукуматини аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қонунни бекор қилиш, Киев кўчаларидан полиция кучларини олиб ташлаш ва мухолифат билан музокара бошлашга чақирди.

Европа Иттифоқи ҳам зўравонликларни қоралади. Душанба куни ЕИ ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон таклиф қилинаётган музокаралар вужудга келган сиёсий бўҳронни ҳал этиш имконини очишига умид билдирди.

- Украинада кейинги бир неча кун давом этаётган воқеаларни яқиндан кузатиб келяпман. Президент Виктор Янукович мухолифат билан музокара бошлаётганини кўриб турибман. Бунинг ижобий қадам бўлишига умид қиламан, деди Эштон.

Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт ҳам таклиф қилинган музокараларни ижобий баҳолаш билан биргаликда режим тарафидан репрессия олиб ташлансагина бўҳрондан чиқиш йўли топилишини билдирди.

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Украинадаги вазиятни душанба куни Брюсселда муҳокама қилмоқда.
XS
SM
MD
LG