Линклар

Украинада содир бўлаётган бугунги воқеалар BahsOnlineнинг навбатдаги мавзусини танлашга туртки бўлди. Озодликнинг 22 январь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21.05да эфирга узатилган BahsOnline эшиттиришига Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши тарафдорлари ва қаршилар таклиф қилинди.

Ўтган йилнинг 29 ноябрь куни Вильнюсда якунланган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида президент Виктор Янукович Украинанинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияга кириш тўғрисидаги шартномани имзоламаганидан сўнг мухолифат норозилиги кучайди.

Сўнгги пайтларда Киевда норозилик намойишларининг зўравонликларга айланиб кетиши оқибатида юзлаб одам ва милиция ходимлари жароҳат олмоқда.

Бироқ Украинада Европа Иттифоқига қўшилмаслик ва Россия билан яқин ҳамкорлик қилиш тарафдорлари ҳам аксариятни ташкил этади. Айниқса президентга қарашли бўлган “Регионлар партияси”нинг минглаб аъзоси ҳам мухолифат намойишларига қарши намойишлар ўтказмоқда.



Баъзи сиёсатчилар Украина аҳолиси бу масала юзасидан қарор беришда тенг иккига бўлингани боис, фуқаролар уруши чиқиб кетишидан ҳам огоҳлантирмоқда.

Куни кеча Киевдаги Мустақиллик майдонида мухолифат билан милиция орасидага кучли тўқнашувлардан сўнг Виктор Янукович мухолифат лидерлари билан музокара олиб боришга рози бўлди.

Европа Иттифоқи билан ассоциация тарафдори бўлган мухолифат вакиллари, айниқса ёшлар, Украинанинг Россиядан узоқлашиб, ЕИ билан яқинлашишини ва истиқболда демократик давлатда яшаш истагини билдирмоқда.

Украина президенти ва ҳукумати эса ЕИ билан ҳамкорлик ҳақида битимни имзолаш Россия билан иқтисодий ҳамкорликни чеклашга олиб келишини ва бу Украинанинг муаммоларга юз тутган иқтисодиёти учун катта зарба бўлишини таъкидламоқда.

Шундай қилиб, бугун Украина икки жабҳага бўлинди. Бири Европа Иттифоқига қўшилишни истаганлар ва иккинчиси Россия билан яқин ҳамкорликда қолишни хоҳловчилар.

Хўш, Сиз қандай фикрдасиз?

Украина Европа Иттифоқига қўшилиши керакми ёки бундан воз кечиб, Россия билан стратегик ва шериклик шартномасига содиқ қолиши лозимми?

Сизнингча, келажакда қайси томондаги ҳаёт барқарор ва фаровон бўлади?

Баҳсда “ҳа, ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, Украина Европа Иттифоқига кириш учун ҳаракат қилиш керак” деган қарашда ўзбекистонлик иқтисодчи Аҳмаджон Комилов, “йўқ, бўлмайди, Европа Иттифоқига қўшилмасдан, Россия билан ҳамкорлигини давом эттириши керак” деган позицияда Россиянинг Челябинск шаҳридаги “Бобур”ўзбек жамияти раиси Маъмуржон Эргашев
мунозара юритди.

Баҳснинг тўлиқ шаклини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG