Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:39

Киевдаги намойишни ёритаётган Озодлик мухбирларини Беркут калтаклади


Киевда Украин хизмати журналистлари калтакланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00
Озодликнинг украин хизматида ишлайдиган журналист Дмитрий Баркар ва тасвирчи Игорь Исхаков Киев марказидаги тўқнашувларни ёритаётган пайтда милиция томонидан қўлга олинди. Уларнинг иккаласи ҳам милиция бўлимида калтакланганини айтмоқда. Айни пайтда мухолифат етакчилари тинч норозилик намойишларининг зўравонликка айланиб кетишида президент Виктор Януковични айбладилар.


20 январь куни оқшом Озодликнинг украин хизматида ишлайдиган икки ходим Киевда милиция томонидан ушланиб, калтакланди.

Озодлик мухбири Дмитрий Баркар ва тасвирчи Игорь Исхаков кеча оқшом Киев марказида милиция ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувни ёритаётган пайтда милиция томонидан олиб кетилди.

Уларнинг иккаласи ҳам милиция бўлимида калтакланганини айтмоқда. Уларнинг юзларида кўкарган ва тилинган жойлар бор. Исхаков эса бурни синдирилгани ва мияси чайқалганини айтмоқда.

Озодлик журналистлари тўқнашув трансляцияси учун улар фойдаланган видеокамера йўқолиб қолганини ҳам айтмоқда.

Киев милицияси матбуот котиби Инна Хамалий Озодликка Исхаков ва Баркар “гувоҳ сифатида” ушланганини маълум қилди. Уларнинг калтакланганига оид маълумотлар милиция томонидан изоҳланмади.

Айни пайтда Киев марказидан вазият таранглигича қолмоқда. Ўтган тунда "Беркут" аскарлари намойишчиларни марказий майдондан чиқаришга уринди. Милиция ходимлари травматик қуроллар, ёш оқизувчи газ, шовқин солувчи гранаталардан фойдаланди.



Воқеа жойида бўлган Озодлик мухбирларининг хабарига кўра, тонгга яқин майдонда калтак ва темир-терсаклар билан қуролланган 100-200 киши атрофида провокаторлар гуруҳи пайдо бўлган.

Сўнгра намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган ва хабарларга кўра, 200 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Хабарларга кўра, ҳозир майдонда кўнгиллилар ёрдамида 5 та дала госпитали ишламоқда ва ўша жойнинг ўзидан жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Норозилар ҳибсга олинишидан қўрқиб давлат шифохоналарига боришдан бош тортмоқда.

17 январь куни президент Виктор Янукович томонидан намойишларни чеклашга оид қонун имзоланганидан сўнг Киевда яна 10 минглаб одам йиғилган норозилик чиқишлари бошланди.

Ўтган тунда зўравонлик кучайган намойишлар чоғида нафақат намойишчилар, балки 26 журналист ҳам жабрланди.

Ҳатто, ўша ҳудудда қурилиш ишларига ёлланган икки ишчи "Беркут" ҳарбийлари томонидан яланғоч қилиб, калтакланганидан шикоят қилди.





Киевдаги тинч норозилик намойишларининг зўравонлик қўлланилаётган тўқнашувларга уланиб кетгани учун масъулият президент Виктор Януковичга юкланмоқда.

Украина мухолифати етакчиси Юрий Люценко президент тинч йўллар билан норозилик билдираётган намойишчиларнинг қонуний талабини ўз вақтида бажармагани учун зўравонликлар бошланиб кетгани ҳақида гапирди.

Сешанба куни пойтахтда битмаётган зиддиятлар юзасидан баёнот берган собиқ ички ишлар вазири ҳозирга келиб вазият назоратдан чиққан бўлиши мумкинлиги, энди Януковичнинг мухолифат билан муроса қилишга уриниши натижа бермаслиги мумкинлигидан хавотир билдирди.

Душанба оқшом президент Янукович мухолифат етакчиларини мулоқот ва муросага чақирган. Аммо, Украина мухолифати етакчилари мамлакат аҳлини пойтахтдаги намойишларга қўшилишга чақиришда давом этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG