Линклар

Киевдаги тинч норозилик намойишларининг зўравонлик қўлланилаётган тўқнашувларга уланиб кетгани учун масъулият президент Виктор Януковичга юкланмоқда.

Украина мухолифати етакчиси Юрий Люценко президент тинч йўллар билан норозилик билдираётган намойишчиларнинг қонуний талабини ўз вақтида бажармагани учун зўравонликлар бошланиб кетгани ҳақида гапирди.

Сешанба куни пойтахтда битмаётган зиддиятлар юзасидан баёнот берган собиқ ички ишлар вазири ҳозирга келиб вазият назоратдан чиққан бўлиши мумкинлиги, энди Януковичнинг мухолифат билан муроса қилишга уриниши натижа бермаслиги мумкинлигидан хавотир билдирди.

Душанба оқшом президент Янукович мухолифат етакчиларини мулоқот ва муросага чақирган. Аммо, Украина мухолифати етакчилари мамлакат аҳлини пойтахтдаги намойишларга қўшилишга чақиришда давом этмоқдалар.

Ўтган тунда "Беркут" аскарлари намойишчиларни марказий майдондан чиқаришга уринди. Милиция ходимлари травматик қуроллар, ёш оқизувчи газ, шовқин солувчи гранаталардан фойдаланди.

Милиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувларда 200дан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG