Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:21

HRW Халқаро Қизил хочнинг Ўзбекистондан чиқарилганини қоралади


Human Rights Watch ташкилоти 2013 йил дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволига оид ҳисоботида Ўзбекистондаги вазиятнинг янада оғирлашганини қайтд этди. Ҳисоботда 2013 йилда Халқаро Қизил хоч ташкилоти миссиясининг Ўзбекистондан чиқариб юборилгани қораланди. Шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон ва Россия ҳам инсон ҳуқуқлари муттасил бузилаётган давлатлар сифатида тилга олинди.


Дунё давлатларида инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб келаётган халқаро Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2013 йилда аксар давлатларда инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда поймол этилиши кучайганидан хавотир билдирди.

Алоҳида хавотирга сазовор давлатлар сафида бу гал Россия, Сурия, Афғонистон, Марказий Осиё давлатлари сафида эса Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон тилга олинди.

Ташкилотнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича таҳлилчиси Уилям Ҳагга кўра, Ўзбекистонда аҳволнинг аввалги йиллардан оғирлашгани яққол мисоли тариқасида Халқаро Қизил хоч ташкилотининг мамлакатдан чиқиб кетганини айтиш мумкин.

- Халқаро Қизил хоч ташкилоти 2013 йилда Ўзбекистондаги қамоқхоналарга кириш имконидан маҳрум қилиниши ортидан мамлакатни тарк этди. Шунинг ўзиёқ мамлакатдаги аҳвол нақадар ёмонлиги яққол далилидир, - деди Human Rights Watch вакили Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ташкилот бу йилги ҳисоботида Ўзбекистонни Туркманистон билан бир поғонага қўяр экан, ҳар икки давлатда инсон ҳуқуқларининг муттасил равишда поймол этиб келинаётганидан янада жиддий хавотир изҳор қилди.

Бу йилги ҳисоботда HRW кузатувчилари Россияга ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Унда ўтган йил охирида 10 йилдан ошиқ вақтни қамоқда ўтказган бизнесмен ва Путин мухолифи, ЮКОС нефть ширкати собиқ раҳбари Михаил Ходорковский ҳамда 2012 йилда қамалган Pussy Riot панк гуруҳи икки аъзоси - Надежда Толоконникова ва Мария Алёхиналарнинг озод этилгани олқишланган.

Аммо, президент Путиннинг "2012 йилда ҳукумат танқидчиларига нисбатан бошлаган босими 2013 йилда ҳам алоҳида шахслар ва ташкилотларга босим тарзида давом этгани" қайд этилган.

Бундан ташқари, Human Rights Watch ташкилотининг 2013 йил якунларига оид ҳисоботида АҚШ ҳукумати электрон кузатув воситаларига оид дастури билан дунёга "хавфли ўрнак" кўрсатаётгани учун танқид қилинди.

Ҳисоботда АҚШда таъсис этилган бу дастур бошқа ҳукуматлар учун Интернет цензурани ўрнатишга баҳона бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирилди.

Ҳисоботда айтилишича, дунёдаги Интернет оқимининг асосий қисми АҚШ ҳудуди ва компаниялари орқали ҳаракатланаётгани бу давлат махсус хизматларига глобал мулоқотни қарийб тўлиқ кузатиш имконини беради.

Human Rights Watch ташкилотнинг ижрочи директори Кеннет Ротга кўра, собиқ ҳарбий Эдвард Сноуден воситасида дунёга фош бўлган бу кузатув тизими инсон ҳуқуқи ва шахс эркинлигини чеклайди ва бунга қарши президент Барак Обама кўраётган чора-тадбирлар етарли эмас.
XS
SM
MD
LG