Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Шуҳрат Аббосов “Маҳаллада дув-дув гап-2” филмини суратга олишга тайёрланяпти


Шуҳрат Аббосов
Шуҳрат Аббосов
Ўзбек кино санъатининг катта арбобларидан бири СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов “Маҳаллада дув-дув гап-2” кино асари устида ишлаëтганини айтмоқда. У “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим емассан”, “Оловли йўллар” филмлари билан танилган. 83 ëшга киргани муносабати қутлаб, боғланган Озодлик мухбири билан суҳбатда кекса санъаткор бугунги кунда ëш киночиларга мураббийлик қилаётганини айтди.


Кинога эмаклаб эмас, балки дадил кириб келган санъаткор

Саксон уч ëшини ҳам суратга олиш майдонида кутиб олган санъаткор Шуҳрат Аббосов шу кунларда “Маҳаллада дув-дув гап-2” филмини суратга олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Таваллуд куни билан қутлаб, боғланган Озодлик мухбири билан суҳбатда санъаткор уни қадрлаган мухлислари, томошабинлари ва шогирдларининг кўплигидан мамнунлигини айтди ва келгусидаги режаларини баён қилди.

- Худога минг шукур, ҳамма мени яхши кўрар экан. Шуни яна бир бор билдим мен бугун. Ватандошларимдан, ҳамма шаҳарлардан табрик келаяпти. Раҳматлар, дейишаяпти қилган ишларимга. Мен шундан жуда ҳам хурсандман. Ҳозир “Маҳаллада дув-дув гап” филмининг иккинчисини суратга олиш ишларини бошладим, - деди Шуҳрат Аббосов.

Бундан ташқари, у Муҳаммад Тарағай Улуғбек ва Жалолиддин Мангуберди ҳақида, Саид Аҳмаднинг қамоқдаги ҳаëти ҳақида ҳам кино олиш истагини тилга олди.

Таваллуд кунида ўтган умри давомида қилган ишларини Озодлик мухбири билан бирга хотирлаган Шуҳрат Аббосов баъзи хулосаларини айтиб ўтди:

- Болалигим очарчилик йилларига тўғри келди. Кунжара едим¸ тошбақа гўшти едим. Устим юпун¸ оч-яланғоч бўлсамда ичимда киночи бўлиш каби орзу бор эди. Мен кинога эмаклаб эмас, балки дадил кириб келдим. 1960 йилда “Маҳаллада дув-дув гап” филми илк ижодий ишим бўлди. Лутфихоним Саримсоқова¸ Раҳим Пирмуҳаммедов каби актерлар билан ишладим. Абдулла Қаҳҳор каби ëзувчи билан ҳамкорлик қилдим. Бугунги ëш авлод ҳам бу кинони томоша қилмоқда. Демак меҳнатим бекор кетмабди, - дейди СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов Озодлик билан суҳбатда.

Қуйида унинг ижодига бағишланган "Чодирхаёл" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.





Миллионлар севган мумтоз фильмлар ижодкори

Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап" (1960), "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968), "Оловли йўллар" (1977-1983), "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби филмлар совет киносининг мумтоз намуналаридан ҳисобланади.


"Оловли йўллар" киноси
"Оловли йўллар" киноси
Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" филми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.

Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган.

1949 йилда Тошкент Тиббиёт техникумини тамомлаган.

1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти (Ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институти), 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олади.

Аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.
XS
SM
MD
LG