Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Ўзбекистон Президентига тажовуз бундан буён “террорчилик”, деб баҳоланади


Ўзбекистонда террористик ҳуружлар тўғрисида хабар бермаганлик ҳамда террористик фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўқув машғулотларида қатнашганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Республика Президенти 20 январь куни имзолаган янги қонун билан мамлакат Жиноят Кодексига ўзгартишлар киритилди.

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик саволларига жавоб берар экан, янги қонун “террорчиликнинг олдини олишга” хизмат қилади, деди.


Сенатор Ортиқованинг айтишича, янги қонун билан Жиноят Кодекси 155- моддаси, 1- ва 2- бандлари янги таҳрирда берилди:

155- модданинг 1- бандида амалга оширилгани ёки тайёрланаётгани дастлабки тергов ва суд суриштируви билан исботланган террористик характердаги жиноят тўғрисида хабар бермаслик учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бундай жиноятни содир этган шахс энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан 300 баробаригача бўлган миқдордаги жаримага тортилади ёки 3 йилгача бўлган муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ёхуд 3 йилдан 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинади.

Агар шундай қилмиш одамнинг ўлимига ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган бўлса, айбланувчи энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан 600 баробаригача бўлган миқдордаги жаримага тортилади ёки 5 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинади.

155- модданинг 2- бандида террористик фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўқув машғулотларида қатнашганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бундай жиноятни содир этган шахс энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан 600 баробаригача бўлган миқдордаги жаримага тортилади ёки 3 йилгача бўлган муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ёхуд 5 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинади.

Мазкур жиноятни содир этган шахс агар тергов органларига ўқув машғулотларида қатнашгани тўғрисида ўз ихтиёри билан хабар берса, жиноятнинг очилишига фаол ёрдамлашса, бундай машғулотларда иштирок этган бошқа шахсларни ёхуд бундай машғулотларни уюштирган ва молиялаштирган шахсларни топишга, машғулотлар ўтказилган жойни аниқлашга ёрдам берса ва бошқа жиноятларга аралашмаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши ҳам 155- модданинг 2- бандида назарда тутилган.

Янги қонуннинг қабул қилинишига сабаб бўлган зарурат тўғрисида гапирар экан, сенатор Ортиқова бундай деди:

- Жиноят Кодексига қўшимча ва ўзгартишларни киритишдан олдин биз, албатта, халқаро амалиётни ҳам ўрганиб чиқдик. Халқаро амалиёт шуни кўрсатаяптики, ривожланган давлатлар ҳам ўз жиноят кодексларига худди шундай қўшимчаларни киритмоқда. Террорчилик ҳуружларига қарши бир хил курашиш учун учун миллий қонунчилигимизга ўзгартишлар киритишни ҳаёт тақозо этди, деди Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова

Янги қонун билан Жиноят Кодексининг 155- моддаси, 1- ва 2- бандларидан ташқари бошқа бир қатор моддалар: 155- (Террорчилик), 158- (Президентга тажовуз), 161- (Қўпорувчилик), 242- (Жиноий гуруҳ ташкил қилиш), 245- (Гаровга олиш), 254- (Радиоактив моддалардан ғайриқонуний фойдаланиш) каби моддалар террористик характердаги жиноятлар қаторига киритилган.
XS
SM
MD
LG