Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:52

Тошкент вилояти ҳокимияти ва идоралари Тўйтепага кўчади


Ўртачирчиқ тумани ҳокимияти биносига вилоят ҳокимлиги кўчиб келиши кутилмоқда.
Ўртачирчиқ тумани ҳокимияти биносига вилоят ҳокимлиги кўчиб келиши кутилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимияти, вазирликлар ва идораларнинг вилоят бошқармалари Ўртачирчиқ туманининг Тўйтепа шаҳрига кўчади. Бу хабарни тасдиқлаган расмийларга кўра, айни пайтда Тўйтепа туманида Тошкентдан келадиган идораларга жой ҳозирланмоқда.


Тошкент вилояти ҳокимияти жорий йилнинг ёз ойларида Ўртачирчиқ тумани маркази -Тўйтепа шаҳрига кўчади.

Бу хабарни расман тасдиқлаган Тўйтепа тумани ҳокимияти мулозими Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини сўради:

- Ҳа, ҳаракатлар бошланиб кетди. Тошкент вилояти ҳокимияти туман ҳокимлиги биносига кўчиб келар экан. Биз эса, аввалги “Ҳақиқат” жамоа хўжалигининг биносига кўчар эканмиз. Бу марказдан беш километрча жануброқда, - деди ҳокимлик мулозими.

Унинг айтишича, вилоят ҳокимлиги, вазирликлар ва идораларнинг вилоят бошқармаларини Тўйтепага кўчириш Тошкент шаҳрини “енгиллатиш” мақсадида қилинмоқда.

Ўртачирчиқлик тадбиркорлардан бири Наримоннинг туман ҳокимлигида ишлайдиган манбасига таяниб айтишича, вазирликлар ва идораларнинг вилоят бошқармалари учун жой ҳозирланмоқда.

- Вилоят санэпидстанция бошқармаси туман санэпидстанцияси биносига кўчиб келаётган экан. Туман матлубот жамияти биноси бўш, РСУ (Таъмир-қурилиш бошқармаси) биноси бўш, хуллас ҳозир қайси ташкилот қаерга келиши режалаштириляпти. Ҳокимликдаги танишимнинг айтишича, ходимларнинг кўчиши ёз ойларидан бошланар экан, - деди Наримон.

Тадбиркорга кўра, бу муносабат билан туман марказида ободончилик ишлари ҳам бошланиб кетган.

- Тўйтепанинг марказий кўчасидаги дарахтларни кесишиб, кўчаларни тозалаб, оқлаб, краска қилиб қўйишди. Марказдаги бозор, автостанция, Гуландом магазини, хуллас катта йўлнинг икки четидаги савдо шохобчалари ҳам бошқа жойга кўчирилар экан. Тўйтепа шаҳрига кираверишдан марказгача бўлган кўчанинг икки томонидаги уйларга огоҳлантириш берилган, қўшимча қурилиш қилманглар деб, - деди тўйтепалик тадбиркор Наримон.

Ўртачирчиқлик тадбиркор Наримоннинг айтишича, вилоят расмий идораларининг Тўйтепага кўчиши билан оддий халқ ҳаётида ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмайди.

- Амалдорларнинг бу ёққа кўчиб келгани билан бу ердаги ижтимоий ҳаёт ўзгарадими? Йўқ, албатта. Ҳокимият ўз йўлига, лекин халқнинг кун кечириши борку?! Гап масофада эмас, гап иш юритишда. Халқнинг турмушини ўйлайдиган ҳокимият учун масофанинг узоқ-яқин бўлиши шарт эмас, - деди тадбиркор Наримон.

Uzmetronom Интернет газетасининг ёзишича, Тошкент вилоятининг расмий идораларини пойтахтдан кўчириш ташаббуси бундан 30-40 йил аввал кўтарилган.

Бироқ Тошкент шаҳридаги қулайликларга кўниккан ва шинам квартираларга эга бўлган амалдорлар турмуш даражаси анча паст бўлган ҳудудга кўчиш режасига тўсқинлик қилиб келган.
XS
SM
MD
LG