Линклар

logo-print
Кутилмаган бу янгилик Ўзбекистондаги Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлимлари ходимлари билан суҳбатлардан маълум бўлди.

Улардан ўзбекча исм-фамилияларни ёзиш тартиби тўғрисида сўраб-суриштиришга эса, қўшни Тожикистон бош прокурорининг тожикистонликлар ўз фамилияларига русча -ов, -ев қўшимчаларини қайтаришга уринаётганидан билдирган ташвиши сабаб бўлди.



Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, Тожикистон бош прокурори Шерхон Салимзода расмий “Жумҳурият” газетасида эълон қилган мақоласида тожик ёшлари ўз фамилияларига русча -ов, -ев қўшимчаларини қайтаришга уринаётганидан чуқур ташвиш билдирган.

Бош прокурор фамилияси русча қўшимчали фуқароларни Ватанни
севмасликда айблади


Маълум бўлишича, прокуратура бу соҳада кенг қамровли текширувлар ўтказган ва Бош прокурор текширув натижалари ёшлар орасида “онг ва ватанпарварлик даражаси паст эканини кўрсатди", деган.

Прокурорнинг мақоласида айтилишича, сўнгги 3 йил ичида Тожикистон Тижорат институтида 177, Педагогика университетида 113, Тиббиёт университетида 123 талаба фамилия ва ота исмларини миллий шаклда ёзишдан воз кечган.

Озодлик радиоси тожик хизмати мавзуга оид ўз мақоласида фамилияларга русча қўшимчаларни қайтариш тенденцияси мавжудлигини қайд этди ва бундай қилишга, асосан тирикчилигини Россияда ўтказаётган меҳнат муҳожирлари мажбур бўлаётганини ёзди.

Афтидан номлари зикр этилган олий ўқув юртлари талабалари ҳам ўқишни битиргач, келажагини Россия билан боғлаётган кўринади.

Фамилиядан русча -ов қўшимчасини олиб ташлаш намунасини эса мамлакат Президенти Имомали Раҳмон кўрсатган эди.

Умид бор эди...

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг исм-фамилия ёзиш тартиби ҳам ислоҳ қилинишини кўпчилик кутган эди. Бироқ ота исмига қўшиладиган русча -вич, -овна, -евна қўшимчалари ўрнига ўзбекча “ўғли”, “қизи”, деб ёздиришга ҳуқуқ берилганини айтмаса, бу соҳада бошқа ўзгариш бўлмади.

Фарзанд фамилияси қандай ёзилиши отанинг паспортига боғлиқ

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага исм-фамилия ёзишнинг жорий тартиби тўғрисида Самарқанд вилоят Булунғур тумани ФҲДЁ бўлими ходими айтиб берди:

- Фарзандга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, туғруқхона маълумотномаси билан келади. Отанинг фамилияси фарзандга фамилия қилиб берилади. Лекин фамилиядаги -овни олиб ташлашга ҳақимиз йўқ.

Ходимнинг сўзларига қараганда, русча қўшимчалардан воз кечишга қонуний асослар мавжуд, лекин бу муаммо устида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ.

Озодлик: Агар ота илтимос қилса-чи, ўғлининг фамилиясидан -овни олиб ташлашни?

- Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 15- моддасида бу нарса бор. Лекин бу жуда қийин масала.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонунида “Ўзбекистонда яшовчи ҳар қандай шахс ўзининг исмини, фамилиясини ўзининг анъаналарига мос равишда қўйиши мумкин”, дейилган.

Ғалати мантиқ

Ҳа, фамилияни миллий шаклда ёздиришга қонуний асос мавжуд, лекин паспорт берувчи идоралар ходимлари “фамилия” деганда бутун дунё фақат русча шаклдан фойдаланади, деб ўйлайди, шекилли.

Ҳар ҳолда ФҲДЁ ходимлари айтган гаплар шундай ўйлашга мажбур қилади.

- Масалан, 94-йилларда -овдан воз кечиб фамилия ёздириб кетганлар бор. Лекин энди шу кунга келиб, биометрик паспорт берилаётган пайтда фамилиянг йўқ экан, деб қайтариб юборишаяпти. Одамлар келиб, фамилиясига -овни ўзлари ёздириб кетаяпти.

Булунғур ФҲДЁ бўлими ходими айтган гапни унинг асакалик ҳамкасбидан ҳам эшитдик. Унинг айтишича, 90-йиллар ўрталарида туғилган фуқаро “Исроилий” деб ёздирилган фамилиясини яқинда ўзгартириб кетган.

Барак Обамаев

Биометрик паспорт берувчилар мантиғидан келиб чиқилса, ҳужжатнинг “фамилияси" деган чизиғига ёзиладиган исм охирига русча -ов қўшилмагунча паспорт қонуний бўлмайди.

Фалакнинг гардиши айланиб, айтайлик, Барак Обама ёки Имомали Раҳмон Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолса, уларнинг ҳам фамилиясига –ов қўшиб беришадими? Обамаев, Раҳмонов бўлишадими?

Раҳмонбердининг фикри

Мавзуни ўрганар эканмиз, Озодликнинг "Одноклассники" тармоғидаги муштарийларини шу масалада мулоқотга чорладик. Шу кунда Россияда ишлаётган 22 яшар андижонлик Раҳмонбердининг мана бу гапи кўпчилик билдирган фикрнинг йиғиндиси бўлди, дейиш мумкин:

- Биз рус мамлакатида эмас, ўзбек мамлакатида яшаймиз. Биз ўзимизнинг мустақил давлатимизга эгамиз. Мустақил мамлакат сифатида мусулмонлигимизни, ўзбек эканлигимизни ҳисобга олсак, миллий шаклдаги исм-фамилияли бўлишга ҳақлимиз. Шу соҳанинг мутахассислари, олимлари бор. Улар шу масалани ҳал қилиб берса, яхши бўларди, - деди Раҳмонберди.

Сиёсий ирода масаласи

Масалани Тожикистон қандай ҳал қилганидан бу, Раҳмонберди айтаётгандай, олимлар ҳал қилиши керак бўлган масаладан кўра, сиёсий иродага боғлиқ масала экани кўриниб турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG