Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Сочида эҳтимолий террорчи аёл қидирилаяпти


Россия хавфсизлик кучлари Сочи шаҳрида эҳтимолий ҳудкуш-террорчи Рузанна Ибрагимовани қидираяпти. Расмийлар тахминига кўра, Ибрагимова келаси ой Сочида бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақалари пайти террорчилик ҳужуми уюштиришни режалаштираяпти.

Рузанна Ибрагимова Сочидаги хавфсизлик режими ўрнатилган ҳудуд ичкарисида экани тахмин қилинмоқда.

Айрим ахборот агентликлари ёзишича, хавфсизлик кучлари бир эмас, тўрт нафар эҳтимолий террорчи аёлни қидираяпти.

Бу кейинги пайтда Сочи билан боғлиқ хавотирли хабарларнинг бири холос.

Расмий Кремль энг нотинч ҳудуд бўлган Шимолий Кавказдан атиги бир неча юз километр узоқликдаги Сочида ўтадиган Олимпиада мусобақаларини тинч ўтиши учун астойдил ҳаракат қилаётганини таъкидлаб келмоқда.

Танқидчилар Сочи Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиши аниқ бўлганидан бошлаб, террорчилик хавфидан огоҳлантириб келаяптилар.

Ўтган йил ёзида Чечен айирмачи гуруҳи етакчиси Доку Умаров Сочидаги Олимпия иншоотларига қарши ҳужумлар билан пўписа қилган.

Интернетда эълон қилган видеомурожаатида Умаров ўз тарафдорларини Олимпиада ўйинларини ўтказилишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилишга чақирган.

Россия, АҚШ ҳамда БМТ тарафидан қидирилаётган халқаро террорчиларнинг бири бўлган Доку Умаров барча имкониятларни ишга солиб, Олимпиадага ҳалақит қилишини айтган.

Ўтган дам олиш кунлари жиҳодчилар вебсайтида эълон қилинган видеода икки эркак ўтган ойда Волгоградда содир этилган иккита ҳудкуш ҳужуми учун масъулиятни ўз бўйниларига олишди.

Волгоград марказий вокзали ва шаҳар троллейбусида рўй берган портлашлар оқибатида ўттиздан зиёд киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди.

Доғистондаги "Ансар аль Сунна" исломий гуруҳ аъзолари эканини айтган бу икки эркак Сочи Олимпиадаси пайти янги ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилишди. Улар "россияликлар учун кутилмаган совға" ҳозирлаётганликларини айтишди.

Россиялик журналист ва хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Андрей Солдатов ушбу мурожаатни қуйидагича изоҳлайди.

- Бу видео мурожаат биринчи навбатда аниқ-равшан марказий Россияга йўналтирилган. Видео фонида янграётган русча қўшиқ ҳам айни мазмундаги видеороликлар учун ноанъанавий. Бу мурожаат Шимолий кавказ аҳлига эмас, айнан Россия фуқароларига қаратилган, дейди Солдатов.

Айни пайтда 18 январь куни Доғистон пойтахти Махачқаъла шаҳрида ўтказилган ҳарбий амалиёт давомида жангари экани тахмин қилинган етти киши ўлдирилгани хабар қилинди. Ўлдирилганлар орасида террорчилардан бирининг беваси бўлган 26 яшар аёл ҳам борлиги айтилаяпти.

Шимолий Кавказлик террорчиларнинг бевалари ва бошқа аёл жангариларининг ҳужуми Россияда 2000 йилдан буён кузатилмоқда. Аёл жангариларнинг энг катта ҳужуми 2004 йилнинг февралида Москва метросида содир этилган бўлиб, ушбу ҳужум оқибатида 40дан зиёд киши ҳалок бўлган эди.

19 январь куни Сочида президент Владимир Путин журналистлар билан учрашуви пайти Олимпиада мусобақалари хавфсиз ўтишига ишонч билдирди.

- Биз ташкилотчиларнинг вазифаси Олимпиада иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлашдир. Биз буни амалга ошириш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз, деди Путин.

2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари Сочида 7 февралдан 23 февралгача бўлиб ўтади.

Олимпиада меҳмонлари рўйхатида Ўзбекистон қидирувга берган, жиноят оламидаги энг нуфузли авторитетлардан бири деб кўриладиган Ғафур Раҳимов ҳам борлиги айтилаяпти. Бу ҳақда хабар қилган Россияда чиқадиган “Новая газета” нашрига кўра, Ўзбекистон Раҳимовга қидирув эълон қилгани боис унинг Олимпиадада қатнашиши жанжалга сабаб бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG