Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:36

Тошкент–Истанбул авиачиптаси нархи “қоринни оғритяпти”


Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропорти.
Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропорти.

Туркия бир қадам бўлиб қолди ўзбекистонликларга. Биров тижорат, биров зиёрат умидида йўлга отланади.


“Қора қозонимни қайнатсам”, дея борадиганлар қанча. Вақтичоғлик қилиш учун йўл оладиган юрткезарлар ҳам кам эмас. Айниқса, Туркия виза тизимини енгиллаштиргач, бу мамлакатга учадиган юртдошларимиз хийла кўпайди.

Ҳатто сафархалтасини азза-базза қўлтиқлаб, ғир этиб “шопинг” қилиб келадиган давлатманд оилалар пайдо бўлди – пулинг бўлса халтада...

Ўзбекларни оҳанрабодек ўзига жалб этган асосий шаҳар эса маълуму машҳур Истанбул.

Қайсидир бир сайтда ўқиб қолдим, ўтган йили Ўзбекистондан Туркияга 140 мингтача сайёҳ борибди. Бу рақам аслидагидан кўра кўпроқ ҳам, камроқ ҳам бўлиши мумкин – статистикага кўп-да ишониб бўлмайди.

Авиачипта нархи ҳамёнбоп бўлса, Истанбул, умуман, Туркияга Ўзбекистондан сафар қиладиганлар сони бундан-да кўпайиши мумкин эди. Ҳозир эса чипта баҳоси “қоринни оғритатадиган” даражада.

Тошкент–Истанбул авиачиптаси (бориш-келиш) 700 доллар атрофида сотиляпти. Ажабланарлиси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳам, “Турк ҳаво йўллари” ҳам чиптани деярли бир нархда пуллайди. Бу дунёда рақобат деган тушунчалар бор эди, шекилли...

Янада ажабланарлиси, қўшни мамлакатлардан икки баравар кам маблағ билан ҳам Туркияга борса бўлади. Масалан, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан Истанбулга учоқ чиптаси (бориш-келиш) 280 доллардан бошланади.

Бишкек ва Тошкент турли қитъа, турли минтақада жойлашган шаҳарлар эмас. Қошу кўздек яқин бир-бирига. Қолаверса, икки пойтахтдан Истанбулгача бўлган масофа ҳам у қадар фарқ қилмайди. Шундай экан, авиачипта баҳоси ўртасидаги еру осмонча катта тафовутни қандай изоҳлаш мумкин?..

“Турк ҳаво йўллари” ширкатига чиптани “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан арзонга сотмайсан, деган шарт қўйилганга ўхшайди. Бўлмаса, девордармиён қўшни мамлакатда арзонгаровга чипта сотаётган турк ширкати Ўзбекистонда айни шундай парвоз учун отнинг калласидек пул талаб қилмасди. Яна ким билади дейсиз...

Ўзбекистонлик йўлчи
XS
SM
MD
LG