Линклар

БМТ Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати пасайишини башорат қилмоқда


Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2014 йили ўтган йилдагидан (8 фоиз) фарқ қилиб, 7,1 фоизга ўсади. 2015 йили эса Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,4 фоизни ташкил қилади. Бу ҳақда БМТнинг “2014 йилда жаҳон иқтисодий аҳволи ва истиқболлари” деб номланган янги ҳисоботида айтилган.


Ўзбекистон расмийлари эса, БМТ ҳисоботида зикр этилишича, бу йил мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 8,1 фоизни ташкил этишини кутмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 17 январь кунги мажлисида жорий йил мамлакатда “ялпи ички маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноатни 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6 фоизга, чакана савдо айланмасини 13,9 фоизга кўпайтириш, бозор хизматларини 16,2 фоизга оширган ҳолда, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда”, дея қайд этганди.

Айни пайтда Каримов ўша мажлисда 2013 йили Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 8 фоизга ўсгани, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,8 фоизга ошгани, инфляция даражаси эса прогноз кўрсаткичидан паст бўлиб, 6,8 фоизни ташкил этганини урғулаганди.

БМТ маълумотларига кўра, жаҳондаги инфляциянинг ўртача даражаси 2014 йилда 11 фоизни, 2015 йили эса 8,8 фоизни ташкил этиши керак. БМТ ҳисоботида 2013 йилда инфляция 10 фоизни ташкил қилган.

БМТ ҳисоботи муаллифлари энг асосий муаммо ишсизлик даражасининг юқорилиги, дея қайд этадилар.

Кечган ҳафтадаги мажлисда Ўзбекистон президенти “2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди”, деганди ва 2014 йилда салкам 1 миллион иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилаётганини таъкидлаганди. Бироқ Ўзбекистондаги вазиятдан бохабар кузатувчилар бу рақамларга шубҳа билан қарайдилар.

“Жаҳон иқтисодий аҳволи ва истиқболлари” ҳисоботи ҳар йил бошида БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти, БМТ Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси ва ташкилотнинг бешта минтақавий комиссияси томонидан тайёрланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG