Линклар

Тошкентда ўзбек ва қирғиз расмийлари 5 кун музокара ўтказди


Ўзбекистон томонидан чегарадан ўтишга киритилган чеклов оқибатида ўзбек-қирғиз чегарасида узундан узоқ навбатлар пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон томонидан чегарадан ўтишга киритилган чеклов оқибатида ўзбек-қирғиз чегарасида узундан узоқ навбатлар пайдо бўлмоқда.

Тошкентда 5 кун мобайнида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш юзасидан ҳукуматлараро комиссия музокараларида баҳсли ҳудудлар масаласи кўтарилгани йўқ. Қирғиз расмийлари мазкур муаммо январь ойи охирида Жалолободда ўтиши режалаштирилган музокара кун тартибига киритилишига умид билдирмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, учрашув чоғида ўзбек-қирғиз чегарасининг айрим участкаларидаги чегара чизиғини белгилаш лойиҳаси ва тегишли картографик материаллар кўриб чиқилган. Ўзбек дипломатлари учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтганини қайд этганлар.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги чегараларни аниқлаш ва чегара ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Курбанбай Искандеров Тошкентда 15 январдан 20 январгача ўтган музокараларда томонлар шу кунгача аниқлаб бўлинган чегара чизиғини тасдиқлаш юзасидан шартнома лойиҳасини тайёрлашга келишиб олинганини тасдиқлади.


-Музокараларда асосий масала сифатида аввал аниқланиб бўлинган чегаралар юзасидан келишимлар муҳокама қилинди. Энди мазкур ҳудудларни бўлиб олиб, аниқланган чегара чизиғини тасдиқлаш жараёнини бошлаймиз, -деди Курбанбай Искандеров.

Ҳукумат расмийсининг айтишича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегара чизиғини аниқлаш жараёни 2006 йилда тўхтаб қолган. Бу жараён фақат 2009 йилдагина жонлантирилди. Агар чегара чизиғини тасдиқлаш юзасидан шартнома лойиҳаси икки давлат томонидан имзоланса, у ҳолда чегаранинг аниқланмай баҳсли бўлиб турган ҳудудларини демаркация қилиш жараёни жонланиши мумкин.

-Бу музокараларнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Негаки, шартномалар имзоланса аниқланиб бўлинган бир неча километрли чегара ҳудудларини тўлиқ қонунийлаштириб оламиз. Бу билан муайян ҳудудлардаги чегара масаласига нуқта қўйилади. Кейин бошқа аниқланган ҳудудларни қонунийлаштиришни бошлаймиз, - деди қирғиз расмийси.

Музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудулар масаласи муҳокама қилинмаган. Бироқ Қирғизистон ҳукумати бу масала январь ойи охирларида Жалолободда ўтадиган учрашув кун тартибига киритилиши мумкинлигини айтмоқда.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Унинг 320 километри баҳсли бўлгани учун шу кунгача аниқланмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига чегара-ўтказиш пунктларининг ҳамон ёпиқ қолаётгани муаммолар пайдо қилмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида расман 15 та чегара ўтказиш пункти мавжуд. Бироқ бу чегара пунктларининг фақат тем ир йўл билан боғлиқ учта бекатигина очиқ қолмоқда. Фуқаролар ва автотранспорт воситаларини ўтказишга мўлжалланган қолган 12 чегара бекати орқали борди-келди қилишга Ўзбекистон томонидан бир томонлама чеклов киритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG