Линклар

logo-print

Киев майдонидаги тўқнашувда уч одам ҳалок бўлди


Украина полициясининг “Беркут” махсус кучлари чоршанба куни эрталаб Киевнинг Грушевский кўчасидаги намойишчилар баррикадалар тикиб олган майдонга ҳужум қилди.

Полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва резина отадиган қуролларни қўллади.

Намойишчилар полиция кучларига қарата тош ва ёндирадиган суюқликлар солинган бутилка идишларни ирғитди.

“Associated press” мухбири хабарига кўра, ўтган тунда Киев марказида полиция ва намойишчилар ўртасида рўй берган тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлган.

Майдонда намойишчиларга тиббий ёрдам кўрсатаётган шифокорлар гуруҳи вакилларидан бири ҳалок бўлганларнинг бири Сергей исмли ёш фаол ўқотар қуролдан яраланиб ҳалок бўлганини айтди.



Ҳозирда марҳум фаолнинг жасади экспертиза учун олиб кетилган. Намойишчига қарата ким ўқ отгани маълум эмас. Шифокорлар бу юзадан изоҳ беришмаяпти.

Бундан аввал Евромайдон штаби 22 ёшли фаолнинг ўлими ҳақида хабар қилган эди. У ҳам ўқ отар қуролдан отилган ўқдан яраланиб нобуд бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг бири келиб чиқиши арман бўлган украин фуқароси, яна бири эса беларус фуқароси экани айтилмоқда.

Ҳалок бўлган яна бир намойишчининг шахси маълум эмас.

Ҳозирда Киев марказида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Украина ҳукумати полиция ходимларига жамоатчилик тартибини таъминлаш учун қаттиқ совуққа қарамай сув пуркагичларни қўллашга руҳсат берди. Ҳозир Киевда 10 даража совуқ.

Кивда полиция кучлари ва намойишчилар ўртасидаги қонли тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда Украина президенти Виктор Янукович мамлакат мухолифати лидерлари билан учрашди.

Музокараларда мухолифат тарафидан Арсений Яценюк, Виталий Кличко, Олег Тягнибоклар қатнашди.

Бу украин мухолифатчиларининг Киевда намойишлар бошланганидан буён президент билан илк учрашувидир.

Арсений Яценюк, Виталий Кличко, Олег Тягнибоклар президент маъмурияти биносини тарк этар эканлар Виктор Янукович билан учрашув ҳақида журналистларга изоҳ беришмади.

Бир кун аввал Украина бош вазири Микола Азаров агар “провокатор”лар ўз ҳаракатларини тўхтатмаса, расмийлар аксил ҳукумат намойишчиларига қарши куч қўллаши ҳақда огоҳлантирган эди.

Россиянинг "Вести 24" телеканалига берган интервюсида Азаров Киев марказидаги намойишчилар ва милиция ўртасидаги тўқнашувларга “бундай вазиятни юзага келтирган мухолифат партиялари етакчилари масъул” эканини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Бош вазир Киевда коммендантлик соати жорий этилиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз эканини айтди.

Киевда тўқнашувлар ўтган ҳафта президент Янукович томонидан намойишларни чеклашга оид қонун имзоланганидан бери давом этмоқда. Қонун бугундан кучга кирмоқда.
XS
SM
MD
LG