Линклар

logo-print

Бўстонлиқ тумани ҳокими ҳибсга олингани хабар қилинди


Тиёншон тоғи этакларида жойлашган Бўстонлиқ туманида оромгоҳлар кўп.

Тиёншон тоғи этакларида жойлашган Бўстонлиқ туманида оромгоҳлар кўп.

Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳокимлигининг Умумий бўлими расмийси туман ҳокими Иброҳим Ҳакимбоев, унинг ўринбосари ва туман бош архитектори ўтган шанба куни қўлга олингани тўғрисида Интернет нашрларда пайдо бўлган хабарларни рад этди.

Айни пайтда туман даражасидаги давлат идоралари ходимлари гапларига қараганда, тилга олинган мулозимларнинг қўлга олингани тўғрисидаги гаплар асоссиз эмас.


Бўстонлиқ тумани ҳокими Иброҳим Ҳакимбоев, унинг ўринбосари ва туман бош архитекторини махсус хизмат ходимлари шанба (19 январь) куни қўлга олгани, ҳибс учун ҳокимнинг гўёки “5 минг доллар миқдорида пора олгани” асос бўлгани тўғрисида ўз манбаларидан олинган маълумотга таяниб, uzmetronom.com сайти хабар қилди. Сайтга кўра, ҳоким порани пора берувчига ер участкаси ажратилишига ўз таъсирини ўтказгани учун олган.

Бўстонлиқ туман ҳокими қабулхонасида навбатчилик қилаётган ҳокимликнинг Умумий бўлими ходими воқеа юзасидан саволимизга жавобан бундай деди:

“Ҳоким ҳам, унинг ўринбосари ҳам шу ерда, ишда. Қўлга олингани тўғрисидаги гаплар ёлғон. Лекин ҳозир улаб беролмайман. Кабинетида йўқлар”.

- Бош архитектор ҳам иш жойидами, деган саволимизга ходим “У ҳақда бир нарса дея олмайман”, деб жавоб берди.

Биз тумандаги бир неча давлат идоралари билан ҳам боғландик.

Улардан бирининг бошлиғи исми ва идораси номи сир қолиши шарти билан айнан мана бу сўзларни айтди: “Бош архитектор нима бўлганини билмайману замҳоким билан ҳоким чиқди, нотўғри муаммо бўлган бўлиб чиқди. Бу гаплар шанба куни пайдо бўлувди. Ҳоким билан ўринбосари кеча ишга чиқди, деб эшитдим. Архитектор ишга чиқдими – йўқми, билмайман”.

Бўстонлиқдаги яна бир давлат идораси бошлиғининг айтганларидан камида туман архитектори қўлга олингани аниқ бўлди:

“Ҳоким касал. Ишга чиқмаяпти. Лекин архитектор қўлга тушганини эшитдик. Бу жума кунги гап. Йиғилишлардаям айтилдию бу гап”.

Воқеа юзасидан бутун ҳақиқатни, албатта, мулозимларни қўлга олган идора билади, лекин бу идорадан маълумот олиш мутлақо имконсиздир.

Бўстонлиқ - Тошкент вилоятининг шимоли-шарқидаги туман бўлиб, Ғазалкент шаҳри унинг марказидир. Тиёншон тоғи этакларида жойлашган бу туманда Тошкент шаҳри ва умуман Ўзбекистон аҳолиси дам оладиган кўплаб оромгоҳлар мавжуд.

Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда йирик тадбиркорлар ва бадавлат мулозимлар айнан Бўстонлиқда “дала ҳовли” аталмиш қасрларини, ресторан ва кафеларини қурмоқдаки, натижада туманнинг ҳар қарич ери нархи кундан кунга ортиб бормоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимларининг молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олиниши кўп кузатилмоқда.

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани ҳокими Обид Зайниддинов 2013 йил 25 декабрда миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олингани хабар қилинганди. Норасмий маълумотларга кўра, ҳоким молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Декабрь ойи бошида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ўз иш кабинетидан бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб чиқиб кетилган эди.

Ноябрда эса, Жиззах вилояти Зомин туманига 2009 йилдан бери ҳокимлик қилиб келган 50 яшар Азимов Ускан Бўрибоевич ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG