Линклар

.Федерал миграция хизмати Россияга меҳнат қилгани келаётган муҳожирлар учун махсус call-марказни ишга туширади. Бу хизмат ёрдамида виза талаб қилинмайдиган давлат фуқаролари Россияда яна қанча вақт туриши мумкинлигини аниқлаб олишлари мумкин. Бундан ташқари яқин вақт ичида Россия Федерал миграция хизмати мамлакатга меҳнат қилгани келган хориж фуқаролари учун янги "Интернет хизмати"ни ишга туширади.

Федерал миграция хизмати Россияга меҳнат қилгани келаётган муҳожирлар учун махсус call-марказни ишга туширади. Бу хизмат ёрдамида виза талаб қилинмайдиган давлат фуқаролари Россияда яна қанча вақт туриши мумкинлигини аниқлаб олишлари мумкин. Бундан ташқари яқин вақт ичида Россия Федерал миграция хизмати мамлакатга меҳнат қилгани келган хориж фуқаролари учун янги "Интернет хизмати"ни ишга туширади.

22 январ куни Москвада ФМС бошқармасининг якуний коллегияси мажлисида сўзга чиққан ташкилот директори Константин Ромодановский янги сервис тўғрисида буларни гапирди.

- Мен хориж фуқаролари учун киритилган 180 кун давомида яшашга рухсат этилган 90 кунлик режимга мувофиқ яна неча кун қолгани тўғрисида маълумот берувчи қўшимча хизмат яратиш буйруғини бердим, деди Россия ФМС раҳбари Ромодановский.

У “180дан 90”, деб номланган янги тартиб мигрантларнинг бир кунда чегарани кесиб ўтиб, яна Россияга қайтиб киришига барҳам беришини эслатиб қўйди.
Таъкидлаш жойизки, “ярим йилда 90 кун” қоидаси фақат Россия Федерациясида ишга рухсатнома ёки мамлакатда яшашга рухсат берувчи бошқа ҳужжатларни ололмаган муҳожирларга тааллуқлидир.

Миграция хизмати бошқармаси раҳбари Константин Ромодановский Коллегия йиғилиши қатнашчиларига биргина Москванинг ўзида меҳнат муҳожирларига ишга рухсатномалар тарқатиш пойтахт бюджетига 2 миллиард рублдан зиёд даромад келтирганини билдирди.

Россия Федерал миграция хизматида Озодликка ФМС раҳбари буйруғи аллақачон бажарилаётганини маълум қилишди.

- Москва ҳукумати вакили Майоров бугунги йиғилишда муҳожирларни текширишга мўлжалланган махсус компьютерлар ва тизимлар ишга тушишини овоза қилди. Ҳозирда ФМС расмий сайтида ҳар қайси хориж фуқароси унга Россияга кириш таъқиқланганми-йўқми маълумотини текшириб берувчи хизмат ишлаяпти. Бундан ташқари, биз яна call-марказлар фаолиятини йўлга қўйяпмиз. Бу марказга қўнғироқ қилиб ёки интернет орқали ариза ташлаб, керакли маълумотларни, жумладан, хориж фуқаролари яна қанча вақт рухсатномасиз Россия ҳудудида яшаши мумкинлиги тўғрисида билиб олишлари мумкин, деди Озодлик сўровига жавоб берган Россия ФМС бошқармаси матбуот маркази вакили Станислав Степанов.

Федерал миграция хизмати ходими ҳозирча рақами +7 (495) 636-98-98 бўлган Телефон қўнғироқларига хизмат кўрсатиш Марказини аллақачон ишга туширганини ҳам қўшимча қилди.

Россияликлар ФМС фаолиятидан норози

Куни кеча Россия ФМС расмий сайтида Россия фуқароларидан Миграция идораси фаолиятини баҳолаш бўйича онлайн-сўров ўтказилди. Сўров натижаларига кўра, қарийб 50% россиялик ФМС фаолиятига салбий баҳо берди.

Озодлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида мустақил сўров ўтказиб, ФМС расмий сайтида муҳожирлар учун очилган “Ахборот хизматлар” маълумотлар базаси нотекис ишлаётгани, кўп ҳолларда нотўғри маълумотлар берилаётгани ва хизматдан фойдаланишнинг ўта мураккаблиги устидан шикоятлар тушаётганини аниқлади.

Россия ФМС расмий хабарига кўра, бугунги кунда 530 минг кишига мамлакатга кириш таъқиқланган, бу шахсларнинг 20 фоизига Москва шаҳри ва вилоятига тўғри келади. Маълум бўлишича, 2013 йилда Россияга 17,6 миллион хориж фуқароси кириб келган, улардан ярмидан кўпи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Айни пайтда, Россия ҳукумати 2014 йилда атиги 100 минг мигрантга ишга рухсатнома берилишини белгилаб берди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг январ ойидан бошлаб Россияда жорий қилинган миграция тартибига биноан, ишга рухсатнома олмаган хориж фуқароси ярим йил давомида 90 кунгина туриши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG