Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:07

Давлат қураётган намунали уй харажати ўқитувчига юкланмоқда


Давлат қуриб, юзлаб миллион сўмга сотилаётган намунавий уйлар харажати Жиззахда ўқитувчи ва шифокорлар ҳисобидан қопланмоқда.
Давлат қуриб, юзлаб миллион сўмга сотилаётган намунавий уйлар харажати Жиззахда ўқитувчи ва шифокорлар ҳисобидан қопланмоқда.

Жиззах вилоятида намунавий уй-жой қурилиши ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида ўқитувчиларга ўлпон солинмоқда. Озодликка йўлланган мактубда келтирилган бу иддаони Жиззахдаги мактаблардан бирининг масъул ходимлари тасдиқлашди. Маҳаллий фаолларнинг айтишларича, ўлпонга тортилган мактаб, боғча ва тиббий муассасалар раҳбарияти бу мажбуриятни ўқитувчи ва шифокорлар маошлари ҳисобидан қоплашга мажбур бўлмоқда. Ҳафта бошида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги ҳам Жиззахда давлат маблағларини мақсадсиз ишлатилаётганига оид хулосаларни эълон қилди.



Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги берган хулосалар асосида Ўзбекистони миллий ахборот агентлиги эълон қилган мақола “Бюджет маблағлари – қатъий назорат остида” дея номланди.

Мақолада, хусусан, “Жиззах вилоятида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши давлат дастурини бажаришда ҳам қатор ҳуқуқбузарлик ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди”, дейилади.

Лекин мақолга асос бўлган ҳисоботда жиззахлик ўқитувчи ва шифокорлар вилоятдаги намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга мажбурлаётгани ҳақида айтилмаган.

Бу ҳақдаги иддаони Озодликнинг ижтимоий тармоқлардаги муштарийлари юборган мактубда кўриш мумкин. “Жиззах шаҳрида яшайман. Шаҳримизда кўп жойларни бузиб ташлаб, янги стадион ва уйлар қуриляпти. Лекин қурилиш ишлари учун мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларидан, шифохона ходимларидан пул талаб қилиняпти. Укам 3-синфда ўқийди, ҳатто уларга ҳам беш минг сўмдан олиб келиш буюрилди. Бу ҳолатни ҳамма жойда кузатиш мумкин. Давлатнинг бунга ҳаққи борми?” деб ёзади Озодлик муштарийси.

Қисқа мактубдаги бу иддао ҳақиқат эканини Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирининг директори ва ўқув ишлари бўйича директор муовини Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан суҳбатдошларимиз шахслари ва овозларини ошкор қилмаймиз.

Ўқув ишлари бўйича директор муовинига кўра, Жиззах вилоят ҳокимлигининг ободонлаштириш ва намунавий уй-жой қуриш масалаларига бағишланган мажлисига мактаб директорлари ҳам чақиртирилган. “Ўтган йили ўтказилган мажлисда бизнинг мактабга 10 миллион сўм топиб бериш вазифаси топширилди. Кейинчалик бу сумма 12 миллион 600 минг сўмга оширилди. Бу пулни тўплаб, қурилиш ташкилотларидан бирига ўтказиб беришимиз тайинланган. Ҳозирча 12 миллион 600 минг сўмнинг ҳаммасини тўплай олганимиз йўқ”, деди бу суҳбатдошимиз.

Озодликнинг мактаб зиммасига юкланган маблағ ўқитувчи ва ўқучилар ҳисобидан тўпланаётгани ростми, деган саволига директор муовини, “Бошқа мактабларда шундай қилиняпти, бизнинг мактабда бунга қўл урганимиз йўқ. Қўшни мактабда яқин қариндошим ишлайди, улардан ойлигининг ярмини ушлаб қолишибди. Лекин, биз ҳомийларни қидиришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ўқитувчиларимизнинг норозилиги ошиб боряпти. Биз ахир мактаб бўлсак, нима учун биз давлат қуриб, кейин сотадиган уйлар харажатини тўлашимиз керак?” дея ҳақли саволни ўртага ташлади суҳбатдошимиз.

Айни мактабнинг директори ҳам вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мактаблардан давлат дастурини бажаришда молиявий кўмак сўраганини тасдиқлади. “Лекин бизни мажбурлашгани йўқ, биз ўзимиз ободонлаштириш ва намунавий уй-жой қуриш давлат дастурининг аҳамиятини тушунган ҳолда, ёрдам беряпмиз. Биз ўқитувчилардан пул олмаяпмиз, ҳомийларни қидиряпмиз. Кейин қурилган янги уйларга харидор топиб бериш мажбуриятини олдик”, дея таъкидлади мактаб директори.

Унинг айтишича, мактаб раҳбарияти ходимлари намунавий уй-жой учун потенциал харидорларни аниқлаб, улар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш билан ҳам шуғулланмоқда.

“Ҳозир бир-иккитасини деярли кўндирдик. Масалан, янги қурилган уйнинг нархи 160 миллион сўм бўлса, ўшанинг 40 миллионини биринчи тўлов сифатида тўлай оладиган одам топишимиз керак. Қолган 120 миллион сўмини кредит сифтаида олиб, секин-аста тўлаб боради. Шунақа уй олвчини топишимиз керак”, дейди суҳбатдошимиз. Лекин мактаб директори ўринбосаридан фарқли ўлароқ, “нега биз бу иш билан шуғулланишимиз керак?” деган саволни ўртага ташламади.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ҳам наъмунавий уй-жой қурилишига доир давлат дастурини вилоят таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари молиялаштиришга мажбурланаётгани ҳеч ким учун сир бўлмай қолганини айтади.

- Намунали уйлар учун, ўша давлат томонидан қурилаëтган коттежлар учун мактабларга, болницаларга, боғчаларга пул, ойликдан пул олиб қолишлар кузатилаяпти. Масалан битта мактабнинг директори, йиғилишда ҳоким битта катта мактаб директорига 10 миллион сўм топасан, деб бўйнига қўяди. Кейин директор нима қилади? Ўқитувчиларнинг ойлигидан ушлаб қолишга мажбур. Масалан мактабда ўқитувчилар, бошланғич синфлар 550-600 минггача ойлик оладиган бўлса, шунинг ярмини олиб қолади.

Намунавий уй-жойларни қуриш давлат дастури дастидан ўқитувчилар ўқувчилар ота-оналаридан ёрдам сўрашга мажбур бўлишаётгани ҳам рост, дея давом этади ҳуқуқ фаоли.

- Ўқитувчилар ҳатто йиғилишлар қилган ота-оналарни чақириш учун. “Бизнинг ойлигимиздан шунча пул олиб қолаяпти. Болалар учун кучларингиз етгунча бизга пулдан ëрдам қилсаларингиз. Агар иложи бўлса, пул ўтказиш йўллари билан ҳам берсаларингиз” деб ҳатто ўқитувчиларнинг ўзи илтимос қилаяпти ота-оналарга, дедий жиззахлик фаол Ўктам Пардаев.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг архитектура ва курилиш бош бошқармаси мулозими Озодликнинг намунавий уйларни қуриш учун ўқитувчилардан пул талаб қилинаётганига оид вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

Лекин Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги Жиззах вилоятида давлат маблағлари мақсадсиз сарфланаётгани тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилгани Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг чоршанба куни вилоятга келиши кутилатёганини билдирди.
XS
SM
MD
LG