Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:25

Покистон армияси 33 ўзбек жанггариси ўлдирилганини иддао қилди


Покистон армияси тарқатган хабарга кўра¸ сешанба куни Шимолий Вазиристон минтақасида ўтказилган ҳарбий амалиëтлар давомида 40 дан ошиқ жанггари ўлдирилган ва уларнинг 33 нафари ўзбеклардир. Озодлик манбаларининг таъкидича¸ ўлдирилган ўзбеклар Толибонга алоқадор Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир.


Покистон Мудофаа вазирлиги тарқатган расмий баëнотга кўра¸ толибон қўмондонлари ва улар ҳамкорларига қарши сешанба куни уюштирилган ҳужумлар давомида 33 нафар ўзбекдан ташқари уч нафар германиялик жанггари ҳам ўлдирилган.

Ўлдирилганлар орасида Покистонда фаолияти тақиқланган Таҳрики Толибон етакчилари Вали Муҳаммад¸ Исмат Шаҳин Батни¸ Нур Бадшаҳ¸ ҳамда Мавлавий Фарҳод исмли ўзбек қўмондони ҳам борлиги айтилмоқда.

Толибон ва ЎИҲ жанггарилари базасига уюштирилган бу ҳаво ҳужумлари¸ Покистон армиясининг якшанба куни Банну туманидаги хавфсизлик кучларига қарши Толибон амалга оширган ҳужумига жавоби экани айтилмоқда. Бу худкушлик ҳужуми оқибатида 23 одам¸ асосан¸ ҳарбийлар нобуд бўлди.

Ҳозирча Толибон ва ЎИҲ базасига қарши сешанба кунги ҳужумга оид бошқа тафсилотлар очиқланмади.

Покистонлик мустақил журналист ва Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолияти бўйича қатор китоблар муаллифи Аҳмад Рашид¸ 22 январь куни расмий нашрлар тарқатган бу хабарга ишончсизлик билан қарашини айтади:

- Покистон армияси тарқатган бу хабарни мустақил манбалар томонидан текширишнинг имкони йўқ. Армиянинг Шимолий Вазиристон ҳудудини назорат қилувчи қуруқлик қўшинлари йўқ. Сешанба кунги ҳужум ҳаводан уюштирилган. Ҳаво ҳужумидан сўнг қандай қилиб 33 нафар ўзбек жанггарисини ўлдирдик¸ деб баëнот бериш мумкин¸ буни тушуниш қийин. Осмондан туриб нечта одамнинг аниқ ўлгани ва улардан қай бирининг ўзбек¸ қай бирининг германиялик ëки покистонлик эканини ҳарбийлар қандай аниқлаган¸ буниси ҳам қоронғу¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Аҳмад Рашид.

Озодлик суҳбатлашган Шимолий Вазиристондаги бошқа манба¸ Покистон армиясининг жанггарилар¸ хусусан¸ ўзбек жанггарилари орасида ўз айғоқчилари борлиги ва сешанба кунги ҳужум аниқ маълумот асосида аниқ объект ва аниқ шахсларни нишонга олганини таъкидлади.

Покистон расмий ҳукумати назоратидан ташқарида - қабилалар томонидан бошқариладиган Шимолий Вазиристон Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари учун йиллардан бери асосий база бўлиб қолмоқда.

“Ўзбек жанггарилари ҳали-ҳамон Покистон ҳукумати учун бош оғриқ бўлиб турибди ва АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши олдидан армия бу бош оғриқдан қутулишга ҳаракат қилмоқда”¸ дейди минтақадаги Озодлик манбаси.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетгач¸ ЎИҲ минтақага таҳдид соладими?

2014 йил охирига қадар АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонни тарк этиши¸ минтақа ҳукуматлари хавотирича¸ Толибон ва унга маслакдош жанггари исломий гуруҳлар фаолияти кучаювига олиб келади.

Афғонистоннинг бундай гуруҳлар учун қайта бехавотир маконга айланиши Марказий Осиëда исломий экстремизм кучаювига олиб келади ва минтақадаги барқарорликка жиддий таҳдид солади¸ дея таъкидламоқда бу минтақа расмийлари.

Покистонлик мустақил журналист ва таҳлилчи Аҳмад Рашид¸ бу таҳликанинг минтақа ҳукуматлари томонидан бўрттирилаëтганини таъкидлай туриб¸ АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ЎИҲ ни фаоллаштирмай қолмайди¸ дея фикр билдиради:

- Ўзбекистон исломий ҳаракатининг юзлаб жанггариси кўпдан Тожикистон¸ Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудига ўтишга уринаëтгани бор гап. Аммо бир неча юз жанггари минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳукуматини ағдариб¸ исломий давлат қуришга қодир эмас. Таҳдид¸ уларнинг турли террор хуружлари амалга ошириб¸ вазиятни беқарорлаштиришга туртки бўлишларидадир. Асл муаммо¸ асл беқарорлик омили эса¸ минтақа¸ айниқса Ўзбекистон ҳукумати олиб бораëтган¸ миллионлаб одамни қашшоқлаштириб¸ сиëсий ва диний эътиқод эркинлигини бўғиб келаëтган сиëсатдир. Ўзбекистондаги барқарорликка энг катта таҳдид айнан шу сиëсат ва у ўзгармагунча¸ асл беқарорлик ўчоғи ëниб тураверади¸ дейди покистонлик мустақил таҳлилчи.

Асосан ўзбекистонликлар, шунингдек Марказий Осиё, Кавказ ва собиқ совет давлатларининг бошқа мусулмон мамлакатлари жанггариларидан ташкил топган Ўзбекистон исломий ҳаракати 2001 йил кузида Америка ва халқаро кучлар ҳужумларидан кейин Покистоннинг Афғонистонга туташ қабилалар назоратидаги минтақаларда макон топган.

Ҳаракат асосчиси Тоҳир Йўлдош Покистон ҳарбийларининг мамлакат шимол-ғарбидаги жанггарилар базасига қарши 2009 йил августида уюштирган ҳужуми оқибатида ўлдирилган эди. Тоҳир Йўлдошдан кейин ҳаракатга амир этиб тайинланган унинг куёви Усмон Одилнинг ҳам 2012 йилда ҳалок бўлгани ва Усмон Ғозий ҳаракат раҳбари бўлганига оид хабарлар бор.

Сешанба кунги ҳужумда ўлдирилгани айтилаëтган ўзбек қўмондони Мавлавий Фарҳоднинг ким экани ва ҳаракатда қандай мақомга эга эканига оид ишончли маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG