Линклар

OzodJavobнинг навбатдаги сонида исм ёки фамилияни ўзгартириш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Самарқандлик 44 яшар Мурод OzodJavobга мурожаат қилиб, фамилиясини ўзгартириш нияти борлиги ва бунинг учун кимга мурожаат қилишни билмаётгани ҳақида ёзди.

“Фамилиямдан –ов қўшимчасини олиб ташламоқчиман. Бунга ҳаққим борми ўзи, буни билмайман. Агар ўзгартириш мумкин бўлса, кимга мурожаат қилиш керак? Қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Қанча муддатда ўзгартириб беришади? Илтимос шулар борасида маълумот берсангиз”, дея сўради самарқандлик Мурод ака.

Ўзбекистон Оила кодексининг 28-бобига кўра, ҳар бир фуқаро исм-фамилиясини ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Маълум сабабга кўра, исми ёки фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлган фуқаро ўзи яшайдиган ҳудуддаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимига мурожаат қилади.

Тошкентдаги ФҲДЁ бўлимларидан бирининг исмини очиқламаётганимиз ходимига кўра, 16 ёшга тўлмаган фуқаро исм ёки фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлса, ота-онасининг розилиги талаб қилинади.

“16 ёшга тўлмаган фуқаро исми, фамилияси ёки отасининг исмини ўзгартирмоқчи бўлса ЗАГС идорасига ўзи ва албатта ота-онаси билан келиб ариза топшириши керак. Ариза ота-она номидан ёзилиб, фарзандининг розилиги ҳам кўрсатилади”, дейди ФҲДЁ ходими.

16 ёшга тўлмаган фуқаро исм ёки фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлса, ФҲДЁ бўлимига қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

- Ўзининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

- Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви нусхаси;

- Ота-онасининг паспорти;

- Ота-онасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;

- Ота-онасининг никоҳини тасдиқловчи ҳужжат (Никоҳ гувоҳномаси)


ФҲДЁ бўлими ходимига кўра, 16 ёшга тўлмаган фуқаронинг исми ёки фамилияси бир кун ичида ичида ўзгартирилиши мумкин.

Лекин 16 ёшдан катта бўлган фуқароларнинг исми ёки фамилиясини ўзгартириш борасидаги аризаси 45 кун мобайнида кўриб чиқалади.

"16 ёшдан катта фуқаролар ариза ва ҳужжатларини бизга яъни ЗАГС бўлимларига топширади. Биз бу ҳужжатларни Ички ишлар бўлимига жўнатамиз. Ички ишлар органлари 30 куни мобайнида махсус текширувдан ўтказгандан сўнг бу борада хулоса беради. Шу хулоса асосида янги фамилия ёки исм берилади", дейди ФҲДЁ ходими.

16 ёшдан катта бўлган фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар:

- Ариза берувчининг паспорти;

- Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;

- Агар ота-онаси билан бирга яшаса, ота-онасининг никоҳ қоғози;

- Ота-онасининг паспорти;


"Агар фуқаро бувасининг исмини абадийлаштириш мақсадида ўзининг фамилиясини бувасининг исмига ўзгартирмоқчи бўлса, тасдиқловчи ҳужжат сўралади. Яъни отасининг туғилганлик гувоҳномасида бувасининг исми бўлиши керак. Бу ҳужжатни ҳам бизга тақдим қилишлари лозим", дейди ФҲДЁ ходими.

Демак, қонунда исм ёки фамилияни алмаштиришга бирор тўсқинлик йўқ. Лекин ФҲДЁ ходимига кўра, фуқаро исм ёки фамилиясини ўзгартирса, бошқа барча ҳужжатларини алмаштириши шарт бўлади.

"Мен ёши катталарга исм ёки фамилиясини ўзгартиришни маслаҳат бермаган бўлардим. Дейлик, 40 ёшдаги киши фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлса, у 40 йиллик ҳужжатларининг барчасини алмаштириши шарт. Аввало туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ўзгартирилади. Шу асосида мактабдан олинган аттестат, институтни тугатгани ҳақида диплом, ҳайдовчилик гувоҳномаси, уй дафтари, ҳарбий билет каби ҳамма ҳужжатларини ўзгартириб чиқиши шарт. Ҳар битта ҳужжатни тўғрилаш учун шу ташкилотларга бирма-бир бориб чиқиши лозим. Кейин мерос, васийлик масалаларида ҳам улар қийналишлари мумкин", дейди ФҲДЁ ходими.

Амалдаги тартибга кўра, агар ота-онанинг ҳар иккаласининг фамилияси ўзгартирилганида уларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларининг фамилияси ҳам ўзгартирилади.

Агар ота-онадан бири ўз фамилиясини ўзгартирса, уларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари фамилиясини ўзгартириш масаласи ота-онанинг келишувига биноан, бундай келишув бўлмаганда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳал этилади.

Ота исмининг ўзгартирилиши унинг 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ота исми албатта ўзгартирилишига сабаб бўлади.

Фуқаро исми ёки фамилияси ўзгарганлиги тўғрисида ИИБга 7 кун мобайнида, агар ариза берувчи ҳарбий хизматга мажбур бўлса, мудофаа ишлари бўлимига хабарнома юборилади.

** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий, агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon манзилига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG