Линклар

Қозоғистонда Россияга кетаётган ўзбек мардикорлари қутқарилди


Қозоғистонлик қутқарувчилар машиналари.

Қозоғистонлик қутқарувчилар машиналари.

Тошкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб кетаётган ва ичида 50 нафар ўзбекистонлик бўлган Vanhool русумли автобус 22 январь куни Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида бузилиб қолган. Автобус ичидаги йўловчиларнинг барчаси маҳаллий қутқарувчилар томонидан хавфсиз жойга эвакуация қилинган.


Бу ҳақда Озодликка Қарағанда вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот котиби Жанна Дауренбекова маълум қилди.

Унинг айтишича, ўзбекистонликларни Россияга олиб кетаётган автобус электр жиҳозлари носозлиги туфайли Олмаота-Екатеринбург трассасида тўхтаб қолган.

- Кеча соат 23.25 да Тошкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб кетаётган автобус электр жиҳозлари ишламай қолгани туфайли Олмаота-Екатеринбург автойўлининг 866-километрида тўхтаб қолгани ҳақида хабар келди. Воқеа жойига етиб борган Шет туман Фавқулодда вазиятлар бўлими тезкор гуруҳи томонидан 50 йўловчи эвакуация қилинган ва Аксу-Аюли қишлоғидаги мактаб спортзалига жойлаштирилган. Автобус йўловчиларининг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ, - деди Жанна Дауренбекова ўзбекистонликлар иссиқ жой билан таъминланганини қўшимча қиларкан.

Маълумотларга кўра, шу кунларда Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида ҳаво ҳарорати ўртача -15 -20 даражани ташкил қилмоқда, тунлари эса бу ерда ҳарорат -30 даражагача тушаяпти.

Қарағанда вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот котибига кўра, йўловчиларни эвакуация қилиш Шет туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, маҳаллий ёнғинни ўчириш хизмати ва маъмурий полиция кучи ва маблағи ҳисобидан амалга оширилган.

Жанна Дауренбекованинг айтишича, автобусдаги носозликларни бартараф қилишга ҳозирда маъмурий полиция вакиллари ёрдам кўрсатмоқдалар.

“Бу фавқулодда вазият бўйича Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакиллари сиз билан боғланиб, ўз мамлакати фуқаролари тақдири билан, қанақа ёрдам зарурлиги билан қизиқдими?” деган саволимизга Қарағанда вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот котиби “йўқ”, дея жавоб берди.

- У ерда жабрланганлар йўқ, ҳамма соғ-омон, яна қанақа ёрдам керак бўларди уларга? – деди Жанна Дауренбекова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, автобусдаги носозликлар бартараф этилиши билан ўзбекистонликлар яна ўз йўлларига равона бўлишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Россияда, расмий маълумотларга кўра, 2 миллион 750 минг нафарга яқин, норасмий маълумотларга кўра эса, 5 миллиондан 8 миллионгача ўзбекистонлик муҳожир меҳнат қилади. Бу меҳнат муҳожирларнинг ҳаммасида ҳам ватанига самолётда учиш имкони бўлмагани учун уларнинг аксарияти арзонроқ тушадиган автобуслар хизматидан фойдаланадилар. Ўзбекистондан Россияга кетувчи автобусларнинг ҳаммаси Қозоғистон орқали ўтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG