Линклар

Украина мухолифати етакчилари президент муддатидан аввал сайлов ўтказилишини эълон қилмаса, аксилҳукумат намойишчилари “ҳужумга ўтиши”дан огоҳлантирмоқда. Чоршанба куни президент Виктор Янукович билан ўтказилган музокараларда бўҳронни ҳал қилиш бўйича конкрет натижаларга эришилмагани боис, мухолифат етакчиси Виталий Кличко пайшанба куни умумхалқ иш ташлаш уюштиришга чақирди.



Украина парламенти Киевда давом этаётган қарама-қаршиликлар авж олаётгани боис таътилдан муддатидан аввал ишга қайтадиган бўлди. Президент Виктор Янукович парламент раиси Владимир Рибак билан учрашиб бўҳронни ҳал этиш мақсадида фавқулодда мажлис ўтказилишини илтимос қилди.

Янукович мухолифат етакчилари билан давом этаётган музокаралар сиёсий бўҳронни ҳал қилишнинг бир жиҳати бўлишини таъкидлаб, муҳокамаларни парламентга кўчириш лозимлигини билдирди.

Айни пайтда, Киев марказида норозилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида вақтинчалик сулҳ эълон қилинган. Бу сулҳ мухолифат етакчиларининг преидент билан учрашуви якунига қадар амал қилиши айтилмоқда. УДАР мухолиат партияси етакчиси Виталий Кличконинг музокаралар натижаси ҳақида маҳаллий вақт билан кечки соат 8да Мустақиллик майдони яқинида жойлашган Грушевский кўчасида намойишчиларга ҳисобот бериши кутилмоқда.

Хабар агентликларига кўра, намойишчилар милиция кучларига қарата тош отишни тўхтатишган. Ўт ўчирувчилар баррикадаларда ёнаётган машина баллонларини ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

Учта асосий мухолифат партиялари етакчилари ўз тарафдорларини президент Виктор Януковичга берилган 24 соатлик муҳлат тугагунига қадар зўравонликлардан тийилиб туришга чақирди.

Мухолифат етакчилари Виталий Кличко, Арсений Яценюк ва Олег Тяхнибок президент Януковичдан пайшанба куннинг якунига қадар муддатидан аввал президент сайловларини эълон қилишни талаб қилмоқда. Бу талаб чоршанба кунги зўравонлик пайтида аксилҳукумат намойишчиларнинг камида уч нафари ҳалок бўлиши ортидан илгари сурилди.

Чоршанба куни ҳалок бўлганларнинг икки нафари ўқ тегиши натижасида нобуд бўлди. Яна бир фаол Юрий Ербецкийнинг жасадини моргда, унинг яқинлари тан олди. Хабарларга кўра, бир гуруҳ номаълум шахслар тарафидан 21 январ куни ўғирлаб кетилган.

Чоршанба куни рўй берган тўқнашувларда 300га яқин одам жароҳатланди. Ички ишлар вазирлигига кўра, 75 киши қўлга олинган.

Киев марказида намойишчилар ва милиция махсус кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик пайшанба куни ҳам давом этмоқда. Ўртада ясалган баррикадаларда машина баллонлари ёқилмоқда.

Пайшанба куни Янукович Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо билан телефонда суҳбатлашиб, Украинада фавқулодда вазият жорий қилинмаслигини ваъда қилган.

Айни пайтда Украинада сиёсий бўҳрон кескинлашаётган бир пайтда Киевга Европа Иттифоқи мулозимларининг келиши кутилмоқда.

ЕИ Комиссияси матбуот вакили Оливье Баййиниг маълум қилишича, ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича олий комиссари Штефан Фюле жума куни Киевга сафар қилиб, Украина расмийлари билан музокара ўтказади. Бу музокаралардан кейин ЕИ ташқи сиёсати бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон ҳам келаси ҳафта Украинага ташриф буюриши мумкин.

Янукович билан телефон суҳбатида Баррозо яна бир бор Украинада зўравонликлар авж олаётганидан чуқур ташвиш билдирган ва бўҳрон ҳал этилмаса, Киевнинг ЕИ билан муносабатларига путур етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Украинада рўй бераётган воқеалар espreso.tv сайти томонидан жонли эфирда ёритилмоқда.



Чоршанба куни кечқурун Киевнинг Мустақиллик майдонида, ўн минглаб мухолифат тарафдори олдида қилган чиқишида Кличко пайшанба куни тушдан умумий ишташлаш бошлашга чақирди. Тушдан кейин мухолифат етакчиларининг яна Янукович билан музокара ўтказиши кутилмоқда.

- Мен президентга мурожаат қилмоқдаман. Унинг айни дамда бу ерда бўлаётган воқеаларни кўриб турганини биламан. Жаноб президент, ҳали ҳам муаммони ҳал қилиш имконияти бор. Муддатидан аввал президент сайловини ўтказиш вазиятни қон тўкилишисиз ўзгартиради. Халққа қулоқ солинг! Уларни назардан четда қолдирманг. Вазиятни ҳал қилинг! Чунки халққа қулоқ солмасангиз, улар сизни қулоқ солишга мажбур қилиш учун барча чорани ишга солади, деди Кличко.

Мухолифат етакчиси агар Янукович намойишчилар талабларини бажармаса, “биз жипслашамиз, тарафдорларимиз сони кўпаяди ва ҳужум бошлаймиз”, дея огоҳлантирди.

Мухолифатнинг яна бир етакчиси Яценюк чоршанба куни қилган чиқишида Януковичнинг вазиятдан тинч йўл билан чиқиши учун 24 соат муҳлати борлигини айтиб, агар бунинг учун керак бўлса ўлимга тайёрлигини таъкидлади.

“Агар у бу йўлни танлашдан бош тортса, биз биргаликда олға борамиз. Агар бунинг учун бошимга ўқ ейишимга тўғри келса, бошимда ўқ еганим бўлсин”, деди Яценюк.

- Виктор Янукович! Қарор қабул қилишингиз учун 24 соат вақтингиз бор! мен ўзим учун қарор қабул қилдим. Яшасин Украина!- дея хитоб қилди Яценюк.

Ўз навбатида, Янукович мухолифат етакчилари билан чоршанба куни ўтказилган музокараларни “биринчи қадам”, дея атади.

Айни пайтда, Мустақиллик майдонига яқин жойлашган Киевнинг Грушевский кўчасида ёқилган машина баллонларидан чиқаётган қора тутун осмонга кўтарилмоқда.

Полиция сув пуркагичлардан оловни ўчиришга уринмоқда ва намойишчиларга қарши швоқинли гранаталарни ишга солмоқда.

Аксилҳукумат чиқишлари ўтган йилнинг ноябрида президент Янукович кутилмаганда Европа Иттифоқи билан эришилиши керак бўлган ҳамкорлик битимини имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди.

Ўтган ҳафта Украина парламенти аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қоунунни қабул қилгани норозиликларни янада авж олдирди. Янги қонун чоршанба куни кучга кирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG