Линклар

Бўҳрон авж олаётган Украинага Европа расмийларининг келиши кутилмоқда


Украинада сиёсий бўҳрон кескинлашаётган бир пайтда Киевга Европа Иттифоқи мулозимларининг келиши кутилмоқда.

ЕИ Комиссияси матбуот вакили Оливье Баййиниг маълум қилишича, ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича олий комиссари Штефан Фюле жума куни Киевга сафар қилиб, Украина расмийлари билан музокара ўтказади. Бу музокаралардан кейин ЕИ ташқи сиёсати бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон ҳам келаси ҳафта Украинага ташриф буюриши мумкин.

Баййининг яна айтишича, Украина Президенти Виктор Янукович пайшанба куни эрталаб Европа Комиссияси Жозе Мануэл Баррозо билан телефон суҳбатида мамлакатда фавқулодда вазият жорий этилмаслигини ишонтириб ваъда қилган.

Телефон суҳбатида Баррозо яна бир бор Украинада зўравонликлар авж олаётганидан чуқур ташвиш билдирган ва бўҳрон ҳал этилмаса, Киевнинг ЕИ билан муносабатларига путур етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG