Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:29

Ўзбекистонда мижозлар учун Интернет нархи арзонлаши мумкин


Ўзбекистон президенти Интернетни бўғишга уринишни "ахмоқлик" деб атаганига қарамай¸ мамлакатда мустақил ва мухолифа Интернет саҳифалари тўсиб қўйилган.
Ўзбекистон президенти Интернетни бўғишга уринишни "ахмоқлик" деб атаганига қарамай¸ мамлакатда мустақил ва мухолифа Интернет саҳифалари тўсиб қўйилган.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мамлакатдаги Интернет провайдерларга ўз мижозларига тақдим этилаëтган хизмат тарифларини пасайтиришни тавсия этди.

Қўмита 22 январь куни тарқатган расмий хабарга кўра, Ўзбекистондаги оператор ва Интернет провайдерлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, уларга Интернет хизматлари учун тариф нархларини арзонлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган Интернет хизматлари сифати ва кўламини ошириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилган.

Қўмита маълумотларига кўра, 2013 йилдаЎзбекистонда халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий тезлиги 1,3 баробар ошган ва бугунги кунда дақиқасига 10 гигабитдан ошиқ маълумот олиш имкони мавжуддир.

Расмий иддаога кўра¸ 2011 йил билан таққослаганда Ўзбекистонда Интернет тармоғига уланишнинг техник имконияти 16 баробар ошган.

Айни пайтда¸ провайдерлар кўрсатаётган Интернет хизмати¸ мутахассисларга кўра¸ талаб даражасида эмас.

Ўзбекистонда нашр этиладиган Infocom Интернет журнали бош муҳаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда кенг полосали Интернет ҳали ҳам кўпчилик ўзбекистонликлар учун орзу бўлиб қолаётганини айтади:

- Ўзбекистонда Интернет ривожи кўрсаткичлари ёмон эмас. Лекин бошқа мамлакатлар бу борада анча ўзиб кетган. Ҳозир бизнинг фойдаланувчиларимиз ҳам Интернетда филм кўришни истамоқда. Лекин провайдерлар кўрсатаётган Интернет хизмати бу борада заифлик қилмоқда¸ дейди Сучков.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси маълумотларига ишонилса¸ ҳозир Ўзбекистонда ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланиш имконига эга.

Ўзбекистонда мобил телефон операторларининг 3G Интернет хизматини йўлга қўйгани фойдаланувчилар сонининг ошишига туртки бўлган омиллардан биридир.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 10 миллиондан ошган, шулардан 5 миллиондан кўпининг Интернетга мобил алоқа орқали кириши айтилади.

- Кўпчилик тармоққа мобил телефон орқали киради. Лекин масала ўзбекистонликларнинг Интернетдан фойдалана олиш, олмаслиги ҳақида кетаётгани йўқ. Масала¸ Интернет сифати ва нархида. Айнан мана шу бўйича ортда қолаяпмиз¸ дейди Сучков.

Декабрь ойида “Ўзбектелеком” ширкати Ўзбекистон провайдерлари учун ташқи канал нархини 30 фоизга арзонлатиб, секундига 1 мегабит учун 322,04 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган эди.

Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистонда провайдерлар учун ташқи Интернет каналдан фойдаланиш хизматлари 7 марта камайтирилди. Лекин провайдерлар мижозларга кўрсатилаëтган хизмат тарифларини сезиларли туширмади.

Ҳозир Ўзбекистон минтақа мамлакатлари орасида Интернет хизмати энг қиммат бўлган мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Аҳолининг ўртача ойлиги 200 доллар атрофида бўлган Ўзбекистонда ойига Интернет учун 100 доллардан кўпроқ ҳақ тўлашга тўғри келади.

- 256 килобайт тезликдаги лимитсиз Интернет учун ойига 129 доллар тўлаймиз. Нима қиламиз, биз учун бошқа танлов йўқ, Интернет керак, дейди Акмал исмли ўзбекистонлик фойдаланувчилардан бири.

Жаҳон мамлакатларидаги Интернет тезлиги ва сифатини тадқиқ этувчи Оokla ширкати рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон Интернет тезлиги бўйича жаҳондаги 188 мамлакат ўртасида 170-ўринга қўйилди.

Ширкатнинг NetIndex хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Интернет тезлиги сониясига 2,42 Мб ни ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳукумати бир неча йилдан буён Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг "Интернет душманлари" рўйхатидан тушмай келади.
XS
SM
MD
LG