Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:04

Қозоқ полицияси қийноқ қўллагани учун мазлумга 13 минг доллар товон тўлайди


Қозоғистоннинг Қостанай вилоят суди аппеляция коллегияси полиция томонидан қийноққа солинган Александр Герасимовга маънавий зарар учун товон тўлаш ҳақидаги шаҳар суди қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Қостанайлик Александр Герасимовнинг полиция томонидан асоссиз қийноққа солингани айтилади.

Қостанайлик Александр Герасимов 2007 йилда асранди ўғлини излаб полицияга мурожаат қилган . Унинг ўғли бир жиноятга алоқадорликда айбланиб қисқа муддатга ушланган. Ўша пайтда Герасимов унинг ўзи ҳам ҳибсга олиниши ва қийноққа солиниши хаёлига келтирмаган .

Александр Герасимов
Александр Герасимов
Бир неча кундан сўнг Герасимов ва унинг ўғлига ҳеч қандай айблов эълон қилмасдан уйига жавоб беришди. Бироқ Герасимов бош чаноғи ва буйраги қаттиқ лат егани учун касалхонага тушди.

Ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар учун полицияни жавобгарликка тортиш мақсадида Александр Герасимов Бирлашган Миллатлар ташкилотининг аралашуви билан маҳаллий судлардан йиллар давомида адолат излади.

Ва ниҳоят, жорий йилнинг 23 январь куни Қостанай вилояти судининг аппеляция коллегияси Александр Герасимовга маънавий зарар учун товон тўлаш ҳақидаги шаҳар суди қарорини ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида қарор чиқарди.

2013 йилнинг ноябрь ойида Қостанай шаҳар суди Александр Герасимовга маънавий зарар етказгани учун Вилоят ички ишлар департаментига икки миллион танга(13 минг АҚШ доллари) миқдорида товон тўлаш мажбуриятини юклади.

Александр Герасимовнинг Озодлик мухбирига суд қароридан хурсанд бўлганини айтади:

- Албатта, суднинг бу қароридан бошим осмонга етди. Суд қарорни ўқиётганда, менга охиригача курашиш ҳақида маслаҳат берган отамни эсладим. Мен касалхонада осма укол олиб ётганимда, отам палатага кириб биринчи бор мени бу аҳволда ётганимни кўрган ва ҳеч нарса демасдан чиқиб кетганди. Отам дарҳол полицияга ариза ёзган ва менга бу ишни охирига етказишни буюрган. Мен отамнинг айтганини бажарганимдан хурсандман, дейди Александр Герасимов.

2012 йилнинг май ойида БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси Александр Герасимов аризаси бўйича текшириш олиб бориш ва у чеккан азоблар учун товон тўлаш мажбуриятини Қозоғистон ҳукумати зиммасига юклаган эди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ҳам милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жиноят содир қилинганликда гумонланиб ҳибсга олинган одамлар қийноққа солинишини айтиб келадилар.

Ўзбекистондаги қийноқларни мониторинг қилиб келадиган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов шу пайтгача судларда қийноқлар қўлланилганини даъво қиладиган иш кўрилганига гувоҳ бўлмаганини айтади:

- Ўзбекистонда қийноқлар бўлган, бор ва кучайиб кетяпти. Лекин ҳеч ким судга мурожаат қилмайди. Бизнинг одамлардаги бу ҳолатни мен қўрқоқлик деб айтган бўлар эдим. Биз ҳам шундай фактларга кўп дуч келганмиз. Милициядан ўлгудай калтак еб чиққан, аъзои бадани момоталоқ бўлганларга “юр медэкспертизага борайлик, судга берамиз” десак, “қўйинг ака, тирик қолганимга шукр”, дейишади. Токи одам ўз ҳуқуқи учун ўзи курашмас экан, шундай бўлиб қолаверади, дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG