Линклар

Киевда намойишчилар ҳукумат тарафидан илгари сурилган вақтинчалик сулҳ шартларига рози эмасликларини билдиришди.

Пайшанба куни тунда Украина мухолифати етакчилари ва президент Виктор Янукович ўртасида ўтган учрашувда қўйилган шартларга кўра, намойишчилар зўравонликлардан тийилиб, кўчаларга ўрнатилган баррикадаларни олиб ташлашлари керак.

Украинанинг Ички ишлар вазири Виталий Захарченко агар сулҳ тузилса ҳуқуқ-тартибот органлари намойишчиларни ҳибсга олишни ва уларни жавобгарликка тортишни тўхтатиши ҳақида баёнот берди.

Бундан ташқари, мамлакат Бош прокурори сўнгги бир неча кун давомида ҳибсга олинган намойишчиларни озод этиш аризаси билан судларга мурожаат қилишини маълум қилди.

Бироқ ҳибсга олинган намойишчилар амнистияга тушмаслиги ва келажакда барибир жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сулҳ шартлари президент Виктор Янукович ва мухолифат раҳбарлари Арсений Яценюк, Виталий Кличко ва Олег Тягнибок ўртасида ўтган сўзлашувлар пайтида эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG