Линклар

Тошкентлик эр-хотин “гаишник”ни калтакламоқчи бўлди. Навоийда тўрт нафар хўранда овқатдан заҳарланиб ботулизмга чалинди. Қирғизистонга “жононга борган” наманганлик йигитлар чегарада ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Навоийда тўрт нафар хўранда овқатдан заҳарланиб ботулизмга чалинди”

Умумий овқатланиш шахобчалари – ошхона, ресторан, кафеларда санитария-гигиена қоидалари бузилиши оқибатида заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда (“Оила даврасида”, 23 январь).

Масалан, Навоий шаҳридаги ошхонада уй шароитида тайёрланган бодринг консервасидан тўрт нафар хўранда заҳарланиб, ботулизм касалига чалинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика давлат санитария эпидемиология назорат маркази вакили Қамариддин Боқиев ҳар бир мижоз ўзи овқатланаётган жойда унга тақдим этилаётган таомнинг тайёрланиш жараёни ва масаллиқлар тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқига эга эканини эслатади.

Марказ расмийсига кўра, кўча-кўйда усти очиқ ҳолда сотилаётган пиражка, гўмма, сомса ва бошқа маҳсулотларга ишониб бўлмайди. Кўча шароитида ҳар қандай таомнинг сотилиши тақиқланади.

“Асакада беш эшикли “Chevrolet Orlando” ишлаб чиқарилади”

“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси жорий йилда янги русумдаги “Chevrolet Orlando” машинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди (“Инсон ва қонун”, 21 январь).

У беш эшикли ва етти ўриндиқли оилавий машина саналади. Хабарга кўра, янги автомобил ҳайдовчи ва олдиндаги йўловчи учун хавфсизлик ёстиқлари билан жиҳозланади. Рул устунини бўйига ва энига мослаштириш, олдинги ўриндиқларни тўрт йўналиш бўйича силжитиш мумкин.

Бундан ташқари, автомобил ёмғир датчиги, иқлим ва йўл назорати каби қўшимча имкониятларга эга. Янги русумдаги автомобил қачон ишлаб чиқарила бошлаши ва нархига оид тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

“Экологик ҳуқуқбузарликлар йилдан йилга кўпаймоқда”

Ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилишга оид қонунларни бузиш, экологик ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар сони ошиб бормоқда (“Экоҳаёт”, 22 январь).

Ўзбекистонда муҳофаза қилинадиган ҳудудларнинг умумий майдони республика умумий майдонининг 2 фоизини ташкил этган. Айни пайтда ушбу майдонни 5 фоизга ошириш зарур. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Холбоевга кўра, мамлакатдаги биологик хилма-хилликни сақлаб қолишда муҳофаза этиладиган ҳудудлар талаб даражасида фаолият олиб бормаётир.

Қирилиб кетаётган ноёб ҳайвон ва ўсимликларни сақлаб қолиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш керак. Шунингдек, муҳофаза қилинадиган ҳудудларни ягона бошқарув тизимига ўтказиш лозим. Ҳудудлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар каби турли идораларга тегишли бўлгани сабабли бошқарувда муаммолар юзага келмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Қизил китобига умуртқасиз ҳайвонларнинг 77 тури, умуртқалиларнинг 184 тури, ўсимликларнинг 324 тури киритилган.

“Саратонни даволаш қўшноч ва табибларнинг қўлидан келмайди!”

Ўзбекистон аҳолисининг тиббий маданияти пастлиги сабабли саратон ўсмаси 35-40 фоиз ҳолатда кечикиб – даволаш мураккаб бўлган ва беморни ногиронликка олиб келадиган босқичда аниқланмоқда (“Ўзбекистон овози”, 23 январь).

Ўзбекистон Онкология илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Саримбек Наврўзовга кўра, ўпка саратонига чалинган беморларнинг 96 фоизи сигарет, оғиз бўшлиғида учрайдиган саратонга чалинган беморларнинг 80 фоизи носвой чекувчилар ҳисобланади.

Маркази раҳбарининг уқтиришича, қўшноч ва табиблар саратонни даволаши ҳақидаги овозаларга ишониб бўлмайди. “Ҳар қандай ёмон сифатли ўсмаларни гистологик усулда тасдиқламай, уни даволашга киришган одамдан қўрқиш керак. Бир пайтлар саратонни даволайман дея жар солган бир табиб томонидан “даволанган” беморлар атрофлича текширилганда, уларнинг бирортасида саратон мавжудлиги тасдиқланмаган эди” дейди профессор Наврўзов.

“Тошкентлик эр-хотин “гаишник”ни калтакламоқчи бўлди”

Тошкентлик исми ошкор этилмаган эр-хотин йўл-патрул хизмати ходимини калтакламоқчи бўлди (“Ҳуқуқ”, 23 январь).

Ҳамза туман прокуратураси вакили Сарвар Аҳмедовга кўра, воқеа Тошкент шаҳри Паркент кўчасида рўй берган.

Айтилишича, транспортни бошқараётиб уяли алоқа телефонида гаплашган ҳайдовчи йўл-патрул хизмати ходими томонидан тўхтатилган.

Нозир қоидабузарлик учун далолатнома тузаётган пайтда ҳайдовчи унга ташланиб, хизмат кийимига тикилган кўкрак нишони ва далолатномани юлиб олган. Бу орада ҳайдовчи хотинига телефон қилиб, уни ҳам ёнига чақирган.

Ҳамза туман прокуратураси вакили Аҳмедовга кўра, эрига ёрдамга келган хотин йўл нозирининг кийимига жиддий зарар етказган. Эр-хотинга кучи етмаслигини англаган йўл-патрул хизмати ходими ҳамкасбларига хабар берган. Ушбу ҳолат юзасидан эр-хотинга жиноий иш қўзғатилган.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган оёқ кийимлар камлиги танқид қилинди”

Ўзбекистоннинг пойафзал бозорини Европа ва Осиё мамлакатлари, хусусан, Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эгалламоқда (“Новий век”, 23 январь).

150 минг сўмдан бир неча миллион сўмгача баҳода сотилаётган оёқ кийимлар эса аксар фуқароларга қимматлик қилмоқда. Йигирма йилча аввал оёқ кийим ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлган ва яқин хориж мамлакатларида ўзбек пойафзали анча харидоргир бўлиб келган. Бугун эса маҳаллий бозор хориж брендлари томонидан забт этилган. Газета “Ўзбекчармпойабзал” уюшмасининг “доно мансабдорлари”ни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, бу борада амалий чоралар кўришга чақиради.

“Қирғизистонга “жононга борган” ўзбекистонлик йигитлар чегарада ушланди”

Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи тўрт нафар ўспирин Қирғизистондан – севган қизлари билан учрашувдан қайтаётганида қўлга олинди (“Диёнат", 23 январь).

1993 йилда туғилган Нозимжон Эргашев, 1994 йилда туғилган Йўлдошхўжа Эргашев, 1995 йилда туғилган Иброҳим Жўрахонов ва Бахтиёр Мўминовларни Қирғизистоннинг Ахси қишлоғидаги севган қизлари учрашувга чақирган.

Тўртовлон чегарачилардан яшириниб, ўрмон хўжалиги орқали Қирғизистонга ўтишган. Бир кеча тунаб ортга қайтаётган йигитлар чегарачилар томонидан ушланган.

Хабар берилишича, тўртовлон ўспирин Жиноят кодексининг 223-моддаси бўйича айбдор деб топилган ва уларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йилдан ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG