Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:19

Украина муxолифати ҳукумат билан музокараларни тўхтатди


Украина мухолифати ҳукумат билан музокаралар жараёнини тўхтатиш ва Майдон ҳудудини кенгайтиришга қарор қилишди. Президент Янукович қўйган сулҳ шартларига кўра, намойишчилар зўравонликлардан тийилиб, кўчаларга ўрнатилган баррикадаларни олиб ташлашлари керак.


Намойишчилар ҳукумат шартларига рози бўлмади


Киевда намойишчилар ҳукумат тарафидан илгари сурилган вақтинчалик сулҳ шартларига рози эмасликларини билдиришди.

Пайшанба куни тунда Украина мухолифати етакчилари ва президент Виктор Янукович ўртасида ўтган учрашувда қўйилган шартларга кўра, намойишчилар зўравонликлардан тийилиб, кўчаларга ўрнатилган баррикадаларни олиб ташлашлари керак.

Украинанинг Ички ишлар вазири Виталий Захарченко агар сулҳ тузилса ҳуқуқ-тартибот органлари намойишчиларни ҳибсга олишни ва уларни жавобгарликка тортишни тўхтатиши ҳақида баёнот берди.

Бундан ташқари, мамлакат Бош прокурори сўнгги бир неча кун давомида ҳибсга олинган намойишчиларни озод этиш аризаси билан судларга мурожаат қилишини маълум қилди.

Бироқ ҳибсга олинган намойишчилар амнистияга тушмаслиги ва келажакда барибир жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сулҳ шартлари президент Виктор Янукович ва мухолифат раҳбарлари Арсений Яценюк, Виталий Кличко ва Олег Тягнибок ўртасида ўтган сўзлашувлар пайтида эълон қилинган.

Украинада рўй бераётган воқеалар espreso.tv сайти томонидан жонли эфирда ёритилмоқда.



Киев: Намойишчилар вазирлик биносини ишғол қилди


Киевда намойишчилар Украина қишлоқ хўжалик сиёсати вазирлиги биносини эгаллади. Мустақиллик майдони яқинида жойлашган Крешатике кўчасидаги ушбу бино намойишчиларнинг исиниб олишлари учун ишлатилиши айтилди.

Gazeta.ua ёзишича, намойишчилар бинонинг деразаларини синдириб, ичкарига киришган. Ҳозирда намойишчилар вазирлик ишчи-хизматчиларини бино ичкарисига киритмаяпти.

Декабрь ойининг охирида намойишчилар Киевдаги шаҳар мерияси ва касаба уюшмалари уйини ишғол қилишган эди.


HRW Украина милицияси зўравонлигидан хавотир билдирди

Бугун Human Rights Watch Украинада милиция томонидан содир этилаётган калтаклаш ва бошқа зўравонлик кўринишидаги ҳужумлар бўйича жиддий текширув ўтказишга чақирди.

HRWнинг жума кунги баёнотида Украина милицияси Киевда 20 январь куни ҳибсга олинганлар, жумладан, 17 яшар намойишчи Михаил Нискогузни калтаклашда айбланади.

Киевдаги клиникалардан бирининг HRWга берган маълумотига кўра, 19 январь куни милиция ходимлари томонидан калтакланган 32 киши оғир жароҳатлар билан шифокорларга мурожаат қилган.

Шунингдек, HRW Евромайдон иштирокчилари Игорь Луценко ва Юрий Вербицкийнинг ўғирланиш воқеасидан ҳам хавотир билдирган. Иккала фаол ўғирлаб кетиб, қийноққа тутилгани хабар қилинган эди.

Вербицкийнинг жасади 22 январь куни Киев яқинидаги қишлоқлардан биридан топилган. Луценко эса оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.


** ** *** *** *** ** ** ** ** ** ** ** ** ** ** ** ** ** **

Чоршанба куни рўй берган тўқнашувларда 300га яқин одам жароҳатланди. Ички ишлар вазирлигига кўра, 75 киши қўлга олинган.

Пайшанба куни Янукович Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо билан телефонда суҳбатлашиб, Украинада фавқулодда вазият жорий қилинмаслигини ваъда қилган.

Айни пайтда Украинада сиёсий бўҳрон кескинлашаётган бир пайтда Киевга Европа Иттифоқи мулозимларининг келиши кутилмоқда.

ЕИ Комиссияси матбуот вакили Оливье Баййининг маълум қилишича, ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича олий комиссари Штефан Фюле жума куни Киевга сафар қилиб, Украина расмийлари билан музокара ўтказади. Бу музокаралардан кейин ЕИ ташқи сиёсати бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон ҳам келаси ҳафта Украинага ташриф буюриши мумкин.

Янукович билан телефон суҳбатида Баррозо яна бир бор Украинада зўравонликлар авж олаётганидан чуқур ташвиш билдирган ва бўҳрон ҳал этилмаса, Киевнинг ЕИ билан муносабатларига путур етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Аксилҳукумат чиқишлари ўтган йилнинг ноябрида президент Янукович Европа Иттифоқи билан эришилиши керак бўлган ҳамкорлик битимини кутилмаганда имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди.

Ўтган ҳафта Украина парламенти аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қоунунни қабул қилгани норозиликларни янада авж олдирди. Янги қонун чоршанба куни кучга кирди.
XS
SM
MD
LG