Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:02

Мутахассис: Ўзбекистонда ҳақиқий онлайн тўлов хизмати жорий қилингани йўқ


Ўзбекистонликлар асосан Amazon Интернет дўкони хизматларидан фойдаланмоқда, дейди мутахассис.
Ўзбекистонликлар асосан Amazon Интернет дўкони хизматларидан фойдаланмоқда, дейди мутахассис.

Ўзбекистонда Интернет орқали товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш тизими ибтидоий босқичда қолмоқда. Мутахассиснинг бу фикрлари президент Ислом Каримовнинг ўтган ҳафта вазирлар маҳкамаси мажлисида берган маълумотларга зиддир. Каримов ўз нутқида “товар ва хизматлар учун тўловларни Интернет тармоғи ва мобиль телефон орқали амалга ошириш тизими жорий этилди”, дея таъкидлаган эди. Ўзбекистон банк тизимида фаолият қиладиган мутахассис, президент берган бу маълумотни “анча бўрттирилган”, дея баҳолади.



Президент Ислом Каримов 17 январь куни Вазирлар маҳкамасининг 2013 йил якунларига бағишланган мажлисида қилган чиқишида Ўзбекистонда аҳолига хизмат кўрсатиш ва давлат идораларига доир молияви операцияларнинг Интернет усуллари кенг кўламда қўлланилаётганини иддао қилди.

Ўзбекистонда шу пайтгача “10 миллиондан зиёд пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб 2 миллион 500 мингтаси онлайн карточкалардир. Бугунги кунда телекоммуникация ва коммунал хизматлар учун тўловларни Интернет орқали тўлаш мумкин”, деди президент.

Унинг яна айтишича, “бундан ташқари, товар ва хизматлар учун тўловларни, банкдаги ҳисобрақамлари ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда, Интернет тармоғи ва мобиль телефон орқали, аҳолидан қўшимча воситачилик ҳақини олмасдан амалга ошириш тизими жорий этилди”

Ўзбекистон банк тизимида фолият юритадиган мутахассис президентнинг бу иддаолари бироз бўрттирилган дейди. Ўзини Аҳмаджон деб таништирган банк ходими шу пайтгача мамлакат ичида жисмоний шахсларнинг маҳаллий фирма ёки муассасалардан товарни онлайн тарзда сотиб олгани тўғрисида эшитмаганини айтади. Бундай хизмат йўлга қўйилган бўлса ҳам, бу ибтидоий босқичда деб айтиш мумкин, дейди мутахассис.

- Лекин хориждаги номи чиққан фирмалар, масалан Amazon Интернет дўкони каби тизимлардан ўзбекистонликлар карточкалари ёрдамида харид қилишмоқда. Amazon товарларини Ўзбекистонга юбормайди, лекин одамлар бунинг йўлини қилишмоқда. Масалан, Америкада тадбиркор йигитлар бор, Ўзбекистонда туриб буюртма берилган товарни ўша йигитларнинг адресига юборасиз. Кейин улар почта орқалими бошқа йўл биланми сизга товарингизни юборади. Лекин маҳаллий фирмалар ҳақида сўрасангиз, мен бундай хизматлар йўлга қўйилгани тўғрисида эшитганим йўқ, дейди банк ходими.

Лекин, дея қўшимча қилади у, Amazon ёки бошқа Интернет дўконлари Ўзбекистон банклари томонидан берилган карточкаларнинг ҳаммасини ҳам қабул қилавермайди.

- Баъзи корреспондентлик муносабатлари бўлган банклар карточкаси ўтади, лекин бунда ҳам муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Чунки бир одамнинг номидан жуда кўп харид қилинса, хавфсизлик мақсадида чеклаб қўйишлари мумкин, дейди банк ходими.

Ўзбекистонда хўжалик субъектлари учун чекланган онлайн тўлов тизими ишлай бошлаган, дея эътироф этади мутахассис. Лекин жисмоний шахслар майиший, коммунал ва бошқа турдаги хизматлар учун онлайн ёки телефон орқали ҳозирча тўловларни амалга ошира олмайди, дея давом этади у.

- Бу фақатгина хўжалик субъектларига тааллуқли, лекин жисмоний шахслар учун, манимча бу нарса тегишли эмас. Ҳозирча телефон орқали ёки уйингиздан туриб Интернет орқали пул ўтказиш бизда ҳозирча йўқ.

Масалан, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа хориж мамлакатларида Интернет ёки телефон орқали бундай тўловларни амалга ошириш тизими йўлга қўйилганига бир неча йил бўлди, дея қайд этади суҳбатдошимиз.

Президент Каримов ўз чиқишида “Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига электрон тижоратни кенгайтиришга доир таклифларни киритсин ва 2004 йилда қабул қилинган ва бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрласин”, дея топшириқ берди.

Товар ва хизматлар учун ҳақиқий онлайн тўлов тизими жорий қилинганида қандай қулайликлар яратилиши мумкинлиги келаси ҳафта чоршанба, 29 январь куни эфирга кетадиган OzodNavigator дастурида гап боради.
XS
SM
MD
LG