Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:35

Навоий театри артистлари қурилиш ишларига мажбурланмоқда


Навоий театрининг таъмиргача бўлган сурати.
Навоий театрининг таъмиргача бўлган сурати.
“Навоий номидаги опера ва балет театр маъмурияти ижодий жамоа ва техник хизматчилар билан яқинда ўтказилган мажлисда бир неча йилдан бери таъмирлаш ишлари битмаëтган театр биносини Мустақиллик байрамига қадар топшириш лозимлиги ва бу ишда бундан сўнг мунтазам суратда артист ва хизматчилар қатнашишини эълон қилди”.

Озодлик мухбирига бу ҳақда ўз исми сир қолиши шарти билан гапирган театр ижодий жамоси вакили айни кунларда Навоий театри биносининг мажбурий меҳнат жабҳасига айланганини таъкидлади.

“Уч кун бўлди бошланганига. Ўтган куни хор артистлари¸ опера қўшиқлари айтадиган артистлар¸ тахминан¸ ўттизтача одам чиқиб ишлади. Бугун (24 январь куни) театр артистлари билан бирга Маданият вазирлигига қарашли бошқа театр ходимлари ҳам чиқди. Расман “ҳашар” деб айтилаëтган бу қурилиш ишлари сентябргача муттасил давом этади¸ дейишаяпти”¸ дейди Навоий театри артистларидан бири.

Тошкент марказидаги Навоий театри биносининг мажбурий меҳнат марказига айлангани юзасидан тушган шикоятни ўрганган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алъянси раҳбари Елена Урлаева бу воқеа юзасидан Миробод туман Ички ишлар бўлимига арз қилганини айтади.

Ҳуқуқ фаолига кўра¸ бўлим расмийси мажбурий меҳнат юзасидан тушган шикоятни расмийлаштирган ва унинг ўрганиб чиқилишини билдирган:

- Уч кун бурун бошланган бу мажбурий меҳнат¸ албатта¸ театр жамоасининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Булар ижод одамлари. Улар овози¸ қадди-қомати ва соғлиғини асраши керак. Бунинг ўрнига уларни цемент тўлатилган қопларни ташиш¸ пол ва деворларни цементдан тозалаш¸ мебел кўчириб¸ супур-сидирга мажбурламоқдалар. Бу ўзбек опера ва балет санъатининг қоқ марказида артистларга кўрсатилаëтган ҳақоратдан бошқа нарса эмас¸ дейди Елена Урлаева.

Расмий раддия

Академик Катта театр артистларидан тушган шикоят юзасидан Озодлик мухбири театр маъмуриятига мурожаат қилди. Театр бош директори ўринбосари Илҳом Турсунбоев Озодлик билан суҳбатда театр ижодий ва техник жамоаси ҳашарга чиққани ва бу жараëнда ҳеч қандай мажбурлаш бўлмаганини таъкидлади:

- Театримиз уч йилдан бери реконструкцияда. Таъмир жуда чўзилиб кетди. Яқинда юқори давлат ташкилотлари томонидан текширув бўлди. Бинодаги аҳволни¸ подрядчиклар бажара олмаëтган ишлар¸ ҳамма жойнинг ифлослигини кўриб¸ улар ўзимизга “сизлар ҳам ëрдам беринг” деб мурожаат қилишди.

Шундан сўнг ҳамма театрлар кўнгилли равишда чиқиб¸ ҳашар қилишди. Ҳашар икки кун бўлди ва ҳозир тўхтади”¸ деди театр директори ўринбосари Илҳом Турсунбоев.

Театр маъмури таъкидича¸ 24 январь куни Елена Урлаевадан тушган ариза асосида қурилиш жойига келган Миробод туман Ички ишлар бўлими ходимлари бу ерда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатини топа олмай¸ қайтиб кетишган.

Озодлик билан суҳбатда Навоий театри артистларидан бири маъмурият ҳаммани ҳашар деб аталаëтган мажбурий меҳнатга чиқмаганлар¸ ëки бу буйруққа эътироз билдирадиганларнинг ишдан ҳайдалишидан огоҳлантирганини билдирди. “Шу боис мен ва бошқа санъаткорлар сизга очиқ гапиришдан чўчияпмиз”¸ дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Театр директори ўринбосари бу баëнотни ҳам инкор қилди:

- Хато гапиришаяпти. Мен бу ерда директор ўринбосариман. Чиқинглар¸ ëрдам беринглар¸ дейилди¸ ҳамма кўнгилли равишда чиқди. Бировга “бўшатамиз” деган гап бўлмади. Биз ўз театримизга хайрихоҳмиз.Таъмир тезроқ битишига¸ тоза бўлишига хайрихоҳмиз. Артистлар фақат ўз хоҳиши билан чиқади. Мажбурлаш ҳақида гап¸ бўлмаган гап¸ деди Озодлик билан суҳбатда Навоий номидаги миллий опера ва балет театри директори муовини.

Тошкент қоқ марказида болалар меҳнатга мажбурланмоқда

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева тарқатган хабарда уч йилдан бери таъмирдан чиқарилмаëтган Навоий театри биносидаги оғир қурилиш ва тозалаш ишлари вояга етмаган болалар¸ хусусан Эстрада-цирк коллежи ўқувчилари ҳам мажбуран жалб этилаëтгани айтилади.

Озодлик билан суҳбатда мазкур коллежнинг ўзини таништирмаган расмийси ўқувчилар Навоий театри биносидаги қурилиш-тозалаш ишларига чиқарилаяптими¸ деган саволга мутлақ тасдиқ жавоби берди:

- Конечно¸ ҳар куни чиқараяпмиз. Эрталаб ҳам¸ тушдан кейин ҳам¸ ўқиш бўлмаган пайтдаям¸ расписаниега қараб. Ҳар куни субботникка ўхшаган нарсага олиб чиқаяпмиз. Бу биздан уларга ëрдам. Бу иш Маданият ва спорт ишлари вазирлиги буйруғи билан бўлаяпти ва бошқа саволларингизни уларга беринг¸ деди Эстрада-цирк коллежи расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳукумати пахта мавсумида 18 ëшга тўлмаган ўқувчи-талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиб келаëтгани учун йиллардан бери халқаро майдонда жиддий эътироз ва танқидлар нишони бўлиб келмоқда. Тошкент ҳукумати ўзи қабул қилган халқаро келишувларга зид тарзда болаларнинг мажбуран меҳнатга жалб этилаëтганини инкор қилишга уринмоқда. Айни пайтда¸ пахта мавсуми тугаган қиш ойларида пойтахт қоқ маркази¸ шундоққина Мустақиллик майдони қаршисидаги Навоий театри биносида 18 ëшга тўлмаганларнинг мажбуран ишлатилаëтганини расмийларнинг ўзлари тасдиқлаб турибди.

Театр биноси ҳақида

Академик Катта театр биноси дунë архитектурасининг ноëб намуналаридан ҳисобланади. Футурист совет меъмори Алексей Шчусев (ленин мавзолейи ва Қозон вокзали биноси муаллифи) яратган бу обида Тошкент марказида 1948 йилда қад ростлаган ва ҳозирга қадар Ўзбекистонга келадиган хорижий меҳмон ва сайëҳларга исломий ва футуристик меъморлик синтези ўлароқ томоша қилиш тавсия этиладиган масканлардан биридир.

Уч йил аввал Қўқонда жойлашган қурилиш ширкатларидан бири билан тузилган келишув асосида театр биносида кенг кўламли таъмир бошланган. Театр артистларидан бирига кўра¸ Маданият вазирлиги ва театр маъмурияти раҳбарлари бу ширкат билан битмаган таъмирни битди¸ деб ҳужжат имзолаган ва бино таъмирдан чиқмай қолиб кетган. Ўзбекистон прокуратураси бу жараëндаги фирибгарликлар юзасидан тергов бошлаган ва норасмий манбаларга кўра¸ Навоий театри биносидаги бу таъмир икки вазирнинг ишдан кетишига асос бўлган.

Академик Катта театр собиқ бадиий раҳбари ва бош директори¸ миллий опера ва балет театри дарғаси саналган СССР Халқ артисти Бернора Қориева Озодлик билан суҳбатда¸ бугун Навоий театри биноси ва унинг ижодий вазиятидаги ҳолдан ҳайрону лол эканини айтади:

- Тафсилотларини билмайман. Лекин бу дурдона ва ноëб бинода таъмир ишларининг ўта шубҳали тарзда чўзилиб кетганидан хабарим бор. Бу бино ва бу театр жамоаси бир пайтлар Тошкентнинг фахри эди. Аммо бугунга келиб аввалги театрдан асар ҳам қолмади. Билганим¸ бу бинони на санъат ва на балет нималигини тушунмайдиганлар таъмирлаяпти. Фахримиз саналган бу бинодан ҳеч нарса қолмади¸ ҳисоб¸ дейди аччиқ билан ўзбек балети онаси саналган дунëга машҳур балерина.
XS
SM
MD
LG