Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Киевда яна тўқнашувлар, мухолифат Янукович истеъфосини талаб этмоқда


Украина президенти Виктор Янукович мухолифат талабларини бажариши ҳақидаги ваъдаларига қарамай Киев кўчаларида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар яна бошланиб кетди. Мухолифат энди президент Януковичнинг истеъфосини талаб этмоқда.

Украина пойтахти Киевда бугун тунда полиция ва аксилҳукумат намойишчилар ўртасида яна тўқнашувлар рўй берди.

Шаҳарнинг Грушевский кўчасида баррикадаларни тикиб олган намойишчилар автомобил балонларини ёқиб, полиция кучларига қарата тош ва ичига ёндирадиган суюқлик солинган бутилкаларни ирғитди.

Полиция бунга жавобан намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва бошқа воситаларни қўллади.

Ҳозир Киевда вазият нисбатан тинчиган.

Киевдаги норозилик акциялари ўтган ҳафта намойишларни қатъий чекловчи қонуннинг тасдиқланиши ортидан кучайиб кетди.

Президент Виктор Янукович мазкур қонун келаси ҳафта парламентнинг фавқулодда мажлисида қайта кўриб чиқилишини ваъда қилмоқда.

Шунингдек, Янукович ҳукумат таркибини ҳам ўзгартиришини ва ҳибсга олинган намойишчиларнинг авф этилишини ҳам айтди.

Мухолифат эса энди президент Янукович истеъфосини талаб этмоқда. Украинадаги Озодлик мухолифат партияси етакчиси Олег Тягнибок Киев майдонида баррикадаларни қуриб олган тарафдорларига қарата чиқишида фуқароларни мамлакатнинг яҳоли яшайдиган барча пунктларида мудофаа отрядларини тузиш ва ҳокимиятни ўз қўлларига олишга чақирди.

Олег Тягнибокни бошқа мухолиф партия етакчилари Виталий Кличко ва Арсений Яценюклар қўллаб-қувватлади.

Мухолифат Украинанинг бошқа шаҳарларидаги тарафдорларини ҳокимиятни ўз қўлларига олишга чақирди.

Айни пайтда Львов, Ивано-Франковск, Тернопол, Хмельницкий, Ровно ва Черкассда намойишчилар маҳаллий ҳокимият биноларини ишғол этди.

Украинада аксилҳукумат чиқишлари ўтган йилнинг ноябрида президент Янукович Европа Иттифоқи билан эришилиши керак бўлган ҳамкорлик битимини кутилмаганда имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди.

Шу пайтгача намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда юздан зиёд одам жароҳатланди.

Уч кун аввал Киевдаги тўқнашувларда уч намойишчининг ўқ отар қуролдан яраланиб ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Айни пайтда Украина ҳуқуқ-тартибот органлари Киев шаҳар ҳокимияти биносини назорат қилаётган намойишчилар гаровга олинган икки милиция ходимини қўйиб юбормаса бино куч билан ишғол қилиниши ҳақида огоҳлантирди.

Украина Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, кеча намойишчилар уч нафар милиция ходимига ҳужум қилган.

Уларнинг бири яраланиб, касалхонага ётқизилган. Икки нафарини намойишчилар гаровга олганлар.

Украина мухолифати милиция ходимларининг гаровга олиниши ҳақидаги расмий иддаолар ёлғон ва бу навбатдаги провокация эканини айтишди.
XS
SM
MD
LG